Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:44

Шаҳрихонда карусель ағдарилиши оқибатида 4 ўқувчи жароҳатланди


Андижон вилояти Шаҳрихон туман марказидаги маданият ва истироҳат боғида чархпалак ағдарилиши оқибатида жароҳатланган тўрт нафар ўқувчи касалхонага ётқизилди. Жароҳатланганларнинг барчаси қизлар бўлиб, улардан бири мактаб ўқувчиси, уч нафари эса коллежда ўқийди. Шаҳрихон масъулларига кўра, чархпалак ноқонуний қурилгани аниқланган.

Воқеа 28 сентябрь куни туш пайти содир бўлган. Воқеадан хабардор шаҳрихонлик манбага кўра, чархпалак ағдарилган пайти унинг устида саккиз нафар ўқувчи бўлган:

"Карусель кеча обед пайти соат бир яримларда ағдарилиб тушган. Каруселнинг устидаги саккиз боладан тўрттаси енгил жароҳат олган. Уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган. Лекин каруселдаги яна тўрт боланинг жароҳати оғир бўлган. Улар касалхонага ётқизилган. Ҳаммаси қиз болалар экан", деди тафсилотлардан хабардор шаҳрихонлик манба.

Шаҳрихон туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, жароҳат олган қизлардан бири 14 яшар ўқувчи бўлиб, у Шаҳрихондаги 37-сонли мактабнинг юқори синфида ўқийди.

Жароҳатланганларнинг икки нафари Шаҳрихондаги Саноат-транспорт коллежининг 2-курс ўқувчилари, яна бири Педагогика коллежида ўқийди.

Шаҳрихон туман ҳокимлиги масъулларига кўра, жароҳатланиб касалхонага ётқизилган ўқувчилардан уч нафари шифохонадан чиқарилган, фақат бир нафарини даволаш давом эттирилаяпти:

"Болаларнинг ҳолати қониқарли. Барча мутахасислар уларни тўла тиббий кўрикдан ўтказди. Ҳаммаси ҳушида. Учтасини аллақачон шифохонадан чиқардик. Фақат биттаси ётибди. Унга ҳам эртага жавоб беришса керак. Ваҳима қиладиган ҳеч нарса йўқ. Ўзимиз назорат қилаямиз", деди Шаҳрихон туман масъулларидан бири.

Лекин Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмасидаги Озодлик манбаси ҳокимлик масъулининг бу гаплари ҳақиқатдан узоқлигини айтди.

Манбага кўра, шифохонага ётқизилган тўрт ўқувчининг ҳаммаси 29 сентябрь куни ҳам шифохонада ётибди ва уларни даволаш камида яна бир ҳафта давом эттирилади.

Тиббиёт бирлашмасидаги манбанинг айтишича, жароҳатланган ўқувчи қизлардан бирининг умуртқа поғонаси синган. Шаҳрихон Саноат-транспорт коллежининг 2-курсида ўқийдиган 16 ёшли бу қизнинг елка суяги ҳам синган.

Манбага кўра, шаҳарнинг 37-сонли мактабида ўқийдиган 14 яшар ўқувчи қизнинг ҳам елка суяги синган. Қолган икки ўқувчининг эса боши ёрилиб, қўли синган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, ҳозирда чархпалакнинг ағдарилиши бўйича суриштириш ишлари давом этмоқда:

"Бу каруселни қурдирган тадбиркор ҳеч кимдан рухсат олмаган яъни карусель незаконний қурилган. На ҳокимиятдан ва на истироҳат боғи раҳбарияти томонидан берилган рухсат қоғози бор. Ҳали суриштирув давом этаяпти", деди ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба.

Андижонда бундан икки йил аввал ҳам аттракционлардан биридаги носозлик оқибатида тўрт бола жароҳатланган эди.

2013 йилнинг 8 май куни Андижон шаҳрида янги очилган “Камолот” ёшлар боғидаги аттракцион издан чиқиб кетиб, жароҳат олган тўрт бола шифохонага ётқизилган эди.

Ўзбекистондаги аксар истироҳат боғларига ўрнатилган аттаркционлар эски экани айтилади.

XS
SM
MD
LG