Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:01

Ўзбекистон 10 йилда яратилган 7 млн. иш ўрнига 2016 да яна 1 млн. қўшмоқчи


Шу кунда Россиянинг турли шаҳарларида, жумладан, Санкт-Петербургда тирикчилик ташвишида ишлаб юрган ўзбекларни ҳар қадамда учратиш мумкин.
Шу кунда Россиянинг турли шаҳарларида, жумладан, Санкт-Петербургда тирикчилик ташвишида ишлаб юрган ўзбекларни ҳар қадамда учратиш мумкин.

Ўзбекистонда ишга яроқли аҳолининг 0,8 фоизигина ишсиз эканини даъво қиладиган расмий Тошкент, келгуси йилда ҳам бир миллионга яқин янги иш ўрни ташкил қилишни режалаштирмоқда.

Бу масала Олий Мажлиснинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича қонунчилик палатасида 12 ноябрь куни ўтган йиғилишда муҳокама қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзА агентлигига кўра, мақсадли комплекс дастурларига мувофиқ 396,9 минг, якка тартибдаги тадбиркорлик, касаначиликни ташкил этиш, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш орқали эса 595,9 минг иш ўрни яратилиши режаланмоқда.

Жорий йилда ҳам Вазирлар маҳкамаси қарорига кўра, 987 минг 500та янги иш ўрни яратиш белгиланган. Ўтган йили эса 983,6 минг янги иш ўрни яратилгани иддао қилинган.

Расмий Тошкент сўнгги 10 йил давомида ҳар йили ярим миллион-бир миллиондан жами 8 миллиондан ортиқ иш ўрни ташкил қилинганини қайд этаётган бир пайтда, бир неча миллион ўзбек мамлакат ташқарисида ишлашга мажбур.

Айни пайтда Россиядан қайтиб¸ ватанда иш қидираëтган айрим муҳожирларнинг Озодликка айтишича¸ меҳнат биржаларида уларга четда ишлаб қайтганларнинг бир йилгача давлат идораларида ишлаши мумкин эмаслиги билдирилган.

Келгуси йилда бир миллионга яқин янги иш ўрни ташкил қилиш режалаштирилаётгани тўғрисидаги хабар замиридаги гапларни атайлаб вақт сарфлаб ўрганишни ортиқча билдик ва шу мавзуда бундан 3 йил олдин - 2012 нинг 29 октябрида эълон қилганимиз мақолани такрор чоп этишга қарор қилдик.

***

Ўзбекистонда иш кўп - ишлайдиган одам йўқ

Сарлавҳага чиқарилган фикр, балки баъзиларда эътироз уйғотар, лекин ҳукуматнинг янги иш ўринлари яратишга доир ҳар йили қабул қиладиган дастурларида келтириладиган рақамлардан бошқача фикр пайдо бўлиши мумкин эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг ўтган ҳафтада ўтказилган йиғилишида келаси йили қанча янги иш жойи яратилажаги ҳақида гап бўлди.

"Ҳукумат йиғилишида, - деб хабар қилди ЎзА ахборот агентлиги, - 2013 йилда ишжойларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури лойиҳаси ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилинди”.

“Дастур лойиҳасида 2013 йилда 973 мингта, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига – 485,5 мингта, касаначиликнинг турли шаклларини кенгайтириш ҳисобига – 218,4 мингта, йирик ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва қайта тиклаш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ҳисобига – 268,8 мингта янги иш ўринларини яратиш назарда тутилмоқда”, дейилади агентлик хабарида.

Демак, келаси йили Ўзбекистонда сал кам 1 миллион янги иш ўрни яратилади.
Маълумки, кейинги 5 -6 йилдан бери Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили бир миллиондан янги иш ўрни яратаётгани тўғрисида баёнот бериб келади.

«Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти» мавзуида 14 сентябр куни Тошкентда бўлиб ўтган халқаро конференция иштирокчилари олдида сўзлаган нутқида Президент Каримов 2005-2011 йиллар ичида мамлакатда 5 миллиондан зиёд янги иш ўрни яратилгани тўғрисида гапирган эди.

Янги иш ўринлари яратиш йўлида ҳаракат жорий йилда ҳам тўхтагани йўқ. Ўзбекистон Меҳнат аҳолини ҳимоя қилиш вазири 19 сентябр куни Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатаси депутатларига ҳисобот берар экан, жорий йилнинг олти ойи давомида 510,5 минг янги иш ўрни яратилганини маълум қилди.

