Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:11

Ўзбек жангарилари Қундуз ва Таҳҳорда олган ўлжасини мақтанди


Афғонистоннинг Қундуз ва Таҳҳор вилоятлари бир қисмини эгаллаб олганини иддао қилаётган ўзбек жангарилари қўлга киритган ўлжалари билан мақтанди. Қурол-яроғ, ҳукумат ва БМТдан қолган машиналар, эскирган "DELL" компьютери суратлари тармоқда тарқатилди. Шу йил июль ойида "Исломий давлат"га байъат берган собиқ ЎИҲ жангарилари Толиблар билан бир сафда жанг қилмоқда.

Ярим кунлик фатҳ

Афғонистонда Толиблар билан ёнма-ён жанг қилаётган "Хуросон лашкарлари" - ИДга байъат берган собиқ ЎИҲ жангарилари 1 октябрь куни тушдан кейин Таҳҳор вилоятидаги Хўжағор туманини ишғол қилгани ва бу фатҳга эришганларнинг аксарияти ўзбеклар эканини иддао қилди.

Telegram воситасида Озодликка боғланган жангарилардан бири Таҳҳордаги жангларда катта ўлжа - ғаниматни қўлга киритганини айтиб, мақтанди:

Хўжағорда олинган ғаниматлар, ўзини "Исломий давлат мужоҳиди", деб тақдим қилган ўзбек жангариси йўллаган сурат
Хўжағорда олинган ғаниматлар, ўзини "Исломий давлат мужоҳиди", деб тақдим қилган ўзбек жангариси йўллаган сурат

"Bugun tong soat 3 larda Tahhor viloyatining Ho'jag'or tumani va boshqa qishloqlar Islomiy Davlatimiz mujohidlari tasaruffiga o'tdi biznillah. G'animatlarning sano'i yuq. Marhamat rasmlarni tamosha qiling".

Хабарга илова қилинган суратларда афғон полицияси автомобиллари, АҚШ ҳарбий машиналари, парашютлар ташилган қоғоз қутилару ўтган асрдан қолган DELL компьютерлари ғанимат сифатида намойиш қилинди.

Таҳҳор вилояти ҳокимлиги Озодликнинг афғон хизматига берган маълумотида Хўжағор тумани 1 октябрь тонгида Толибларга бой берилганини тасдиқлади.

Хўжағорда олинган ғаниматлар, ўзини "Исломий давлат мужоҳиди", деб тақдим қилган ўзбек жангариси йўллаган сурат
Хўжағорда олинган ғаниматлар, ўзини "Исломий давлат мужоҳиди", деб тақдим қилган ўзбек жангариси йўллаган сурат

Аммо, шу куни тушдан сўнг Таҳҳор вилоятидаги ҳукумат қўшинлари ва Фуқаровий жангчи гуруҳлар Толибларни Хўжағордан қувиб чиқаришга муваффақ бўлди.

Бундай гуруҳлардан бирига раҳбарлик қилган афғонистонлик ўзбек, 70 яшар қўмондон Ҳожи Жамшид Лақай ярим кунда фатҳини дунёга мақтаниб улгурган Толиблар ярим соат ичида Хўжағордан қувиб чиқарилганини айтди:

- Биз тезда гуруҳларни тузиб, ҳаммамиз бир бўлиб Хўжағорни марказига кириб бордик. Ярим соатда қувиб чиқардик, Толиблар моторларига миниб, даштга қараб қочиб кетди. Жасадларини ҳам, жароҳатланганларни ҳам моторига ортиб қочди. Мен 70 ёшга кирган бир фахрийман. Жиҳодий уруш бошланганидан бери жанг қиламан. Кўп кўрдим бундайларни, - деди Озодлик билан суҳбатда Ҳожи Жамшид.

Маҳаллий аҳоли Толиблар арзон-гаров қўлга киритилган ғаниматларини ҳам ташлаб қочганини айтмоқда. Маҳаллий ҳокимият Таҳҳор теграсида ҳам Толибларга қарши ҳарбий ҳаракатлар давом этаётганини айтмоқда.

Қундуз ишғоли

Икки кундан буён Афғонистон шимолидаги йирик шаҳарлардан бири бўлган Қундуз шаҳри учун ҳам ҳукумат қўшинлари ва Толиблар ўртасидаги жанглар давом этмоқда.

Ўзбек жангарилари Facebook тармоғида тарқатган сурат
Ўзбек жангарилари Facebook тармоғида тарқатган сурат

Афғонистон Мудофаа вазирлиги 1 октябрь куни тарқатган баёнотида тунги амалиёт чоғида 150 жангари ўлдирилгани ва Қундуз шаҳри Толибондан тозаланганини айтди.

Вазирлик таъкидича, амалиёт пайтида тинч аҳоли вакилларидан ҳеч ким нобуд бўлмаган.

