Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:36

Пахта режаси бажарилди. Ўзбекистон бу йил 550 минг тонна пахта толаси экспорт қилмоқчи


Ўзбекистон пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдалангани боис дунёдаги 150 чоғли ширкат ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.
Ўзбекистон пахта етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдалангани боис дунёдаги 150 чоғли ширкат ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

2015-2016 йилги мавсумда Ўзбекистон жаҳонда пахта толасини сотиш бўйича ўзининг 7 фоизлик улушини сақлаб қолади ва тақрибан 550 минг тонна тола экспорт қилади.

Бу ҳақда пайшанба куни Тошкентда очилган 11-халқаро пахта ярмаркаси доирасидаги конференцияда ёйинланмиш материалларда айтилган.

Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита маълумотларига кўра, бу мавсумда 29 фоизлик улуш билан АҚШ, 16 фоизлик улуш билан Ҳиндистон ва 10 фоизлик улуш билан Покистон пахта толаси экспорти бўйича етакчи мавқеларда қолади. Қўмита ҳисоб-китобига кўра, 2015-2016 йилги мавсумда жаҳонда пахта толасини ишлаб чиқариш 9,2 фоизга, яъни 23,9 миллион тоннагача қисқаради, истеъмол эса 2 фоизга, яъни 25 миллион тоннагача ошади.

Пахта бўйича халқаро консультатив қўмита пахтанинг асосий етиштирувчиларидан бири бўлган Хитойда толага талаб камайгани, айни пайтда АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Бразилия ва Ўзбекистонда юқори ҳосил кутилаётгани туфайли 1 фунт, яъни 450 грамм тола учун нарх 67-68 цент атрофида бўлиши тахмин қилмоқда.

“Ҳукумат янги ишлаб чиқариш корхоналари очиш ва пахта толасини қайта ишлаш қувватини ошириш ҳисобидан экспортни камайтириш сиёсатини олиб боришда оғишмай давом этмоқда”, деди Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги конференциянинг очилиш маросимида.

Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги маълумоти кўра, бу мавсумда ҳам ўзбек пахтасининг асосий харидори аввалгидек Бангладеш (29 фоиз), Хитой (26 фоиз), Жанубий Корея (7 фоиз) ва Эрон (5 фоиз) бўлади.

“Кейинги йиллардаги ўртача ҳосилдорликдан келиб чиққан ҳолда, 2015 йилги ҳосилдан биз 1 миллион тоннага яқин тола ишлаб чиқарилишини кутяпмиз”, дея иқтибос келтиради Газета.уз нашри “Ўзпахтасаноат” ассоциацияси раёсатининг раиси Фарҳод Омонов сўзларидан.

“Ўзбекенгилсаноат” ширкати маълумотларига кўра, 2015-2020 йилларда мамлакатда тўқимачилик соҳаси модернизацияси учун 1 миллиард долларга яқин маблағ ётқизилади. Дастур 2020 йилгача мамлакат ичкарисида толани қайта ишлаш ҳажмини 70 фоизга ошириш, тўқимачилик саноати маҳсулотлари экспортини эса 1,5 миллиард долларга чиқаришни кўзда тутади.

Ўзбекистонда ҳар йили 3,5 миллион тоннага яқин пахта хомашёси ва 1-1,2 миллион тонна пахта толаси ишлаб чиқарилади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон бу мавсумда хорижга камида 800 миллион долларлик тола сотиши мумкин.

Тошкентда Халқаро пахта ярмаркаси 2005 йилдан бери ўтказиб келинади. Бу ярмаркалар давомида Ўзбекистон шу кунгача 7 миллион тоннага яқин пахта толасини сотиш бўйича шартномалар тузган.

Ўзбек расмийлари пахта етиштиришда ютуқлардан баҳс этаётган бир пайтда оддий ўзбекистонликлар ҳамда ҳуқуқ фаоллари ҳукумат пахта режасини йилдан-йилга мисли кўрилмаган мажбурий меҳнат ва фермерларни жазолаш орқали бажарилганини таъкидлаб келмоқдалар.

Совет даврида Ўзбекистонда етиштирилган пахтанинг 70 фоизгача бўлган қисми машиналар ёрдамида териб олинган. Пахта мавсумида далаларда 50 мингтагача машина ишлаган. Ҳозир эса пахтанинг 90 фоизи қўлда териб олинади.

Ўзбекистон пахта етиштиришда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиши боис дунёнинг Target, Walmart, C&A, Marks&Spencer, IKEA, H&M, Tesco дохил етакчи ширкатлари ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган. Мажбурий меҳнатга барҳам берилмагунча, ўзбек пахтасини сотиб олишдан воз кечганини эълон қилган 150 чоғли ширкатнинг бозордаги умумий қиймати эса 1 триллион АҚШ долларидан ошади.

XS
SM
MD
LG