Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:44

Тожикистон Ислом уйғониш партияси "жиноий гуруҳлар тузганликда" айбланмоқда


Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий.
Тожикистон Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий.

Тожикистон Бош прокуратураси 4 сентябрь куни Душанбе ва Ваҳдатда террорчилик ҳаракатларини уюштирган генерал Абдуҳалим Назарзода Тожикистон Ислом уйғониш партияси лидери Муҳиддин Кабирий кўрсатмаси асосида ҳаракат қилгани тўғрисида баёнот тарқатди.

Тожикистон Бош прокуратурасининг “Ховар” агентлиги орқали тарқатган баёнотида Ислом уйғониш партияси лидери Муҳиддин Кабирий “20 дан ортиқ жиноий гуруҳ ташкил этган”ликда айбланган.

Баёнотда айтилишича, мазкур иш юзасидан Ислом уйғониш партиясининг 13 расмийси қўлга олинган. Улар орасида партия раисининг биринчи ўринбосари Саидумар Ҳусайний, партия матбуот котиби Ҳикматулло Сайфуллозода, партия фаоллари Раҳматулло Жобир, Зубайдулло Розиқ, Зарафо Раҳмонийлар бор.

Аввалроқ Озодлик радиоси тожик хизмати юқорида номи айтилган шахслар сўнгги бир кун ичида қўлга олингани, бироқ расмийлар бу борада изоҳ бермаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Россиялик таҳлилчи Максим Шевченко рус матбуотига сўнгги воқеаларни шарҳлар экан: “Биз жуда яхши тушунамизки, Ислом уйғониш партияси доктринасида ҳеч қандай жиҳодчилик йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Мен ҳукумат Ислом уйғониш партиясини тақиб қилишни тўхтатиши керак, деб ҳисоблайман. Акс ҳолда бундай сиёсат жиддий салбий оқибатларга олиб келади. Яъни жамиятдаги радикаллашувни кучайтиради, репрессиялар давом этадиган бўлса, партияга алоқаси бўлмаган одамлар ҳам исёнга кўтарилиши мумкин”, деб муносабат билдирди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик қўмитаси 16 сентябрь куни Ромит дарасида генерал Абдуҳалим Назарзода ҳамда унинг гуруҳига қарши махсус амалиёт ниҳоясига етганини билдирганди. Амалиёт натижасида 16 сентябрь куни собиқ мудофаа вазири ўринбосари Абдуҳалим Назарзода ҳамда унинг гуруҳига мансуб 10 киши ўлдирилгани айтилмоқда.

Тожикистон Бош прокуратураси баёноти эълон қилинишидан олдинроқ Ислом уйғониш партияси лидери Муҳиддин Кабирий Озодлик радиоси тожик хизматига берган суҳбатида расмий Душанбе генерал Назарзода уюштирган ҳужумларни партияга боғлашини ва бунинг ортидан Марказий Осиёдаги ягона расман рўйхатдан ўтган ислом партиясини тугатишга ҳаракат қилишини билдирган эди.

- Улар (ҳукумат) бу вазиятдан максимал даражада фойдаланмоқда. Расмий матбуот ўз версиясини аллақачон эълон қилиб бўлди, энди бу версияни Жиноят Кодексига мослаштириш қолди, холос. Мен партиянинг барча мулки мусодара қилинишига шубҳаланмайман. Мени фақат сафдошларимиз ва тарафдорларимиз тақдирига таъсир қилувчи репрессиялар нақадар кенг қамровли бўлади, деган савол ташвишлантирмоқда. Бугунги кунда одамлар қўрқувда яшамоқда, - деб айтган Муҳиддин Кабирий.

Жорий йилнинг март ойида Тожикистондан чиқиб кетган Ислом уйғониш партияси раиси Муҳиддин Кабирий хорижда бир қанча конференциялар ўтказганидан сўнг қайтиши ҳақида айтган эди. Бироқ партия сиёсий кенгашининг бир қанча вакили раис Тожикистонга қайтганидан сўнг жисмонан йўқ қилиниши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантирувидан сўнг, у вақтинча хорижда қолаётган эди.

Муҳиддин Кабирий 2006 йилда Саид Абдулло Нурийнинг вафотидан кейин партияни бошқариб келмоқда. Тожикистон Ислом уйғониш партияси собиқ СССР тугаганидан сўнг 1991 йилнинг кузида ташкил топган эди. Тожикистондаги фуқаролар уруши пайтида, 1993 йилда партия фаолияти тақиқланди.

1997 йилги ҳукумат ва мухолифат ярашуви келишувига биноан 1999 йилда расмий Душанбе яна ТИУП фаолиятига рухсат берган эди. 2015 йилнинг 28 августида эса Тожикистон Адлия вазирлиги партия фаолияти тўхтатилганини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG