Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:57

Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми Ўзбекистон ҳукуматини назорат қилишга чақирди


Uzbekistan cotton
Uzbekistan cotton

“Мен Сизни мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётганини ўзбек ҳукуматига билдиришга ва ушбу ноҳақликларни ҳужжатлаштираётган Ўзбекистон фуқароларидан қасд олинишини очиқ қоралашга чақираман”.

Бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми (ILRF) Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда Жаҳон банки раҳбарлари номига битилган петиция шундай чақирув билан якунланади.

ХМТ Бош директори Гай Райдер ва Жаҳон банки Президенти Жим Ён Ким номига битилган ва имзо йиғиш учун ILRFнинг расмий сайтида эълон қилинган петицияда мана бундай дейилган:

“Ўзбекистон фуқаролик жамияти кузатувчиларининг ҳисоботлари, пахта етиштиришда мажбурий меҳнат давлат системаси ўзгаришсиз қолгани ва 2015 йилда ўзбек ҳукумати томонидан бутун мамлакат бўйлаб, жумладан Жаҳон банки лойиҳаси амалга оширилаётган ҳудудларда ҳам мажбурий меҳнатдан фойдаланганлигини кўрсатди. Амалдорлар мактабдан ҳайдаш, ишдан бўшатиш ва имтиёзлардан маҳрум қилиш билан қўрқитиб, одамларни пахта теришга мажбурламоқда. Ушбу таҳдидлар, Мажбурий меҳнатдан фойдаланмасликни таъминлаш ҳукуматнинг битим шартлари ва мажбуриятларига киритилганига қарамай, жумладан Жаҳон банки лойиҳаси амалга оширилаётган ҳудудларда мажбурлаш ҳоллари асосий ёллаш амалиёти бўлиб қолаётганига асло шубҳа қолдирмайди.

Ўзбек ҳукумати, кузатувчиларнинг мажбурий меҳнатни ҳужжатлаштиришларига ҳалақит бериш учун уларни қўрқитмоқда, таҳдид ва жисмоний зўровонлик кўрсатмоқда. Сўнгги бир неча ҳафта давомида, ўзбек ҳукумати фуқаролик жамияти кузатувчиларига нисбатан, асоссиз тинтув қилиш, калтаклаш, ҳибсга олиш, пойлаш ва қўрқитиш чораларини кучайтирди.

Мен ХМТ ва Жаҳон банкининг муносиб иш билан таъминлаш ва қашшоқликка қарши миссиясини қўллаб қувватлайман, шунингдек инсон ҳуқуқларининг поймол қилинишига қарши курашаётган Ўзбекистон фуқароларини ҳам қўллаб қувватлайман. Мен Сизни мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани ҳақида ўзбек ҳукуматига билдиришга ва ушбу ноҳақликларни ҳужжатлаштираётган Ўзбекистон фуқароларидан қасд олинишини очиқ қоралашга чақираман”.

ХМТ Бош директори Гай Райдер ва Жаҳон банки Президенти Жим Ён Ким номига битилган бу петицияни истаган киши имзолаши мумкин.

Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми (ILRF) ўз петицияси матнига ўтиш олдидан Ўзбекистондаги вазиятни мана бундай тасвирлаган:

“Жаҳон банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалик секторига $ 500 млн. доллар сармоя ажратган. У ерда етиштириладиган асосий экинлардан бири бўлган пахтани теришга, дунёдаги энг йирик мажбурий меҳнатни назорат қилувчи давлат системаси сифатида ҳукумат тарафидан миллионлаб ўзбек фуқаролари мажбурий жалб этилади.

Жаҳон банки амалга ошираётган лойиҳаларида мажбурий меҳнат холатлари аниқланган тақдирда Ўзбекистон ҳукумати билан контрактларини бекор қилиш мажбуриятини олган, айни пайтда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) мониторинг ўтказишга рози бўлган.

Фуқаролик жамияти томонидан мустақил кузатувчилар одамларнинг ўз ихтиёрига зид тарзда қишлоқ хўжалик ишларига сафарбар қилинганига оид кўплаб холатларни ҳужжатлаштирди. Кузатувчиларни жим бўлишга мажбур қилиш учун, авторитар Ўзбекистон ҳукумати фуқаролик жамиятининг ушбу вакилларига зўровонлик тажовузлари уюштирмоқда, уларни асоссиз тинтув қилмоқда, калтакламоқда, изларидан айғоқчи қўймоқда, ҳибсга олмоқда ва қўрқитмоқда”, деб ёзган Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми (ILRF) Ўзбекистондаги вазиятни тасвирлар экан.

ILRF ўз мурожаатномасини ўқиган, Ўзбекистондаги вазиятдан яхши хабардор ҳар бир кишидан "ўзбек ҳукуматининг мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кўламини тўлақонли ёритиш қанчалик муҳимлигини ва фуқаролик жамияти кузатувчиларига қарши қаратилган зўравонлик ҳаракатларини қоралаш лозимлигини” ILRFга, ХМТ ва Жаҳон банкига билдиришда ёрдам беришини сўраган.

Халқаро меҳнат ҳуқуқлари форуми (ILRF) жаҳон бўйлаб ишчи-хизматчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу ҳуқуқлар билан боғлиқ масалаларни ечишга бел боғлаганларни рағбатлантиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган, 1986 йили тузилган ташкилотдир.

XS
SM
MD
LG