Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:38

Пахтага юборилган Ирригация институти талабаси қаттиқ калтакланди


Сирдарë вилояти Сайхунобод туманидаги 18-мактаб биносида ëтиб пахта тераëтган Тошкент Ирригация институтининг Сув хўжалигини автоматлаштириш ва механизациялаш факультетининг 2-курс талабаси Илҳом Режавалиев маҳаллий мардикорлар томонидан калтакланди. Жағ суяги синиб¸ боши лат еган талабани аввалига Гулистон¸ сўнгра Тошкентдаги Тиббиëт академияси касалхонасига олиб келган институт маъмурлари¸ яқинларига кўра¸ операция қилинган талабани ўз ҳолига ташлаб қўйган.

Илҳом Режавалиев¸ янги ўқув йили бошланиши билан ўқиш ўрнига Сирдарë вилоятининг Сайхунобод туманига пахта теришга ҳайдалган минглаб талабадан бири.

Яшаш учун шароит деярли бўлмаган маҳаллий мактаб биносида ëтиб-тураëтган талаба Қурбон ҳайити арафасида 23 сентябрь куни тунги 10:30 лар атрофида мактаб яқинидаги хонадонлардан биридаги ҳаммомга борган. Бошқа шерикларидан орқада қолиб¸ëтоқ жойига қайтаëтганда¸ Илҳомжонни маҳаллий йигитлар гуруҳи тўхтатган¸ дейди талабанинг акаси Ҳалимжон:

- Олдидан иккита бола чиқиб¸ қаерда турибсан¸ неча кишисанлар¸ деган гаплар билан йўлини тўсган. Гапга тутиб турганда бошқалари келиб Илҳомжоннинг чап томонидан туриб юзига мушт билан уришган. Биринчи зарбанинг ўзидаëқ жағ суяги икки жойидан синган. Кейин қолганлари уриб-тепган¸ Илҳомжон чўмилиб чиққан хонадонга қараб қочган. Уй эгалари чиққандан кейин¸ улар қочиб кетган¸ Илҳомжон бир аҳволда мактабдаги пахта штабигача борган¸ дейди талабанинг акаси.

Домлаларнинг айтишича¸ укамни биринчи ëрдам кўрсатиш учун Гулистондаги касалхонага олиб боришган¸ фақат тунги соат 1:30 дан кейин калтаклаганларни топиш учун ички ишларга воқеа ҳақида хабар беришган¸ деб давом этади Илҳомжоннинг акаси.

- Эртаси куни соат кечки 4-5 гача операцияга муҳтож¸ кучли оғриқдаги укамни мактабда олиб ўтиришган урган болаларни ушлаймиз деб. Бир сутка ўтиб¸ замдекан ўзининг машинасида уни Тошкентдаги эски ТошМИга олиб келган ва бу ерда операция қилишган. Шу бўйи институтдагилардан ҳам¸ урган болаларни ушлаган Сайхунобод ички ишлар бўлимидагилардан ҳам дарак йўқ. Укамнинг аҳволини яхши деб айта олмайман. Ҳаммасига ўзимиз югураяпмиз¸ ҳозиргача 600-700 минг сўм дорига сарфладик. Замдекан ректорнинг ҳам хабари бор¸ ҳамма билади¸ деган бўйича йўқ. Укамни пахтага олиб чиққан институт масъулку бу аҳволга! дейди Илҳомжоннинг акаси.

Унга кўра¸ оғир зарбадан уч кун ўтган бўлишига қарамай¸ талабанинг на боши ва на ички аъзолари текширилмаган. Яқинлари темир буюм билан калтакланган Илҳомжоннинг жағидан бошқа жойларига ҳам шикаст етган бўлишидан қаттиқ хавотирда.

Илҳомжон ўқийдиган инстутут ходимлари унинг яқинларига воқеадан шахсан ректорнинг ўзи хабардор¸ деган бўлса¸ Озодлик мухбири билан суҳбатда Ирригация институти ректорати телефонига жавоб берган ходим бу воқеадан бехабарлигини билдирди.

Воқеа тафсилотларини суриштирган Озодлик суҳбатдоши Илҳомжон аҳволидан зудлик билан хабар олиш¸ айни пайтда¸ унинг калтакланиши юзасидан очилган тергов жараëнини ҳам яқиндан кузатишни ваъда қилди.

Бу суҳбат ва пахтада калтакланган талаба ҳақидаги мақола эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб Илҳомжоннинг яқинлари Озодликка факультет маъмурияти ва Сайхунобод туман ички ишлар бўлими расмийлари ўзлари билан боғланиб¸ эртага Илҳомжоннинг ҳолидан хабар олиш учун касалхонага келишларини билдирганини маълум қилди.

Яқинлари таъкидича¸ Сайхунобод милицияси Илҳомжонни калтаклаганларнинг ҳаммасини ушлаган¸ улар қилмишига иқрор бўлган. Талабани калтаклаган йигитлар¸ терговчи иддаосича¸ ҳайит арафасида Тошкентдан қайтган мардикор йигитлар бўлган. Ҳозирча маҳаллий йигитларнинг талаба йигитни нима учун калтаклаганига оид аниқ изоҳ йўқ.

XS
SM
MD
LG