Айни пайтда Рейтерс агентлигига гапирган Толибон вакили афғон расмийлари Қундуз шаҳрини қайтариб олганига оид иддаони рад этиб, толиблар шаҳар марказида ҳукумат кучларига қарши курашни давом эттираётгани ва шаҳарнинг катта қисми ҳали ҳам сафдошлари назоратида эканини айтган.

Facebook тармоғида ўзбек жангариларига хайрихоҳлиги кузатиладиган манбалар ҳам Толибларнинг даъвосини қувватлаб, Қундуздан фоторепортаж эълон қилди. Бунда ҳам ўзбек жангарилари ғаниматларини мақтанди.

Ўзбек жангарилари Facebook тармоғида тарқатган сурат
Ўзбек жангарилари Facebook тармоғида тарқатган сурат

Суратларда БМТ, маҳаллий полицияга тегишли автомобиллар, ҳукумат ва хориж ҳарбийларига тегишли техникани эгаллаб ўтирган жангарилар акс этди.

Минтақада эканини иддао қилган ўзбек жангариларидан бири Қундуз ишғолида собиқ ЎИҲ, шу кунда "Ислом давлат"нинг Хуросондаги лашкарлари гуруҳи иштирок этганини тасдиқлади. Ундан олинган маълумотга кўра, "Қундуздаги Толиблар орасида ҳам ўзбеклар бор".

30 сентябрь куни Россия махсус хизматлари бу жангларда ўзбек жангарилари борлиги ҳақида қўлга киритган маълумотларини ошкор қилган эди.

Бағдодийга лашкар

Ҳозирда Афғонистондаги ўзбек жангариларининг маҳаллий Толиблар билан муносабати бироз тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

АҚШ, Европа давлатлари, Россия ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан "террорчи ташкилот" деб эълон қилинган собиқ Ўзбекистон Исломий ҳаракати шу йил Рамазон ойида "Исломий давлат" сафига ўтгани ва 1996 йилда тузилган ҳаракат тугатилиб, ИДнинг бир қисмига айлангани эълон қилган.

Бу баёнотдан икки ой ўтиб, Толиблар ўз раҳбари ва асосчиси Мулла Умар ўлганини тан олди ва унинг ўрнига мулла Ахтар Мансурни амир этиб сайлади.

2 август санаси билан тарқатилган баёнотида собиқ Ўзбекистон Исломий ҳаракати Толибларнинг янги раҳбарига байъат бермаслигини билдирган, аксинча, мулла Умарнинг 14 йил муқаддам ўлганини даъво қилиб, Толибларнинг амалдаги раҳбариятини "ёлғончилик, афғонпарастлик, қавмпарастлик"да айблаганди.

Толибларга иттифоқчи

Шундай вазиятда Афғонистондаги йирик террорчи гурҳлардан бири бўлган собиқ ЎИҲнинг Толиблар билан бугунги муносабати ҳақида Озодлик саволларига жавоб берган ўзбек жангариси: "Толиблар билан алоқа ўртача. Қундуз жангларида ҳам бормиз", деб жавоб берди.

Толибларга қарши 30 йилдан ортиқ курашган таҳҳорлик Ҳожи Жамшид ҳам ДАИШ (ИШИД)га байъат берган ўзбек жангарилар ва Толиблар ўртасида зиддият йўқ, демоқда.

- Таҳҳорда булар ҳамиша бирга, ДОИШ ҳам, Толиблар ҳам. Бир-бири билан жанг қилгани йўқ. Форёбда жанг қилди, деган гаплар ҳам нотўғри. Булар ҳамиша ҳукуматга қарши бирга жанг қилиб келади, - деди афғонистонлик 70 ёшли қўмондон.

Сўнгги маълумотларда ўзбек жангариларининг, асосан, Покистоннинг Жанубий Вазиристон минтақасида қолаётгани, шу йининг бошидан буён эса Афғонистоннинг шимолий қисмига ўтиб, Толиблар сафида ҳукумат қўшинларига қарши жанг қила бошлагани хабар қилинмоқда.

Форёблик ўзбек, 16 ёшидан буён Толибларга қарши жанг қилаётган 47 яшар Раҳмат Раис Озодликка берган интервьюсида вилоятда жанг қилаётган минг нафарга яқин Толибон жангариси орасида 100га яқини Ўзбекистондан борган ўзбек эканини аниқ биламан, деб даъво қилган.

Вилоятдаги Шўъролар кенгаши аъзоси бўлган Раҳмат Раис ЎИҲнинг Афғонистондаги жангарилари сони ҳақида аниқ рақамни тилга олган оз сонли манбалардан биридир.

Турли манбалар, жумладан ҳаракат ҳақида китоб битган покистонлик журналист Аҳмад Рашид, Афғонистон ва Покистон ҳудудидаги ЎИҲ жанггариларининг умуий сонини 200 нафардан 500 нафаргача, деб ҳисоблайди.

XS
SM
MD
LG