Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:57

Москвада 10 кун давомида мигрантлар текширилади


Москва кўчаларида паспорт режими сақланиб қолган
Москва кўчаларида паспорт режими сақланиб қолган

Россия пойтахтида нолегал мигрантларга қарши олиб борилаётган махсус амалиётлар давомида бир неча минг киши полиция бўлимларида текширувлардан ўтказилди, юзлаб муҳожир маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилди. Норасмий маълумотларга кўра, полиция, ФМС, автомобил назорати ва ФСБ ходимлари иштирокидаги рейдларга Москвада аёлларга нисбатан содир этилган қатор тажовузлар сабаб бўлган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу жиноятларга марказий-осиёлик меҳнат муҳожирларининг алоқаси борлигини иддао қилмоқда.

“Мигрант-2015” ўн кун давом этади

Москвада ноқонуний меҳнат муҳожирларини аниқлашга қаратилган “Мигрант-2015” рейдлари ўтказилмоқда.

2015 йилнинг 19 октябридан 29 октябригача ўтказилиши эълон қилинган махсус “тозалаш” амалиётларига Москванинг ФМС, ФСБ, автомобил инспекцияси ва полиция кучлари жалб қилинди.

Москва шаҳар Ички ишлар бошқармаси вакили Екатерина Девятова текширувларнинг асл сабабини бундай тушунтирди:

- Уларнинг ҳаммаси Москвага қўшни мамлакатлардан келган. Уларни давлатимизда бўлишининг қонунийлиги текширилади. Шунингдек, текширувнинг муҳим жиҳатларидан бири шуки, уларнинг пойтахтда содир этилган жиноятларга алоқадорлиги текширилади. Меҳнат муҳожирлари полиция бўлимларига олиб келиняпти ва тегишли текширувдан ўтказилмоқда, деди Екатерина Девятова.

Полиция ва ФМС бир неча кун аввал Заречная кўчасидаги кўп қаватли бино қурилишида 500 муҳожирни ушлаб, полиция бўлимига олиб кетган эди. Бугунга келиб Москванинг биргина Шимоли-Ғарбий округида 600 киши ушлаб қолингани, улардан 89 нафари маъмурий жавобгарликка тортилгани хабар қилинди.

Москванинг Жануби-Шарқий округида 21 октябрь кунининг ўзида 1600га яқин меҳмонхона, гараж кооперативлари, қурилиш зоналари ва подваллар текширилгани, “зачистка”да 700 дан зиёд МДҲ давлатлари, хусусан ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ушлаб қолингани айтилди. 23 октябрь куни Проспект Мира” кўчасидаги қурилишда ҳам 70 киши қўлга олиниб полиция бўлимига текширувга олиб кетилди.

Жанубий округда текширилган 3 мингга яқин объектдан полицияга 1056 мигрант олиб келинди ва бармоқ излари олинди. Округ полициясининг хабар қилишича, улардан 58 нафарига нисбатан мамлакатни тарк этиш тўғрисида ҳатто суд қарори ҳам чиқарилган.

19 октябр куни шаҳарнинг Парковая кўчасидаги ҳужжат текшируви пайтида полиция патрулига “қаршилик кўрсатгани, 50 ёшли полиция сержанти курткасини йиртгани ва погонини узгани” айтилаётган 32 ёшли Ўзбекистон фуқароси жиноий жавобгарликка тортилди.

Москва жамоат транспорти ва метрополитени, айниқса қаттиқ текширлаётгани эътиборлидир.

22 октябр куни метродаги текширувлардан бирида ушлаб кетилган ўзбекистонлик Абдураҳим Озодлик билан суҳбатда ўша куни ҳижобга ўранган қизи полициячилар эътиборини тортганини эслайди.

- Мени кеча соат 11 ушлашди. Биринчи полициячи аёл Новокузнецкий ичкарисида қизимга қаради. Энди поездга чиқиб кетамиз деяётсак, мендан эмас, қизимдан документ сўради. “Вояга етмаган!” десам ҳам “Где её документы?” Мен ФМСдан берилган справкамни ва қизимни метрикасини кўрсатсам, “Юринг текширамиз компьютердан”, деди. Ҳужжатларим жойида эканига қарамасдан дежурний частга олиб келди. У ерда 50 тача одам: афғонлар, ўзбек, тожик... Ҳаммасидан бармоқ изларини олди. Бечора афғонлар 3 ой бўлибди келганига, “Бизда уруш бўляпти!” деганига қарамасдан ҳаммасини депорт қилди! Асосан тожик ва афғонларга печать урди. Битта полициячи кириб, “Биттаси қолади, қолган ҳаммасини юртига жўнатворамиз!”, деди, дея гапириб берди муҳожир йигит.

“Мигрант-2015” оператив-профилактика амалиёти Москва полицияси бошлиғи Анатолий Якуниннинг буйруғи асосида ўтказилмоқда.

Оммавий текширувларнинг сабаби нимада?

Айни пайтда, Озодликка маълум бўлишича, куч ишлатар идоралари текширувларига Москвада сўнгги пайтларда аёлларга нисбатан содир этилган ҳужумлар сабаб бўлган. Маълум қилинишича, жиноятчилар асосан бир усулда “ишлаган”: орқадан келиб темир труба билан аёлларнинг бошига урган ва уларнинг қимматбаҳо буюмларини олиб қочган.

Асосан тунда содир этилган бу жиноятга маҳаллий изқуварлар айнан меҳнат муҳожирларининг алоқаси борлигини тахмин қилмоқда. Оператив маълумотларга кўра, тергов идоралари сўнгги тунаш пайтида ўғирланган қўл телефони Заречнаядаги қурилиш объектида ишга туширилганини қайд этган.

21 октябрь куни қурилишга қилинган рейд давомида Заречнаядан полицияга олиб келинганлардан иккитаси аёлларга нисбатан содир этилган талон-торожга алоқадорликда гумонланиб, қўлга олингани хабар қилинди.

- Москва Жиноят-қидирув бўлими ходимлари Шмитовский тор кўчасидаги уй ҳовлисида 14 октябрга ўтар кечаси маҳаллий аёлга қилинган ҳужум асосида икки шахсни ҳибсга олди. Тергов амалиёти давомида бу иккита Тожикистон фуқароси шу ердаги қурилишдардан бирида ишлаб келгани маълум бўлди. Ҳозирда уларнинг аёлларга қилинган ҳужумларга бевосита алоқаси борлиги ўз исботини топди, деди Москва шаҳар полицияси матбуот хизмати раҳбари Андрей Галиакберов.

Полиция расмийси 18 ва 20 ёшли тожикистонликлар бештача бундай жиноятда қўли борлигига иқрор бўлганини айтди.

XS
SM
MD
LG