Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:25

Немислар Термиз базасини тарк этишга қарор қилди


Жорий йил бошида Германия ҳукумати Тошкент билан Термиз ҳаво базасидан фойдаланиш муддатини узайтириш бўйича келишувга эришганини эълон қилганидан 10 ой ўтиб-ўтмай¸ немислар бу базадан чиқиб кетишга қарор қилди. ГерманияМудофаа вазирлигининг Озодликка билдиришича, Термиз базасига эҳтиёж қолмаган.

Германия қуролли кучлари жорий йил охиригача Ўзбекистоннинг Термиз шаҳридаги ҳаво базасини ёпади. Бу хабарни Озодлик билан суҳбатда Германия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби¸ подполковник Маркус Бек тасдиқлади. Унинг айтишича, Термиздаги немис ҳаво базаси 2015 йил 31 декабрь куни фаолиятини тўхтатади.

- Хабарингиз бор, Термиздаги аэропорт Афғонистондаги янги миссия доирасида юк ва одамларни ташиш учун фавқулодда вазиятлар учун заҳира вариант сифатида ишлатилган эди. Бу мақсад учун Термизда 25 нафарга яқин аскар жойлаштирилган. Лекин бу масалани ўрганиб чиқиб, немис контингентини ҳаво орқали ташиш ишларини бошқа ҳамкорларимиз ёрдамида амалга оширишимиз мумкинлиги ва шу сабабдан Термизда фавқулодда заҳира аэропортини ушлаб туришга ҳожат йўқлигини аниқладик. Термиз ҳаво базасини ёпиш қарори ана шу мулоҳазалардан келиб чиқди,- деди Бундесвер расмийси.

Айни пайтда Мудофаа вазирлиги расмийси¸ Тошкент ҳукумати билан келишувга асосан¸ чиқиб кетиш қарорига оид тафсилотлар жамоатчиликка эълон қилинмаслигини билдирди.

Шу йил бошроғида Ўзбекистон ҳукумати 2016 йил учун Термиз ҳаво базаси ижара ҳақини икки баробарга оширишни талаб этгани ва немислар бу масала юзасидан музокара олиб бораётгани ҳақида хабар қилинган эди.

Германиядаги нуфузли Der Spiegel газетаси апрел ойида тарқатган хабарга кўра, Ўзбекистон томони Термиз базаси учун йилига 35 миллион евро ўрнига 72,5 миллион евро тўланишини сўраган. Ўша хабарда Германия Мудофаа вазирлиги ҳаво базасидан фойдаланиш шартлари, хусусан нарх масаласида Тошкент билан савдолашаётгани ёзилган эди.

Айрим манбалар Термизни тарк этиш қарорига Тошкентнинг нархни оширгани сабаб бўлган.

Бундесвер матбуот вакили подполковник Маркус Бек Озодликнинг ўша хабарларни изоҳлаб бериш сўровига жавобан музокаралар 2016 йил эмас, 2015 йилги ижара хусусида бўлганини иддао қилди.

Немис ҳарбийси бу музокараларда нарх масаласи муҳокама қилингами, йўқми буни изоҳлашдан бош тортди.

- Ишончим комилки, Ўзбекистон ва Германия томонлари музокаралар тафсилотлари очиқланмаслиги борасида келишиб олганини яхши биласиз ва тушунасиз, деди подполковник Бек.

Германия Термиздаги ҳаво базасидан 2001 йилдан бери Афғонистон шимолида жойлашган немис ҳарбийлари таъминоти учун фойдаланиб келган. 2014 йил охирида НАТОнинг Афғонистонда жанговар миссияси тугаб, қўшинларнинг катта қисми олиб чиқилиши ортидан Термиз базаси халқаро коалициянинг 2015 йилда бошланган “Қатъий ёрдам” (Resolute Support) миссиясида иштирок этаётган 800 немис аскари таъминоти учун қолиши айтилган эди.

Германия қуролли кучларининг Хориждаги ҳарбий операциялар қўмондонлиги матбуот вакили Доминик Вуллернинг Озодликка айтишича, Афғонистон шимолидаги Мозори Шарифда жойлашган немис қўшинлари таъминоти бундан кейин тўғридан-тўғри Германиянинг Кёльн шаҳридаги ҳаво базасидан амалга оширилади.

- Ҳозирда ҳарбийларнинг Афғонистонга ҳаво орқали транспортировкаси Термизда тўхтамасдан амалга оширилмоқда. Яъни самолётларимиз Кёльндаги ҳаво базасидан тўғри Мозори Шарифгача учмоқда. Шунинг учун Термизда жойлашган аскарларимизнинг бир қисми Мозори Шарифдаги лагеримизга кўчади. Қолгани Кёльнга жойлаштирилади,- деди Германия қуролли кучларининг Хориждаги ҳарбий операциялар қўмондонлиги матбуот вакили Доминик Вуллер.

АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция 2001 йилда Афғонистонда ҳарбий амалиёт бошлаган пайтда тақдим этилган Термиз аэрдроми Иккинчи Жаҳон урушидан кейинГерманиянинг хориждаги илк ҳарбий базаси сифатида, Бендесвер учун муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Германия ҳарбийлари Термиздаги базага 2002 йил 15 февралида жойлаштирилган.

Дастлаб Германия ҳукумати база ижараси учун Ўзбекистонга ойига 240 минг евро ҳақ тўлаган.

2005 йилдан эса Германия айни база ижараси учун йилига 12 миллион 400 минг евро тўлаган.

Ўзбекистон ва Германия ўртасида 2011 йилда эришилган келишувга мувофиқ, Германия Термиз базаси учун тўланадиган йиллик ижара ҳақини 15 миллион 950 минг еврога кўтарган эди.

XS
SM
MD
LG