Демак, 2005 йилдан бошлаб 2012 йилнинг ярмигача 5,5 миллиондан ортиқ иш ўрни яратилган бўлиб чиқаяпти.

Турли манбаларда айтилишича, Ўзбекистоннинг тақрибан 29 миллион кишилик аҳолисининг қарийб 16 миллиони ишга яроқли ёшдаги кишилардир.

Оддийгина мантиқдан келиб чиқилса, 16 миллион кишининг муайян қисми янги иш ўринлари яратилгунича ҳам ишли бўлган. Сўнгги 5 – 6 йилда 5,5 миллион иш ўрни яратилгани тўғрисидаги гаплар “сал кўпроқ эмасми?” деган иштибоҳни пайдо қилади.

Ҳа, керагидан кўпроқ. Яна расмий манбаларга мурожаат қиламиз.

ЎзА ахборот агентлиги Президент Каримовнинг 9 октябр куни Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида сўзлаган нутқи баёнини берар экан, “вилоятда бугунги кунда 34 минг 700 нафарга яқин фуқаро, яъни меҳнатга лаёқатли бўлган аҳолининг 5,1 фоизи ишга жойлашишга муҳтож ҳисобланади”, деб ёзди.

Мана шундай вазиятда, ЎзАга кўра, вилоятда “жорий йилнинг 9 ойида 47 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилган”.

Демак, шу кунда Хоразм вилоятида 12 минг 300 янги иш ўрни бўш турибди. (47000 – 34700 = 12300)

Агар Хоразмдаги вазият бутун мамлакатга хос, десак, у ҳолда шу куннинг ўзида Ўзбекистон бўйлаб (12 та вилоят ва Тошкент шаҳри) 135 мингдан зиёд янги ўрни ишчиларни кутиб турибди.

Демак, Ўзбекистонда ишсизликка мутлақо барҳам берилган. Боз устига, ҳукумат келаси йили 973 мингта иш ўрни яратмоқчи.

Озодлик радиоси бу мавзуда ёзган мақолаларнинг саноғи йўқ. Ўша мақолаларни тайёрлаш жараёнида мутахассислар фикр билдирар экан, янги иш ўринлари тўғрисидаги рақамлар мақсади статистикани жозибали қилиш бўлган юқорининг топшириғини сўзсиз бажарадиган қуйидагиларнинг маълумотномаларидан пайдо бўлишини кўп айтишган.

Реал иш жойларида тўланадиган иш ҳақининг озлиги тўғрисида ҳам кўп гапирилган.

Масалан, яқинда жиззахлик коллеж битирувчиси мана бундай деган эди:

- Мутахассислигим – компьютер оператори. Ўқишни битирганимдан кейин ўзимизнинг коллежга ишга таклиф қилишди. Ойлик 200 минг, пластикка ўтказилади, дейишди. Бир ҳафтача ишга қатнадим. Қарасам, ҳали чопиққа жўнатишади, ҳали шанбаликка... Ундан кўра, мол боқиб юрганим афзал, дедим-да, ишга кирмадим, дейди Жасур.

200 минг сўм Ўзбекистондаги реал курс (қора бозор курси) бўйича тақрибан 70 долларга тенг ақчадир.

Бу пул оила боқиш у ёқда турсин, суҳбатдошимиз - бўйдоқ Жасурнинг бир ўзига ҳам етмаслигини тушуниш учун ҳисоб-китоб қилиб ўтириш ортиқчадир.
Шунинг учун ҳам, яъни Ўзбекистондаги иш ҳақининг ўта озлиги туфайли ўзбекистонликлар ишни четдан изламоқда.

Биргина Санкт-Петербург шаҳрида норасмий маълумотларга қараганда, 850 минг ўзбекистонлик ўзбек ишламоқда.

Расмий маълумот ҳам жуда улкандир. Россия Федерацияси миграция хизматининг Санкт-Петербург шаҳри бошқармасидан олинган маълумотга таяниб, ахборот воситалари берган хабарга кўра, шаҳарда қарийб 400 минг ўзбекистонлик ўзбек ишламоқда.

Ўзбекистонда иш кўп - ишлайдиган одам йўқ.

XS
SM
MD
LG