Тошкентда Суриядаги жангарилар билан ҳамкорлик қилган салафийлар гуруҳи қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, салафийлар Ўзбекистонда халифалик ўрнатиш мақсадида “Жаннат ошиқлари” ва “Ҳизбут Таҳрир” радикал гуруҳлари билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, тошкентлик салафийлар араб давлатларидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун кетишни режалаштиргани аниқланган.
Салафийлар гуруҳи жорий йил сентябрь ойида қўлга олинган. 12news.uz нашрининг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига таяниб ёзишича, салафийлар гуруҳи Суриядаги Тавҳид вал Жиҳод ëхуд “Жаннат ошиқлари” террорчилик ҳаракати билан ҳамкорлик ўрнатган:
"Қўлга олинган гуруҳ аъзолари араб давлатларидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун "ҳижрат" қилишни режалаштирганлар. Бунинг учун Суриядаги "Жаннат ошиқлари" номли террорчилик ҳаракати билан ҳамкорлик ўрнатилган. Бундан ташқари салафийлар “Ҳизбут Таҳрир" экстремистик ташкилотига ҳам алоқага чиқишган. Ҳизбчи Абдулазиз Раҳимов билан алоқа ўрнатилган. Раҳимов бошчилигида икки радикал гуруҳ ўртасида доимий алоқа таъминланган”, дейди нашрнинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаси.
Манбага кўра, салафийлар Ўзбекистонда халифат ўрнатиш мақсадида Абдулазиз Раҳимов воситачилигида Тавҳид вал Жиҳод ëхуд “Жаннат ошиқлари” ва “Ҳизбут Таҳрир” гуруҳлари билан музокаралар ўтказиб келишган.
Нашрнинг ёзишича, салафийлар радикал гуруҳлар билан ўзаро алоқаларни Қирғизистондаги сафдошлари орқали амалга ошириб келганлар:
“Экстремистик гуруҳга асосий кўрсатмаларни Қирғизистондаги “ўртоқлар” бериб келган. Улар бунинг учун замонавий коммуникация технологиялари, жумладан, Интернетдан фойдаланган”, дейилади 5 ноябрда тарқатилган хабарда.
Хабарда айтилишича, қўлга олинган салафийларнинг асосий қисми тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган шахслардир.
Шунингдек, қўлга олинган гуруҳ аъзоларининг деярли барчаси яқин хориж давлатларига пул ишлаш учун бориб келишгани ва “ўша ерда радикал оқимлар таъсирига тушган ва қайтиб келгач, уларни Ватанда тарғибот қилишни бошлашган”и айтилган ушбу хабарда.
“Жаннат ошиқлари” деб номланган жиҳодий гуруҳ¸ қирғиз махсус хизматлари таъкидича¸ Ўш ва Жалолободдан Сурияга кетган этник ўзбек жанггариларидан таркиб топган.
Бу гуруҳнинг Интернетдаги тарғибот сайти Марказий Осиё давлатларида тўсиб қўйилган.