Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:09

Ослодаги маҳкама Vimpelcom собиқ раҳбари Жо Лундерни шартли озод қилди


Жо Лундер Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун юзлаб миллион доллар пора беришга алоқаси йўқлигини айтди.
Жо Лундер Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун юзлаб миллион доллар пора беришга алоқаси йўқлигини айтди.

Ослодаги маҳкама Ўзбекистон бозоридаги коррупция можаросига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган Vimpelcom собиқ раҳбари Жо Лундерни озод этишга қарор қилди. Лекин коррупция билан боғлиқ айблов Лундердан олиб ташланмаган. Норвегия проуратураси суднинг бу қарори юзасидан шикоят киритишини билдирди. Жума куни Осдлодаги маҳкамада ҳозир бўлган Vimpelcom ширкатининг собиқ бош директори Жо Лундер Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун юзлаб миллион доллар пора беришга алоқаси йўқлигини таъкидлаган.

Норвегия прокуратурасининг иқтисодий жиноятлар ва коррупция бўйича тергов агентлиги мулозими Марианна Дюпешланд Озодлик билан суҳбатда Жо Лундер Ўзбекистон бозоридаги коррупция можаросига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинганини айтганди.

Vimpelcom ширкатидагилар Жо Лундернинг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ беролмасликларини айтишди.

Ширкат вакили Нил Мурхаус Озодлик билан суҳбатда Vimpelcom Ўзбекистон иши бўйича АҚШ ва Ҳолландия ҳукуматлари билан ҳамкорлик қилаётганини айтди:

- Ширкат коррупцияга қарши барча мезонларга амал қилмоқда ва бу ширкат янги раҳбарияти учун приоритетдир, - деди Нил Мурхаус.

АҚШ ва Ҳолландия тергов идоралари Ўзбекистонда фаолият юритадиган уяли алоқа ширкатлари йиллар давомида бу мамлакат президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага миллионлаб доллар пора берганига оид иддаоларни тергов қилмоқда.

Мазкур жараёнда нафақат Vimpelcom, балки Россиянинг МТС, Швециянинг TeliaSonera ва Норвегиядаги Telenor фаолияти ҳам текширилмоқда.

Telenor вакили Гленн Манделид Озодлик билан суҳбатда ҳозирда ўз ширкати Ўзбекистон бозорида фаолият қилмаслигини таъкидлади:

- Ширкатнинг Vimpelcom даги улуши жуда кичик бўлган ва бу активларидан қутилиш ҳаракатига тушган, - деди Манделид.

Vimpelcom 220 миллиондан ортиқ мижозга хизмат қилувчи дунёдаги еттинчи йирик телеком ширкати ҳисобланади.

Унинг асосий ҳиссадорлари россиялик миллиардер Михаил Фридманга тегишли Альфа групп ҳамда Норвегиянинг Telenor компанияларидир.

Telenor ширкати Vimpelcom-даги 33 фоизлик улуш учун 15 миллиард Норвегия кронаси (тахминан 1,8 миллиард АҚШ доллари тўлаган). Ҳисоб-китобларга кўра, бу улушнинг бугунги бозор нархи 20 миллиард норвег кронасига (тахминан 2,4 миллиард АҚШ доллари) тенгдир.

Vimpelcom Ўзбекистон бозорига 2005 йилда кириб келган.

Vimpelcom Ўзбекистондаги фаолияти билан боғлиқ равишда ўтказилиши мумкин бўлган суд жараёнлари учун 900 миллион доллар маблағни заҳирада ушлаб туриш ҳақида қарор чиқариши ортидан эса уни акциялари тушиб кетди.

Ширкат расмий сайтида айтилишича, бундай қарор АҚШ Адлия департаменти ва Ҳолландия прокурорлари томонидан олиб борилаётган терговнинг бугунги ҳолати таҳлил қилинганидан сўнг қабул қилинган.

Бундан аввалроқ Тelenor Group телекоммуникация ширкати ўз шўъбаси Vimpelcomнинг Ўзбекистон мобиль бозорига кириш учун пора берганига оид айбловларни мустақил тергов қилиш учун адвокатлик ширкатини ёллагани билдирилган эди.

Айни пайтда АҚШдаги бир қатор юридик ширкатлар, жумладан, Robbins Arroyo; Rigrodsky & Long; Bronstein, Gewirtz & Grossman; Pomerantz; Gainey McKenna & Egleston; Rosen Law Firm; Levi & Korsinsky ёппасига Vimpelcom шикарти устидан судга арз қилганлар.

Vimpelcom нинг суд жараёнлари учун 900 миллион доллар маблағни заҳирада ушлаб туриш ҳақидаги қарори ва акцияларининг 4 фоизга тушиб кетиши юридик ширкатлар норозилигига сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG