Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:11

Пахта кам тергани учун "жазо батальони"га жўнатилган бош врач далада жон берди


Бош врач вафот этишидан олдин Тошкентдан жўнатилган вакилнинг буйруғи асосида ҳибсга олинган
Бош врач вафот этишидан олдин Тошкентдан жўнатилган вакилнинг буйруғи асосида ҳибсга олинган

Жиззах вилояти Ғаллаорол туман шифохонаси бош врачи Юсуф Эсиргапов 9 октябрь куни пахта даласида юрак хуружидан ўлди. Озодликнинг аниқлашича, 53 яшар бош врач ўлимидан бир кун олдин пахта терими кампаниясининг боришини назорат қилиш учун Тошкентдан жўнатилган вакилнинг буйруғи асосида қисқа вақт ҳибсга олинган.

Озодликнинг Жиззах вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, касби бўйича кардиолог бўлган 53 яшар Юсуф Эсиргапов раҳбарларнинг тазйиқлари оқибатида оламдан ўтган.

"Эсергапов 9 октябрь куни соат бирларда пахта пунктидан қайтаëтиб, далада оламдан ўтди. Ўша куни у бетоб теримчига ордер ëзиш учун борган эди. Бундан олдин Эсергапов пахта нормасини бажармагани учун "штрафной батальон"да икки кун жазо ўтаган эди. Ғаллаорол туман ҳокими Азим Тўлабов ички низом чиқариб¸ пахта нормасини таъминлай олмаган раҳбарларни жазолайдиган баталъон ташкил қилган. Оддий тил билан айтсак, қамоқнинг бир тури. Тумандаги кўп раҳбарлар ўтириб чиқди бу жазо батальонида. Бош врач бўлиб ишлайдиган Юсуф Эсиргаповга бу жазо батальонида 2 кун ўтириш оғир ботган кўринади. Юраги бежо бўлиб вафот қилди"¸ дейди Озодлик манбаси.

Пахта кам тергани учун "жазо батальони"га жўнатилган бош врач далада жон берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:01 0:00
Бевосита линк

Озодликнинг аниқлашича, бош врач вафот этишидан олдин пахта терими кампаниясининг боришини назорат қилиш учун Тошкентдан жўнатилган вакилнинг буйруғи асосида ҳибсга олинган.

Пахта қурбонлари ҳақида туркум мақолалар эълон қилаëтган интернетдаги Eltuz.com нашрининг ëзишича, "Ғаллаорол тумани ҳокимлигида ўтган йиғилишда пахта нормасини бажармагани учун туман шифохонаси бош врачи Юсуф Эсиргаповни қаттиқ қалтаклагач, туман ҳокими ИИБ бошлиғига уни қамашга буйруқ берган".

Қамоқдан чиққанидан сўнг, қаттиқ стрессга тушган врач хасталаниб жон берган.
Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Ўктам Пардаевнинг айтишича¸ 9 октябр куни вафот этган Юсуф Эсиргапов пахта васвасасининг навбатдаги қурбони бўлди:

- Уни мажлисдан кейин олиб бориб икки кунга қамашган. Тошкентдан келган вакил унга қараб, нега шифохонадаги тиббиёт ходимлари кунлик 70 кг ўрнига 17-20 килодан пахта теришди, деб дўқ қилган. Бунга жавобан шифокор “Далада иккинчи терим бўлгани боис пахта кам. Пахта оз бўлса, қаердан тераман?” дея эътироз билдирган. Ана шундан кейин вакил ИИБ бошлиғига юзланиб, уни қамашга буйруқ бергани ҳақида гап сўзлар бор,- дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Ўктам Пардаев.

Озодликка маълум бўлишича¸ Ғаллаорол туман шифохонаси ходимлари Жиззах вилояти Дўстлик тумани 13-сонли совхозида пахта теришган.

“Юсуф Эсиргаповнинг жанозасидан кейин яна пахтага кетдик”¸ дейди Ғаллаорол туман шифохонаси ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра¸ пахтага оммавий сафаргарлик пайтида ўлганлар сони кундан-кунга кўпаймоқда.

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги собиқ “Москва” жамоа хўжалигининг ҳудудида 7 октябрь куни кечқурун юз берган автоҳалокатда тўрт киши ҳалок бўлган эди.

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси ходими 25 яшар Анвар Абдуллаев пахтадан қайтаётиб, автоҳалокатга учраб ҳалок бўлди.

Ҳалокат Анвар Абдуллаев ўтирган "Матиз" машинаси пахта ортилган трактор прицепи билан тўқнашуви натижасида рўй берганди.

XS
SM
MD
LG