Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:07

Паст баҳога ўқиган талаба давлат грантидан маҳрум қилинади


Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 11 ноябрь кунги мажлисида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниб, ўқув йилини паст баҳолар билан тугатган талабаларни давлат грантидан маҳрум қилиш ва кейинги ўқув йилидан тўлов-контрактга ўтказишни кўзда тутувчи қонуний ўзгаришларни қабул қилди. Мазкур қонун Олий Мажлис Сенати тасдиғидан ўтиб, Ўзбекистон президенти имзолаганидан сўнг кучга киради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати масъулларидан бири Озодлик билан суҳбатда олий маълумотли мутаxассисларни тайёрлаш учун ажратилган бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш мақсадида бу ўзгаришларга қўл урилаётганини айтди:

- Кеча бюджет кўриб чиқилди. Давлат маблағларидан самарали фойдаланиш масаласига урғу берилди. Айнан шу мақсадда бу ўзгаришлар қабул қилинaяпти. Яъни давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган талаба грантни оқламаса, яъни умумий рейтинг баҳолари қониқарли, 55-70 фоиз оралиғида бўлса, кейинги ўқув йилидан автоматик тарзда тўлов-контрактга ўтказилади. Бундан ташқари, грант бўйича ўқиётган талабанинг академик кўрсаткичлари жуда паст бўлиб, ўқишдан ҳайдалса ёки ички тартибни бузгани учун ўқишдан ҳайдалса шу талаба давлатга ўқиши учун сарфланган бюджет маблағларини ҳаммасини қайтариб бериши керак бўлади, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг Озодлик боғланган расмийларидан бири.

Давлат грантидан махрум қилинган ва кейинги ўқув йилидан тўлов-контрактга ўтказилган талаба баҳоларини яхшиласа¸ қайта давлат грантига ўтказилиши мумкинми?

Озодлик мухбирининг бу саволига жавоб берган Олий Мажлис расмийси:

- Талабага давлат гранти асосида ўқиш имконияти бир марта берилади, яъни ўқишга қабул қилиш пайти, - деб жавоб қилди.

Мазкур қонун Олий Мажлис Сенати тасдиғидан ўтиб, Ўзбекистон президенти имзолаганидан сўнг кучга киради.

Айни пайтда бу ўзгариш ижтимоий тармоқларда аллақачон қизғин мунозара мавзусига айланди:

- Бу порахўрликнинг яна ҳам кўпайишига олиб келади. Ҳозир контракт пули бир йил учун 6 миллион сўм атрофида. Грант бўйича ўқийдиган талаба энди контрактга тушмаслик ва баҳолари баланд бўлиши учун ё кўпроқ ўқиши ё кўпроқ пора беришига тўғри келаяпти, - деб ёзди Зоҳиджон исмли тошкентлик талаба Одноклассники саҳифасида.

Наманганлик Facebook фойдаланувчиси Неъматжон эса: "Аълочи студентлардан яхши мутахассис ва раҳбарлар чиққанини кўрмаганмиз. Талабаларни баҳосига қараб қарор бериш нотўғри. Учга ўқиб ҳам дипломни аъло тамомлаб, малакали кадрлар чиққан", - деб ёзди.

Тошкентдаги Шарқшунослик институти талабаси Мадина эса Facebook тармоғида: "Тўғри қилишаяпти. Энди ўқийман деган талаба давлат грантини олади", - деб ёзди.

Бу йил бакалавр йўналишига 57 мингга яқин талаба олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Шулардан 20 мингдан зиёди давлат гранти, қолгани шартнома асосида қабул қилинди.

Магистратура бўйича эса бу йил 6300 талаба кириш имтиҳонларидан ўтди, шулардан 1500 дан зиёди давлат гранти бўйича талабаликка қабул қилинди.

2015-2016 ўқув йили учун Республика олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йуналишлари бўйича битта талабани бир йиллик ўқитиш нархи 5 миллиондан 6 ярим миллион сўмгача қилиб белгиланган.

XS
SM
MD
LG