Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:32

Global Terrorism Index: Ўзбекистон террордан холи мамлакат


Global terrorism index 2015 ҳисоботида Ўзбекистон охирги 124-ўринни эгаллаган.
Global terrorism index 2015 ҳисоботида Ўзбекистон охирги 124-ўринни эгаллаган.

Қароргоҳи АҚШнинг Нью Йорк ва Австралиянинг Сидней шаҳарларида жойлашган Халқаро иқтисодиёт ва тинчлик институти Global Terrorism Index 2015 (Жаҳонда террорчилик индекси 2015) ҳисоботида Ўзбекистонни террорчиликдан холи бўлган мамлакатлар қаторига киритди.

Ўзбекистонда террор хавфи нолга тенг, бироқ...

Ҳисоботда Ўзбекистонга 162 мамлакат ичида энг охирги 124 - ўрин берилган. Ўзбекистонда террорчилик ҳаракатлари ёки террор хавфи нолга тенг деб баҳоланган. Мазкур рейтинг 2014-2015 йиллар мобайнида жаҳонда содир этилган террор ҳужумларини ҳисоблаш ортидан тузилган. Бу йилларда Ўзбекистонда террор ҳаракатлари содир этилмагани учун ҳам, рейтингда Ўзбекистон террордан ҳоли мамлакатлар қаторига киритилган.

Рейтинг эълон қилиниши арафасида Озодлик радиоси Ўзбекистонда ИШИДга алоқадорликда айбланиб Тошкент шаҳри ва вилоятидан сўнгги икки ҳафта ичида 160 диндор қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Ҳибсга олинаётганларнинг асосий қисми ИИВ рўйхатига тушган, кузатувида бўлган ва сўнгги ойларда хориждан қайтган диндорлардир.

Ҳуқуқ фаоллари бу шахсларнинг "Исломий давлат"га муносабати ўрганилаётгани ва террор гуруҳига мойил кўрилганлар дарҳол 15 суткага ҳибс қилинаётганини айтмоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур 16 ноябрь куни Озодликка берган суҳбатида ҳуқуқ-тартибот органларининг бу ҳаракатларини "диндорлар билан профилактика ишлари”, деб атаб, пойтахтда радикаллашаётган мусулмонлар борлигини қайд этган эди.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов эса ўз кузатувларига таянган ҳолда Ўзбекистонда 2015 йилнинг бошидан буён "Исломий давлат"га алоқадорлик айби билан камида 200 одам ҳибсга олинганини айтган.

Ўзбекистон террордан ҳоли мамлакатми?

Ўзбекистоннинг террордан ҳоли мамлакат қаторига киритилишини расмийлар тили билан айтганда “профилактик ишлар” натижаси ўлароқ баҳолаш мумкинми? Бу савол билан Ўзбекистон ичкарисидаги бир қатор кузатувчилар ва ҳуқуқ фаолларига мурожаат қилдик.

Ўзбекистондаги диний вазият билан яхши таниш бўлган фаоллардан бири айни пайтда Ўзбекистонда террор хавфи мавжуд эмаслигини, аммо норозилик потенциали кучайиб бораётгани ташвишли жараён эканини айтади:

- Террор таҳдиди Ўзбекистоннинг ичкарисида ҳеч қандай нишона бергани йўқ ва беролмайди ҳам. Лекин ижтимоий адолатсизлик, СССР даврида шаклланган инфраструктуралар ривожлантирилиши ўрнига амалдор ёки ҳокимиятга яқинларнинг талон-торожи туфайли тобора йўқ бўлаётгани оқибатида норозилар армиясининг борган сари сафлари кенгаяётгани ўта таҳликали,- деди диний вазият билан яхши таниш бўлган фарғоналик фаол.

Наманганлик мустақил кузатувчилардан бири эса Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистоннинг террор ҳавфидан ҳоли экани ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан олиб борилаётган профилактика ишлари, бошқача айтганда, "қама-қама"ларнинг маҳсули эканини инкор қилмайди.

Бироқ бу суҳбатдошимиз ҳам Ўзбекистондаги барқарорлик мавжуд сиёсат оқибатида издан чиқиши эҳтимоли борлигини таъкидлайди:

- Ўзбекистонни террор хавфидан ҳоли мамлакат, деб атасак тўғри бўлади. Бу 2014-2015 йиллардаги профилактика ишлари самараси, деса ҳам бўлаверади. Аммо иқтисодий аҳвол шу кетишда ёмонлашиб бораверса, диндорларга нисбатан босим кучайиб бораверса, аҳолига табиий газ, электр энергияси етказиб бериш ёмонлашиб бораверса, тадбиркорларга босим давом этаверса, профилактика ишлари ҳам ҳеч қандай фойда бермай қолиши мумкин, - дейди суҳбатдошимиз.

Суҳбатдошларимиз Ўзбекистонда сўнгги кунларда диндорлар, фаоллар ва ўзгача фикрловчиларга қарши “профилактика ишлари” кучайгани ортидан ўзларининг вазиятлари ҳам яхши эмаслигини айтиб, овозлари ёзиб олиниши ва исмлари айтилишини истамадилар. Шунинг учун уларнингг фикрларини аноним тарзда бермоқдамиз.

Сўнгги 15 йилда террор ҳужумларида 140 минг одам ҳалок бўлди

Ўзбекистондан ташқари рейтингда Туркманистон ҳам террордан ҳоли давлатлар қаторида 124-ўринга қўйилган. Бироқ рейтингда Қозоғистон 83-ўринда, Тожикистон 84-ўринда, Қирғизистон 86-ўринда қайд этилади. Бу эса минтақанинг мазкур уч мамлакати “террорчилик хавфи озроқ мавжуд бўлган” тоифада эканини англатади.

Террорчилик ўта ривожланган давлатлар ўнлиги эса Ироқ, Афғонистон, Нигерия, Покистон, Сурия, Ҳиндистон, Яман, Сомали, Ливия ва Таиланддан иборат. Рейтингда Украина 12-ўринни, Россия 23 –ўринни эгаллаган.

Халқаро иқтисодиёт ва тинчлик институти ҳисоботида айтилишича, 2014 йилда 2013 йилга нисбатан террор ҳужумларида қурбон бўлганлар сони 80 фоизга кўпайган ва 32 минг 685 кишини ташкил қилган. Террор ҳужумларида ҳалок бўлганларнинг 78 фоизи Ироқ, Нигерия, Афғонистон, Покистон ва Сурия фуқароларидир.

2014 йилда дунёнинг 93 давлатида террорчилик ҳаракатлари содир этилган. 2013 йилда эса террор ҳужумлари дунёнинг 88 мамлакатида қайд этилган эди.

Сўнгги 15 йилда, яъни 21-аср бошидан то шу кунгача террорчилик ҳаракатларида 140 минг одам ҳалок бўлди. Шу йиллар мобайнида жаҳонда 61 мингта террор ҳужуми содир этилди.

XS
SM
MD
LG