Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:30

Россиянинг "энг ҳалол вазири" Сергей Шойгу 18 миллион долларлик қасрга эгалик қилиши айтилмоқда


Сергей Шойгуга нисбат берилган Барвихадаги қаср Буддавий услубда қурилган
Сергей Шойгуга нисбат берилган Барвихадаги қаср Буддавий услубда қурилган

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу йиллар давомида ҳукуматдаги энг камтар ва ҳалол амалдор сифатида танилиб келган. Лекин афтидан, Шойгунинг ҳалол амалдор обрйига путур ета бошлаган кўринади. Мухолифат етакчиси Алексей Навальний бошчилигидаги Коррупцияга қарши кураш фонди Шойгуни яширин тарзда Москва яқинида 18 миллион АҚШ долларига тенг қасрга эгалик қилишда айбламоқда. Навальний командаси иддаоларига кўра обрўли вазир бу қимматбаҳо кўчмас мулкни яшириш мақсадида ўз оиласи аъзолари номларига расмийлшатирган.

Ҳарбий идорага бошлиқ бўлиб келишдан аввал Сергей Шойгу қарийб 20 йил давомида фавқулодда вазиятлар вазирлигини бошқарган пайтларда унинг фаолияти расмий матбуотда кўкларга кўтарилгани ҳам унинг обрўйига катта ҳисса қўшгани айтилади.

Шойгунинг 2012 йилда катта миқдордаги талон-торожда айбланиб ишдан ҳайдалган Анатолий Сердюковнинг ўрнига мудофаа вазири лавозимига тайинланишига ҳам унинг Россия ҳукумати мулозимларининг аксаридан фарқли ўлароқ коррупцияга аралашмаган амалдор сифатида танилгани асосий сабаб бўлди.

Навльнийнинг Коррупцияга қарши курашфонди 27 октябрь куни очиқлаган маълумотларга кўра, Москва яқинидаги ҳашаматли қасрлари билан машҳур Барвиха посёлкасида Сергей Шойгунинг майдони 9 гектар бўлган ҳовлиси жойлашган. Барвиха Россия сиёсий элитасига тегишли уйлар, жумладан Россия Президенти Владимир Путиннинг расмий резиденциясини ўз ичига олгани билан танилган.

Шойгу президент Путиннинг яқин сафдошларидан бири ҳисобланади
Шойгу президент Путиннинг яқин сафдошларидан бири ҳисобланади

Путиннинг яқин сафдоши ҳисобланган Шойгу Навальний бошчилигидаги фаоллар назарига тушган навбатдаги давлат амалдор бўлди.

Коррупцияга қарши кураш фонди фош қилган ҳашаматли қаср Буддавий ибодатхонага ўхшаш услубда қурилган, томларининг четлари юқорига қаратиб бурилган. Уйнинг бу услуби Шойгунинг ота ватани Мўғилистонга қўшни Тува минтақасига эҳтиром билдириши, дея талқин этилди.

Навальний командасида кўчмас мулк масалалрини тадқиқ қилиш билан шуғулланадиган Георгий Албуров очиқлаган ҳужжатларга кўра, 2009 йилда Шойгунинг қизи Ксения бу қасрнинг эгаси сифатида расмийлаштирилган. Ўша пайтда Ксения ҳали 18 яшар қиз бўлган.

“18 ёшли талаба Ксения Шойгу қандай қилиб 100 квадрат метри 100 минг АҚШ доллари, яъни жами 9 миллион АҚШ доллари турадиган ерга эга чиққани ноаниқ. Бу Россия Тергов қўмитасини қизиқтириши керак бўлган жуда зўр савол”, деб ёзди Албуров Интентетда эълон қилган блогида.

Албуровнинг ҳисоб-китобларига кўра, 9 гектар ер билан унда турган уйнинг умумий нархи 18 миллион АҚШ долларига тенгдир.

Георгий Албуров
Георгий Албуров

Албуров қўлга киритган маълумотларга кўра, Шойгунинг оиласи 2010-2012 йиллар учун топширган даромад декларациясида жами 2,66 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад кўргани айтилади. Бу эса Барвихадаги улкан ер майдонида қурилган ҳовлининг эҳтимолий нархидан анча камроқ эканига эътибор қаратмоқда фаол.

Албуров эълон қилган бошқа ҳужжатларга кўра, 2012 йилда кўчмас мулкнинг эгаси ўзгартирилади ва Елена Антипина исмли аёл номига расмийлаштирилади. Бу фамилия эса Шойгунинг хотини Иринанинг қизлик фамилияси билан бир хил экани, боз устига иккала аёлнинг ота исми Александровна бўлгани Коррупцияга қарши кураш фонди эътиборини тортади.

“Ҳаммаси равшан. Ҳашаматли ҳовли Шойгунинг қайнисинглиси номига расмийлаштирилган”, деб ёзди Албуров.

Россияда чиқадиган РБК газетаси Россия ширкатлар реестридан олинган маълумотга таяниб, Елена Антипина ҳамда Шойгунинг хотини ва қизи 2007-2013 йилларда “Барвиха-4” номли фирма эгалари рўхатида бўлганини хабар қилди.

Мазкур фирманинг бошқа эгалари орасида сенатор Юрий Воробьёвнинг хотини билан исми бир хил бўлган аёл ва Сергей Матвиенко исмли эркак борлиги аниқланди. Россия парламенти сенати раиси Валентина Матвиенконинг Сергей исмли ўғли борлиги маълум.

Албуровнинг айтишича, мазкур иш билан шуғулланган тадқиқотчи фаоллар Елена Антипинани ахтариб, унинг номига расмийлаштирилган 80 квадрат метрлик квартирага келишганда кўп қаватли уй олдида уларни Федерал Хавфсизлик хизмати ва Москва полицияси ходимлари тўхтатиб, “ўғрилик гумонлари” билан сўроқ қилгани олиб кетишган.

Унинг иддао қилишича, сўроқ пайтида полициячилар фаолларни Сурияда жанг қилаётган россияликлар тўғрисида маълумот тўплаётганлик ва бу маълумотларги “Исломий давлат” жангариларига бериш ниятида айблашган. Албуров иштирокидаги гуруҳга ўз ихтиёридаги маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирув ҳам берилган.

Албуровнинг тахмин қилишича, тергов идоралари Коррупцияга қарши кураш фонди идорасига эшитув мосламаларни ўрнатган ва шу орқали Шойгуга доир кўчмас мулк ҳақидаги маълумотлар яқин кунларда ошкор қилинишини аввалдан билган.

Ўтган ойда Навальний бошчилигидаги ташкилот президент Владимир Путиннинг кўп йиллик матбуот котиби Дмитрий Песковнинг ҳам 7,1 миллион АҚШ долларига тенг қасри борлигини фош қилди. Песковга доир бу кўчмас мулк Москва яқинидаги машҳур Рублёвка туманида 8,4 гектарлик ер майдонида жойлашган.

Россия Мудофаа вазирлиги ўз раҳбари Сергей Шойгуга нисбат берилаётган ҳашаматли ҳовли тўғрисида изоҳ берганича йўқ. Қасрнинг расмий эгаси Елена Антипина билан телефон орқали боғланган журналистлар ҳам саволларига жавоб олишолгани йўқ.

XS
SM
MD
LG