Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:32

Самарқанд, Урганч ва Фарғона шаҳарлари газдан тўлиғича узилди


Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин тушаётган бир пайтда мамлакатнинг аксар минтақаларида табиий газ таъминоти фавқулодда ёмонлашди. “Ўзтрансгаз” ширкати расмийлари газ йўқлигидан арз қилиб келган одамларга вазиятни об-ҳавонинг кескин совиб кетиши туфайли газ истеъмоли ҳажми ортгани билан изоҳламоқда.

Озодликка турли вилоятлардан келаётган хабарларга кўра, аҳолига шундоқ ҳам чекланган миқдорда бериб келинган табиий газ жорий ҳафта умуман тўхтатиб қўйилган.

Қишлоқ жойларида йиллар давомида одатий ҳолга айланиб улгурган газ тақчиллиги бу йил вилоят марказларига кўчди.

Жумладан, Фарғона, Жиззах, Самарқанд, Урганч шаҳарлари аҳолиси ҳафта бошидан бери газ йўқлигидан шикоят қилмоқда.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган фарғоналиклардан бири шаҳарда газ босими кескин пасайиб кетганини айтди:

- Гугурт билан ёқасиз, босим шу даражада паст, зўрға милтиллаб ёнади, ёнидан ўтсангиз ўчиб қолади, одамни шамолига ўчади-да. Кунлар совигандан кейин шунақа бўлиб қолди. Олдин бунақа эмас эди, дейди фарғоналик уй бекаси.

Жиззахлик Набижон ака вилоятда газ йўқлигидан касалхоналарда гўдаклар қийналаётганини айтади:

- Жуда совуқ, Бахмал тоғларига қор тушди. Газ йўқ. Одамлар қийналаяпти. Касалхонага бордим, ёш гўдаклар шамоллаб ётибди. Палаталар музлаб ётибди. Сал нарироқдаги ошхоналарда газ ловуллаб, ёниб ётибди. Новвойларни уйида ҳам ловуллаб газ ёниб ётибди, лекин аҳолида газ йўқ. “Бу қанақа бедодлик, сенатор ҳокимимиз нима қилиб ўтирибди” дейишaяпти. Ҳозир шунақа бўлса изғирин қишда нима бўлар экан? дейди Набижон ака.

Самарқандлик блоггер Тошпўлат Раҳматуллаев Facebook саҳифасида Ўзбекистоннинг иккинчи йирик шаҳри Самарқандда ҳам уч кундан бери табиий газ йўқлиги ҳақида ёзди.

Раҳматуллаевга кўра, шаҳар газ идораси шикоятчиларга тўлиб-тошган.

“Ўзтрансгаз” ширкати расмийлари арз қилиб келган одамларга юзага келган вазиятни об-ҳавонинг совиб кетиши туфайли газ истеъмоли ҳажми ортгани билан изоҳламоқда.

Ширкат мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистонда аҳоли эҳтиëжидан бир неча баробар кўп газ олинаётгани, 20 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган 4 ярим миллиондан кўпроқ уй-жой газ билан узлуксиз таминланаётганини айтди.

Айни пайтда ширкат расмийси айрим жойларда газ таъминотида узилишлар бўлаётганини ҳам тан олди:

- Айрим вилоят, туманларда одамлар қават-қават уйлар қуриб олган, кўпроқ газ талаб этадиган теплицалари бор, катта газ қувурлари орқали теплицаларига, уйларига ноқонуний газ олиб, иситиб ўтирганлар бор. Бунинг оқибатида¸ бошқаларга газ етмай қолаяпти. Газ таъминотидан бутунлай узилган қишлоқлар ҳам бор. У ерлардаги бир ярим миллиондан ортиқ истеъмолчига суюлтирилган газ етказиб беришни йўлга қўйганмиз, деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган “Ўзтрансгаз” ширкати расмийси.

Ўзбекистон йилига 70 миллиард кубометр газ қазиб олади. “Ўзтрансгаз” расмийларига кўра, шу газнинг 24 фоизи аҳоли эҳтиёжлари учун ишлатилади, 20 фоизи чет элга экспорт қилинади, қолгани мамлакат саноати учун ишлатилади.

Келгуси йилларда Ўзбекистон ҳукумати мамлакатга валюта тушумини кўпайтириш учун газ экспорт кўламини янада оширишни мўлжаллаяпти.

XS
SM
MD
LG