Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:16

Чирчиқда пахтага пул бермаган ўқувчиларга мактабдан ҳайдаш таҳдиди қилинаяпти


Чирчиқлик ота-оналар ҳисоб-китобича, мактабда 1 ойда 170 минг сўмгача пул йиғилади.
Чирчиқлик ота-оналар ҳисоб-китобича, мактабда 1 ойда 170 минг сўмгача пул йиғилади.

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг 18-сонли мактабида ҳар бир ўқувчидан пахта учун 12 минг сўмдан пул йиғилмоқда. Мактаб раҳбарияти йиғилган пул ўқитувчиларнинг ўрнига пахта терадиган мардикор ёллаш учун сарфланишини айтган. Ота-оналарнинг Озодликка айтишича, мактабда турли баҳоналар билан пул йиғиш одатга айланган ва пул беришдан бош тортганларнинг болаларини мактабдан ҳайдаш билан таҳдид қилинмоқда.

"Ўқувчидан ўқитувчининг пахтаси учун пул йиғилаяпти"

Чирчиқ шаҳрида яшовчи бир гуруҳ ота-оналар Озодликка мурожаат қилиб, 18-мактаб ўқувчиларидан пахта учун пул йиғиш бошланганидан шикоят қилишди:

“Ҳар бир ўқувчига пахта учун 12 минг сўмдан олиб келиш топширилди. Пулни ой охиригача олиб келиш айтилди. Бу пул ўқитувчилар ўрнига пахтага борадиган одамларга берилар экан. Ўқитувчилар дарс ўтишни тўхтатмасдан мактабда қолади. Лекин уларнинг ўрнига пахтага одам жўнатиш керак экан. Шу пахтага кетадиганларга тўланадиган пулни ўқувчилардан йиғишмоқчи”, дейди чирчиқлик ота-оналардан бири ўзини ошкор қилмаслик шарти билан.

Мактаб ходимларидан бирига кўра, пахта учун ўқитувчиларнинг ўзидан ҳам пул йиғиш топширилган:

“Ўқитувчиларнинг ойлигига қараб пахтага пул бериш айтилди. Кимдан 200 минг, кимдан 300 минг сўм. Менимча пул етмагани учун ўқувчилардан ҳам пул йиғишаяпти. Мактабда 530 нафар ўқувчи ўқийди. Ўқувчиларнинг ўзидан 6 миллиондан зиёд пул йиғиш мумкин пахта учун”, деди исмини айтмасликни сўраган мактаб ходими.

"Йиғ-йиғ жонга тегди"

Ота-оналар шикоятига кўра, мактабда турли хил сабаблар билан пул йиғиш йил давомида кузатилади:

“Ота-оналар фондига 6000 сўмдан ҳар ойда йиғилади. Ҳозир уч ойлигини бирдан сўрашган. Кўпчилик 3000 сўмга туширишни илтимос қилди. Лекин директор Насиба Ёдгорова рози бўлмай, "6000 сўмдан бериш мажбурий" деб таъкидлади”, дейди Озодлик билан суҳбатда ўқувчилардан бирининг отаси.

Бошқа бир ўқувчининг онаси жорий йилда боласини биринчи синфга берганини айтиб, бир ой ичида мактабда нималарга пул йиғилганини ҳисоб-китобини чиқаришга уринди:

“Боламни 1-синфга ёздиришга олиб борганимда бир банка краска сўрашди. Кейин 3-қават залининг пардасини олиш учун ҳар бир боладан 30 минг сўмдан олишди. Инглиз тили хонасини жиҳозлашни ҳам тўла ота-оналар зиммасига юклашди. Кейин ҳовлига гул экиб берар эканмиз. Яна обунага 5000 сўм, ўқитувчилар кунига 5000 сўм. Ҳаммаси мажбурий. Ҳар бир ўқувчининг ота-онаси шу пулни беришга мажбур”, дейди ўғли биринчи синфда ўқиётган чирчиқлик она.

