Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:08

Тожикистонда экстремизмга қарши ғоя билан курашмоқчилар


Душанбедаги Россия-Тожикистон (славян) университетининг ҳуқуқшунослик факультети қошида Экстремизм ва террорчиликка қарши кураш бўйича илмий-тадқиқот маркази очилди. Марказ ходимлари ёшларнинг экстремистик ва террористик гуруҳлар тўрига тушиб қолиши олдини олиш учун улар орасида ахборот-профилактик ишларни олиб боришни мақсад қилган.

РТСУ қошида фаолият бошлаган илмий-тадқиқот маркази Тожикистонда бу йўналишда очилган илк марказдир.

“Ҳозир бутун дунёда ёшларни турли экстремистик ва террористик ташкилотларга тортиш ҳаракатлари амалга оширилаяпти, маънавий қадриятларнинг кўпи чўктирилаяпти. Марказнинг вазифаси махсус китоблар ва ўқув қўлланмалари, монографиялар, илмий мақолалар тайёрлаш, халқаро ташкилотлар ва республика ҳуқуқ-тартибот идоралари билан биргаликда брифинглар, конференциялар ўтказиш орқали бу қадриятларни қайта тиклашдир”, дея маълум қилди марказ директори, РТСУ Жиноий ҳуқуқ кафедраси мудири Валижон Абдуҳамидов.

Унинг айтишича, марказ Россия Таълим ва фан вазирлиги томонидан Славян университетларини ривожлантириш дастури доирасида молиялаштирилмоқда.

Илмий-тадқиқот маркази раҳбари Тожикистонда экстремизм ва террорчиликка қарши кураш тўғрисидаги қонунлар амалда эканини, Жиноят кодексида бу каби жиноятларни амалга оширганлик учун жазо кўзда тутилганини қайд этди.

“Террорчилик ва экстремизмдан ҳеч ким суғурталанмаган, чунки ҳатто Европадаги энг ривожланган давлатларда ҳам террор хуружлари содир этиб турилибди. Биз ёшларимизни тинч яратувчанлик йўлига йўналтириш орқали бунга қарши туришимиз лозим. Марказимизнинг асосий вазифаларидан бири бу соҳада илмий изланишлар олиб бориш, террорчилик ва экстремизм жабҳасида тегишли монографик тадқиқотларни тайёрлашдир”, деди Валижон Абдуҳамидов.

Бундан икки ой муқаддам Тожикистон Ички ишлар вазирлиги 15 нафар ёшдан иборат “Авангард” гуруҳини ташкил қилганди. Бу гуруҳни ташкил этишдан мақсад экстремизм ва террорчиликка қарши курашиш, тожик ёшларининг турли террористик ва экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетишининг олдини олиш экани айтилганди.

Тожик ёшлари фикрича, расмийлар қуруқ сўз ўрнига ёшларни муносиб маошли ишларга жойлаштириш ҳамда ижтимоий муаммоларга дуч келаётган ёшларга психологик ёрдам кўрсатиш билан шуғулланиши лозим.

Аввалроқ Россия-Тожикистон (славян) университети ректори Нурали Солиҳов ёшларнинг турли террористик ва экстремистик гуруҳларга қўшилиб кетаётганига сабаблардан бири сифатида мамлакатдаги таълим сифати пастлигини кўрсатганди. Солиҳовга кўра, янги марказга ёшларнинг дунёқарашини ўзгартириш учун асосий қуроли “сўз” бўлган юқори малакали ўқитувчилар жалб этилади.

Тожикистон расмийларига кўра, бугунги кунда 650 дан зиёд тожикистонлик террор гуруҳлари сафида Сурия ва Ироқдаги жангларда иштирок этиб юрибди.

Сентябрь ойи охирида Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Давлат Жумаев тожикистонлик фуқаролар Ямандаги жангларда ҳам иштирок этаётгани ҳақида маълум қилган. Жумаевга кўра, Бош прокуратура қошида мамлакат ташқарисидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этаётган тожикистонликлар ҳақида маълумот йиғиш билан шуғулланувчи махсус гуруҳ тузилган. Мулозим ҳозирги пайтгача бу гуруҳ томонидан жиҳод мақсадида мамлакат ташқарисига 113 оила чиқиб кетгани аниқлангани, улар орасида 119 нафари эркак, 117 нафари аёл, 70 нафар қиз ва 92 нафар ўғил бола борлигини қайд этди.

Тожик расмийлари Сурия ва Ироқдаги жангларда шу кунгача 200 чоғли тожикистонлик ҳалок бўлгани, 50 дан зиёд фуқаро ватанга қайтиб, афв қилинганини айтмоқдалар.

Тожикистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги аввалроқ террор гуруҳларини тарк этган ва ватанга қайтган фуқаролар, агар уларнинг хатти-ҳаракатида жиноят унсури бўлмаса, жиноий жавобгарликка тортилмаслигини билдиргандилар.

XS
SM
MD
LG