Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:16

Мулозимлар "Ишани" сериалини қонунга зид деб топди


Ишани сериалидан сурат
Ишани сериалидан сурат

“Ёшлар” телеканалида эфирга узатилаётган “Сенга ошиқман” (Ишани) сериалини Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий ахборот воситалари мониторинг маркази зарарли, деб топди. Озодликка маълум бўлишича, агентлик хулосаси “Ёшлар” телеканали раҳбариятига етиб борган, аммо 22 сентябрь кунида ҳам сериал намойиш қилинди.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ маҳалла оқсоқолларидан тушган шикоятлар асосида Оммавий ахборот воситалари мониторинг маркази “Ёшлар” телеканалида намойиш этилаётган “Сенга ошиқман” сериалини тафтиш қилиш асносида Ўзбекистон қонунларига зид, деб топган:

- Халқ орасида "Ишани", дея танилган ва асл номи “Meri Aashiqui Tum Se Hi” сериали Экта Капур продюсерлигида “Balaji Telefilms” компаниясида суратга олинган. Ҳозир “Ёшлар” телеканалида намойиш этилаётган бу сериал бир қарашда Ранвир исмли ҳинд йигит тилидан ҳикоя қилинган муҳаббат киносига ўхшайди. Аммо, синчиклаб текширилганида мазкур сериал ғояси халқимиз менталитетига, миллий анъаналар ва оилавий қадриятларга зид бўлиб, унинг мазмуни ёшлар тарбиясига салбий таъсир этиши ҳақида хулоса чиқади, - дея таъкидлаган суҳбатдош мониторинг марказининг хулосасини Озодликка тақдим қилди.

Ëмон кино

Хулосада, жумладан, шундай дейилади:

“Мазкур сериал мазмуни Ўзбекистон Республикаси “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 14-моддасининг 3-хатбошиси (қонунга хилоф равишда ижтимоий онгга ахборот воситасида руҳий таъсир кўрсатишга, уни чалғитишга йўл қўймаслик), “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси, 5-хатбошиси (ёшлар орасида одоб-аҳлоқни бузишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракат ман этилади) ҳамда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 16-моддасининг 3-хатбошиси (...болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи... фильмларни намойиш этиш тақиқланади) талабларига зиддир”.

Озодликка маълум бўлишича¸ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги хулосаси “Ёшлар” телеканали раҳбариятига етиб борган. Аммо, телеканал раҳбарияти “Сенга ошиқман” сериалининг тақдири нима бўлиши ҳақида Озодликка изоҳ бермади.

Яхши турма тарғиботи

Шу кунларда сериал намойиши давом этмоқда. Бундан олдин ижтимоий тармоқда Андижоний исмли блоггер “Ишани” сериали юзасидан “Ёшлар” телеканали раҳбарига очиқ хат ёзган эди.

Киноя услубида ёзилган ушбу мактубда сериал жиддий танқид қилинган:

“Телерадиоканал директори ҳурматли Хайрулла Боқижоновичга” дея бошланган бу кинояли мактуб муаллифи ўзбек қамоғи билан ҳинд қамоғини муқояса қилиш “имкони” учун раҳбарларга “миннатдорлик” билдиради:

Шу сериал туфайли биз Ҳиндистон қамоқхоналари қандай экани ҳақида маълумотга эга бўлдик. Дунёда энг шинам ва қулай қамоқхона Швейцарияда эмас, айнан ҳинд заминида эканини билиб олдик. Чунки фақатгина шу ердаги маҳбусхоналарга одамлар истаганча кириб-чиқиши, хоҳлаган одами билан мулоқотда бўла олиши мумкин экан. Биз бўлса, уни қудратли мамлакат деб, хомхаёл билан яшардик. Ҳақиқатни ошкор этганингиз учун ташаккур!” дейилади мактубда.

"Ишани васвасаси"

Бундан олдин “Оила даврасида” газетасида чоп этилган “Кўринмас уруш қурбони” номли мақолада “Сенга ошиқман” сериали танқид қилинади.

Мақолада иддао қилинишича, Самарқанд вилоятида 12 яшар бола картинадаги саҳналардан бирини жонлантиришга ҳаракат қилиб, дарахтга илинган сиртмоққа бўйнини тутиб берган ва тасодиф туфайли осилиб, жони узилган.

Бу танқидларга қарамасдан бутун Ўзбекистон бўйлаб "Ишани васвасаси" давом этаëтгани кузатилмоқда.

Қўшиқчилар фильм мусиқаларидан иқтибос олишса, қизиқчилар кино сюжетидан мавзу олишмоқда. Мактаб ўқувчиларининг ëзув дафтарлари устида ҳам Ишани сурати муҳрланган.

2015 йилнинг 10 август куни Қашқадарëда дунёга келган қизалоққа берилган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномада унинг исм-фамилияси Лутфуллаева Ишани Жаҳонгир қизи, деб ёзилган.

Гувоҳнома
Гувоҳнома

​Озодликда нусхаси мавжуд бўлган гувоҳнома пастки қисмида эса 2577-сон билан далолатнома қайд этилгани белгиланган.

​Эслатиб ўтамиз, ўтган давр ичида ўзбек оилаларида туғилган болаларга Брюс Ли, Чингачкук, Месси, Неймар, Дэвид Бекҳэм ва бошқа машҳур кино ҳамда сериал қаҳрамонлари, футболчиларнинг исм-шарифлари қўйилган.

Ишанисеварлар ҳужумга ўтди

Айни пайтда тармоқларда Ишанига қаршилар ва Ишани тарафдорлари ўртасида мухораба қизиган.

Ана шундай мунозаралардан бирига Абдулли исмли юзер якун ясаб, мана бундай фикр билдиради (матн таҳрирсиз чоп этилмоқда -таҳр.):

Ким нимани кўради, нима деб исм қўяди, бу ҳар бир кишининг шахсий иши. Масалан, менинг исмим Абдулла, бу ҳам ўзбекча эмас. Нега энди арабча исм қўйиш яхшию ҳиндчаси ёмон? Балким Ишанини кўриниши ёққандир... Ман бу фильмни умуман кўрмаганман, вактим камрок. Балким ростдан фильм бехаёдир, унда кўрманг. Лекин телевидение бу фильмни танлашига сабаб бордир.

Агар сиз халқ номидан мурожаат килиб халққа фойда келтиришни хохласангиз, маслахатим таълим вазирлигига мурожаат килинг. Уларга таълим сохасидаги муаммоларни айтинг. Мани наздимдаги муаммоларни санаб ўтишга афсуски вақтим йўк. Зора мурожаатингиз таъсир килиб одамларимиз билимлирок бўлсаю, тақлид килиш, терроризм, порахўрлик ва бошқа шу каби ривожланишимизга тўсқинлик қилаётган иллатлардан қутулсак”.

XS
SM
MD
LG