Ота-оналарнинг айтишича, бошланғич синф ўқувчилари учун яна кунига 2500 сўм пул бериш лозим:

“Группаси учун 1000 сўм. Ҳар куни болаларни дарсдан сўнг олиб қолиб, 2 соат қўшимча шуғулланишади. Шунга олишади. Кейин овқатига кунига 1500 сўм мажбурий олинади. Лекин барибир уйдан ейишига у-бу бериб юборамиз. Мактабда берадиган овқатига қорним тўймайди дейишади болалар”, дейди яна бир чирчиқлик.

"Пул бермасанг, болангни мактабдан олиб кет"

Ота-оналар иддаосига кўра, мактаб раҳбарияти пул йиғиш жараёнига қаршилик билдирганларга боласини мактабдан ҳайдаш билан таҳдид қилишган:

“Ҳар куни пул-пул. Ота-оналар ҳисоб-китоб қилдик. Бир ойда 150 минг, 170 минг сўм пул йиғишаяпти мактабга. Кўпчиликнинг 3-4та боласи ўқийди. Уларга бунча пулни тўлаш қийинда. Шикоят қилиб, директор ёнига кирганларга “Пул бермаганлар боласини мактабдан олиб кетсин”, деган гапни қилишди. Яна пул йиғишга қаршилик қилганларнинг болаларини охирги партага ўтказиш билан жазолашди ҳам. Мактаб фонди учун кам таъминланган оилалар маҳалладан қоғоз олиб борса ҳам инобатга олмади. Қоғозинг ўтмайди, пул тўлашинг мажбурий дейишган. Ҳамма қийналиб яшаяпти. Нарх-наво қиммат бўлса”, дейди боласи ушбу мактабда ўқийдиган ота-оналардан бири.

"Мактабда ҳеч нарсага пул йиғилмайди"

Озодлик мактаб директори Насиба Ёдгорова билан боғланганида, у ота-оналарнинг пул йиғиш ҳақидаги барча иддаоларини бутунлай инкор қилиб, мактабда умуман бирорта ҳам нарса учун пул йиғиш йўқлигини таъкидлади.

- Пахта учун ҳеч кимдан пул йиғаётганимиз йўқ. Ҳем кимдан. Даже айтганимиз ҳам йўқ, пахта деб ота-оналарга. Мактабда умуман пул йиғилмайди. Овқатлантиришади ота-оналар, болалар ошхонада иссиқ овқат ейишади. Ота-оналар комитетлари ишлашади. Ман қўлимга умуман пул ҳам ушламайман. Биринчи синфимизга худо хоҳласа, салкам 10 миллион сўмлик нарса олдик. DVD олдик, видео проектор олдик. Экран олдик, ноутбук олдик 2та.

Озодлик: Бу нарсаларга пулни қаердан олдингиз?

- Таълим таъминоти берди. Мен сизга гарантия қўйиб айтаман. Бизда 160-170 минг сўм ҳеч қачон йиғилмаган, йиғилмайди ҳам,- деди мактаб директори Насиба Ёдгорова.

"Албатта чора кўраилади"

Озодлик Чирчиқ шаҳар халқ таълими бошлиғи Тамара Йўлдошова билан ҳам боғланиб, 18-мактаб билан боғлиқ ота-оналарнинг шикоятига изоҳ сўради.

- Мен ваъда бераман. Ҳайитдан кейин ўқитувчилари, ота-оналарини ҳам чақириб, ота-оналар комитети, ҳар-бир синфдан энг камида ўнтадан ота-онасини, маҳалла раисини чақириб йиғилиш қиламан. Мана шунақа муаммо чиқиб келаётган бўлса, мен унга чора кўраман,- деди Тамара Йўлдошева.

Оддий ўзбекистонликлар¸ қолаверса¸ халқаро таҳлилчилар таъкидича¸ Ўзбекистон маориф ва олий таълими бу мамлакатдаги энг коррупциялашган тизимлардан саналади.

Мактаблардаги турли баҳоналар билан пул йиғиш ҳақидаги шикоятлар эса деярли ҳар бир мактабда учраши кузатилади.

Жумладан, ўтган ҳафта Қўқон ва Марғилон мактаблари китоб ижараси учун ҳар ўқувчидан 30 минг сўм талаб қилаётгани хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG