Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:00

Telenor раҳбарияти Ўзбекистондаги пора можароси бўйича мустақил текширувини бошлади


Beeline ҳақдори бўлган Telenor ширкати Ўзбекистон билан боғлиқ активларидан қутулишга уринмоқда
Beeline ҳақдори бўлган Telenor ширкати Ўзбекистон билан боғлиқ активларидан қутулишга уринмоқда

Норвегиядаги Telenor Group телекоммуникация ширкати ўз шўъбаси VimpelComнинг Ўзбекистон мобиль бозорига кириш учун пора берганига оид айбловларни мустақил тергов қилиш учун адвокатлик ширкатини ёллади. Telenor Group ширкати бош менежери Сигве Брекке шўъбанинг 2005 йилдан кейин Ўзбекистондаги фаолияти синчковлик билан батафсил текширилишини билдирди.

2 ноябрь куни Норвегия Телерадикорпорациясига интервью берган Telenor Group телекоммуникация ширкати бош менежери Сигве Брекке Vimpelcomнинг Ўзбекистондаги фаолияти мустақил равишда тергов қилинишини билдирди:

"Telenor ширкатига бўлган ишончга шубҳа тушиши мени қайғуга солмоқда. Шу боис, бирор ҳужжат ёки ҳаракат текширувдан четда қолмаслигига ишонч ҳосил қилмоқчиман. Telenor ширкати 2005 йилдан ҳозирга қадар Ўзбекистонда бўлган VimpelCom ишини қандай юритганини аниқ билмоқчиман", деди Норвегиялик журналистлар билан суҳбатда Брекке.

У VimpelCom фаолияти устидан терговнинг мустақил равишда ўтишини таъминлаш учун алоҳида адвокатлик ширкати ёлланганини урғулади.

Telenor Group ширкати бошқарув кенгаши раиси бўлган Свейн Осер эса 30 октябрь куни истеъфога кетди ва Ўзбекистондаги бизнеси билан боғлиқ коррупцион жанжал ортидан раҳбариятни ўзгартираётган навбатдаги ширкат бўлди.

Telenor шу ой бошида Ўзбекистондаги Beeline мобил операторининг эгаси ҳисобланган VimpelCom компаниясидаги 33 фоизлик улушини сотиш ниятини билдирган.

VimpelCom Ltd. Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда гумон қилиниб, Европа мамлакатлари ва Қўшма Штатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тергов қилинмоқда.

Жума куни эълон қилинган баёнотда Осер Telenor бошқарув кенгаши раиси сифатида ширкатнинг “VimpelComдаги улушидан қутулиш қарорини тайёрлаш”дан иборат бўлгани ва бу вазифа бажарилганини таъкидлади.

У, шунингдек, VimpelCom масаласида Норвегия Савдо вазирлиги билан зиддиятлар юзага келгани истеъфога чиқиш қарорига ҳисса қўшганига ишора қилди.

54 фоизи Норвегия ҳукуматига тегишли телеком ширкати Ўзбекистонда фаолият юритувчи Beeline мобил операторининг эгаси VimpelCom компаниясидаги 33 фоизлик улуши айни пайтда сотувга қўйилганми ёки йўқми - собиқ раис буни аниқлаштирмади.

Айрим матбуот воситалари Норвегия Савдо вазири Моника Меланд Осерга нисбатан ишончини йўқотганини билдиргани ҳақида хабар қилмоқда:

Менга коррупция айбловларига алоқадор янги маълумот тушди. Мен ва конституциявий масалалар бўйича парламент қўмитаси бу маълумотларни аввалроқ олиши керак эди. Бу жиддий вазият”, дея Савдо вазиридан иқтибос келтирмоқда Норвегия телеграф агентлиги.

33 фоизи Telenor Group ширкатига қарашли VimpelCom Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар пора берганликда айбланаётган ягона ширкат эмас.

Европа давлатлари ва АҚШ тергов идоралари Ўзбекистонда фаолият юритадиган TeliaSonera, Telenor ва МТС ширкатлари йиллар давомида бу мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага камида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид иддаоларни тергов қилмоқда.

Озодлик иштирокидаги журналистик терговлар натижасида учта йирик телеком ширкати Гулнора Каримовага катта миқдорда пора берганига ишора қилувчи ҳужжатлар ошкор бўлиши ортидан, шу йил бошроғида VimpelCom ширкатининг бош директори Жо Лундер истеъфога кетган эди.

Ундан аввал, 2013 йилда Гулнора Каримова билан боғлиқ коррупцион жанжал TeliaSonera бош директори Ларс Нюберг ва яна қатор мулозимларнинг ишдан ҳайдалишига сабаб бўлган.

VimpelСom 220 миллиондан ортиқ мижозга хизмат қилувчи дунёдаги еттинчи йирик телеком ширкати ҳисобланади. Унинг асосий ҳиссадорлари россиялик миллиардер Михаил Фридманга тегишли "Альфа групп" ҳамда Норвегиянинг Telenor компанияларидир.

Telenor ширкати Vimpelcomдаги 33 фоизлик улуш учун 15 миллиард Норвегия кронаси (тахминан 1,8 миллиард АҚШ доллари) тўлаган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу улушнинг бугунги бозор нархи 20 миллиард норвег кронасига (тахминан 2,4 миллиард АҚШ доллари) тенгдир.

VimpelСom Ўзбекистон бозорига 2005 йилда кириб келган.

XS
SM
MD
LG