Тошкент вилояти Янгийўл тумани Гулбаҳор ички ишлар бўлимининг капитани ўз жонига қасд қилди. Озодлик манбаларига кўра, зобит 20 ноябрь куни иш жойида табел тўппончаси билан ўзини пешонасидан отиб ташлаган. Зобитни жонига қасд қилишга ундаган сабабларни туман прокуратураси суриштирмоқда.
Янгийўл тумани Гулбаҳор ички ишлар бўлими жамоат тартибини сақлаш бўлими бошлиғи ўринбосари, капитан Шарофиддин Темиров 20 ноябрь куни ўзини пешонасидан отиб ўлдирди.
Бу ҳақда Озодликка хабар берган гувоҳлардан бирининг айтишича, зобит ўша куни навбатчи бўлган:
“Шарофиддин ака ўша куни навбатчи бўлган. Табел тўппончаси ёнида бўлган. 20 ноябрь куни эрталаб иш столида ўзини пешонасидан отган. Эрталаб бўлимга келганимда тўполон эди. Кейин унинг жасадини олиб чиқиб кетишди. Нима учун ўзини отганининг сабабини ҳеч ким билмаяпти”, деди овози ёзиб олинмаслик шарти билан суҳбатлашган участка нозирларидан бири.
Янгийўл тумани ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган Озодлик манбаси воқеани тасдиқлади:
“Сўнгги пайтда Шарофиддин Темиров билан бирорта ғайриоддий иш содир бўлганини билмайман. Асли наманганлик зобит Янгийўлдан уйланиб шу ерда яшарди. Уч фарзанди бор эди. Ўтирган иш жойида ўзини пешонасидан қўйиб юборган. Ҳозир жиноят иши очилган, туман прокуратураси шуғулланяпти”, деди манба.
Ўзбекистонда милиция ходимларининг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилиб туради.
Жумладан, жорий йилнинг апрель ойида Сирдарë вилояти Ички ишлар бошқармасининг шахсий таркиб билан ишлаш хизмати бошлиғи подполковник Бахтиëр Отаев уйида ўзини осиб ўлдирди. Ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаларининг таъкидлашича, 46-ёшли Бахтиëр Отаев ўлимидан бир кун олдин МХХ зобитлари суҳбатига чақирилган эди.
Ўтган йилнинг 19 август куни президент қўриқчисининг ўзини ўзи отиб ташлагани хабар қилинган эди. Ўз манбаларига таяниб бу ҳақда хабар қилган Fergana.ru ахборот агентлиги марҳум Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг тан соқчиларидан бири бўлган снайпер экани ҳақида ёзган эди.
2013 йилнинг 5 феврал куни Тошкентнинг Чилонзор тумани ички ишлар бўлимининг жиноят қидирув бўлими капитани, 29 ёш Сарвар Ҳамидов иш жойида, табел тўппончасидан ўзини отган эди.