Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:29

Қирғизистонда сайловчининг овози неча доллар?


Қирғизистондаги сиёсий партиялардан бирининг вакиллари сайловчилар билан учрашмоқда.
Қирғизистондаги сиёсий партиялардан бирининг вакиллари сайловчилар билан учрашмоқда.

Қирғизистонда 4 октябрда ўтадиган парламент сайловида иштирок этаётган 14 сиёсий партия мамлакатдаги ҳар бир сайловчи овози учун қаттиқ кураш олиб бормоқда. Айрим партиялар ўзлари учун овоз берадиган сайловчиларни топиб берган тарғиботчиларга минглаб доллар пул таклиф қилаётган бўлса, айрим партиялар қишлоқлар ва шаҳарлардаги маҳаллаларни ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда.

Жалолободдаги сайлов олди жараёнида фуқаролар орасида тушунтириш ишларини олиб бораётган тарғиботчилардан бири Озодлик радиоси қирғиз хизматига парламент сайловига ўз номзодларини кўрсатган сиёсий партиялар ташвиқот ишларини олиб бораётган одамларга 900-1000 доллар миқдорида пул таклиф қилаётганини айтиб берди:

-“Бир сайлов участкасидан бизнинг партиямизга овоз берадиган 200дан 500 гача одам топиб берсанг сенга бир ойда камида 50 минг сўм пул ўтказиб берамиз”, деган таклифлар бўлаяпти. Айрим партиялар эса тарғиботчилар топиб берган одамларни йигирмата-йигирматадан йиғиб, зиёфат қилиб беришаяпти, -деди тарғиботчи.

Қирғизистонда 4 октябрда ўтадиган парламент сайловларида иштирок этаётган 14 сиёсий партия тарғибот-ташвиқот ишларида аҳолининг ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилишга алоҳида аҳамият қаратаётгани ҳам айтилмоқда.

Сайловда қатнашаётган партиялардан бирининг фаоли Қанжар Мурзаев ўз партияси сайловчилар билан учрашган пайтда бира-тўла айрим муаммоларни ҳал қилиб кетаётгани, бунинг ортидан эса ўша ҳудудда яшовчи аҳоли овозини олишга умид қилаётганини айтди:

-Масалан, бир қишлоқда сув дамбаси йўқ экан. Бу қишлоққа 300 минг сўм ажратиб бердик. Бошқа бир қишлоқда ичимлик суви муаммоси бор экан. Бу қишлоққа ҳам 350 минг сўм пул ажратдик. Яна бир қишлоқда спорт зали қуриб беринглар, деб шарт қўйишди. Биз уларга аванс тариқасида спорт зал қурилиши учун кетадиган маблағнинг бир қисмини бериб келдик,- дейди Қанжар Мурзаев.

Бу суҳбатдошнинг сўзларига ишонилса, биргина партиянинг ўзи учта қишлоққа камида бир миллион сўм, яъни деярли 15 минг доллар маблағ ажратган. Қирғизистонда эса бу каби қишлоқлар юзлаб топилади.

Қирғизистонлик жамоат арбоби ва сиёсатчи Максат Жээнбеков сайловчилар сайлов арафасида партиялардан катта миқдордаги пулларни ундириб, ўзига ҳос равишда сиёсатчилардан ўч олмоқда, деб ҳисоблайди:

-Беш йил депутатлар халқни алдаб келди. Мана энди депутатликка номзодларни алдаш навбати халққа ҳам етиб келди. Ҳозир халқ ҳамма партияга “сизни ташвиқот қиламиз, сизга овоз берамиз”, деб ваъда бериб, барча партиялардан пул ундирмоқда. Одамлар очиқдан – очиқ, “Биз пул берганни сайламиз, мана бу ерга шағал тўктириб беринглар, мана бу йўлни асфальтлаб, мана бу ерга сув чиқариб беринглар”, деб талаб қўймоқда. Бошқа бир партия вакиллари келса, уларга ҳам “сайловда сизни қўллаймиз”, деб ваъда бериб, яна ижтимоий-маиший муаммоларини ҳал қилдириб олаяпти. Сайлов пайтида барча партияларга ваъда бериб қўйган халқимиз кимга овоз бериши ёлғиз Худога аён, - дейди Максат Жээнбеков.

Қирғиз матбуотининг билдиришича, жамоатчилик орасида муайян партиялар сайловда ўзи учун овоз берган сайловчининг ҳар бирига 5 минг сўмгача, яъни 72 долларгача пул ваъда қилаётгани ҳақида миш – мишлар пайдо бўлган.

Қирғизистонда парламент сайловлари 5 йилда бир марта ўтказилади. Навбатдаги сайлов 4 октябрга белгиланган. Сайловолди тарғибот – ташвиқот ишлари эса 4 сентябрдан бошланган.

XS
SM
MD
LG