Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:03

АҚШ Гулнорага пора берган VimpelCom ва TeliaSoneraдан 2,5 миллиард доллар ундириши мумкин


Ўзбекистонда бизнес қилиш учун бу мамлакат президентининг қизи Гулнороа Каримовага пора берганликда гумонланаётган TeliaSonera ва VimpelCom ширкатлари АҚШ ҳукуматига жами 2,5 миллиард доллар жарима тўлаши мумкин. АҚШ расмийлари Швециянинг TeliaSonera ширкати устидан олиб бораётган тергов кўламини кенгайтириб, унинг Евроосиёдаги бошқа мамлакатлардаги фаолиятини ҳам тафтиш қила бошлаши мумкинлиги айтилмоқда. Айни пайтда, россиялик миллиардер Михаил Фридманга тегишли VimpelCom АҚШ Адлия департаменти ва Қимматбаҳо қоғозлар комиссияси билан рекорд миқдордаги 775 миллион доллар товон пули тўлаш бўйича музокара қилаётгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлди.


АҚШ Адлия вазирлиги Швециянинг TeliaSonera ширкати устидан олиб бораётган тергов кўламини кенгайтиришни режалаштираётгани тўғрисида Швецияда чиқадиган Svenska Dagbladet газетаси ўз манбаларига таяниб, хабар қилди.

Ўзбекистон телеком бозорига кириш эвазига бу мамлакат президентининг қизи Гулнора Каримовага камида 350 миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганликда гумонланаётган TeliaSonera, мазкур тергов натижасида рекорд миқдордаги 1,7 миллиард АҚШ долларига тенг жаримага тортилиши мумкинлигини билдирган Svenska Dagbladet манбаси.

АҚШ терговчилари катта қисми Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera Евроосиёнинг бошқа мамлактларидаги бизнес фаолиятига ҳам қизиқиш кўрсатаётгани айтилмоқда.

Ўзбекистондан ташқари, швед ширкати Қозоғистон, Тожикистон, Озарбайжон ва Грузияда фаолият юритади.

TeliaSonera Гулнора Каримовага камида 381 миллион АҚШ доллари тўлагани иддао қилинмоқда
TeliaSonera Гулнора Каримовага камида 381 миллион АҚШ доллари тўлагани иддао қилинмоқда

Гулнора Каримова Ўзбекистонда бизнес қилувчи TeliaSonera, VimpelCom ва МТС телеком ширкатларидан йиллар давомида жами 1 миллиард АҚШ долларидан ошиқ пора олганига ишора қилувчи ҳужжатлар жруналистик суриштирувлар натижасида фош қилинди.

Озодлик иштирок этган суриштирувлар ортидан АҚШ, Швеция, Швейцария, Ҳолландия каби мамлакатлар бу айбловлар хусусида тергов бошлади.

Пайшанба куни Гулнора Каримовага пора бергани гумон этилаётган уч ширкатдан яна бири – VimpelCom АҚШ ҳукуматига 775 миллион доллар миқдорида товон тўлаш бйўича музокара қилаётгани тўғрисида хабар пайдо бўлди. АҚШнинг Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб, россиялик миллиардер Михаил Фридман ва Норвегиянинг Telenor Group ширкатига қарашли VimpelCom билан АҚШ Адлия департаменти ва Қимматбаҳо қоғозлар комиссияси ўртасида келишувга эришилгани тўғрисида январь ойида эълон этилиши мумкинлигини ёзмоқда.

Гулнора Каримовага нисбат берилган коррупцион схемаларни фош қилишда иштирок этган Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) муҳаррири Миранда Патручич VimpelCom АҚШга товон тўлашга тайёрлиги бу ширкатларнинг порахўрликка қўл урганларини яна бир бор тасдиқлайди, дейди.

- АҚШга пул тўлашга рози бўлаётгани бу ширкатининг пора берганига иқрор бўлаётгани билан баробардир. Vimpelcom Гулнорага берган порасидан бир неча баробар кўпроқ жарима тўлаш орқали АҚШда очиқ суддан қутулиб қолади. Шунинг учун бу каби ҳолатларда ширкатлар АҚШ ҳукумати билан келишиб олишга ҳаракат қилишади. Лекин бирин-кетин пайдо бўлган бу хабарлар йирик ширкатларга бу каби қинғир ишларни фош қилиш мумкинлиги тўғрисида мужда юборади,- дейди журналист.

VimpelCom Гулнора Каримовага камида 155,5 миллион АҚШ доллари тўлагани иддао қилинмоқда
VimpelCom Гулнора Каримовага камида 155,5 миллион АҚШ доллари тўлагани иддао қилинмоқда

Миранда Патручич мазкур ширкатларнинг Ўзбекистонда коррупцияга қўл ургани хусусидаги терговлар қарийб уч йилдан бери давом этаётганига қарамасдан, айнан АҚШ тергов идоралари бу жараёнга жиддий аралашиши амалий натижа берганига эътибор қаратади.

Шу ой бошроғида VimpelCom АҚШ ва Ҳолландияда давом этаётган терговлар билан боғлиқ эҳтимолий жарималар учун 900 миллион АҚШ доллари ажратганини маълум қилди.

TeliaSonera сентябрь ойи охирида Ўзбекистон бозорини тарк этиш режаларини эълон қилди. Орадан бир ҳафта ўтиб, VimpelCom ҳам Ўзбекистон билан боғлиқ активларини сотувга қўйишини билдирди.

Ундан аввалроқ АҚШ расмийлари Европанинг қатор мамлакатларига мурожаат қилиб, Ўзбекистон президентининг қизига пора сифатида берилгани гумон этилаётган ва бу мамлакатлар банкларида сақланаётган активларни музлатишни сўради.

Ҳозирда мазкур тергов доирасида Гулнора Каримовага алоқадор экани айтиладиган жами 1 миллиард долларга тенг пул ва мулклар ҳибсга олинган.

Хусусан, Швейцария банкларидаги 640 миллион АҚШ долларидан ташқари Женева кўли соҳилида жойлашган Гулнора Каримовага тегишли виллани ҳам муҳрлаб қўйилган.

Уч йилдан бери давом этаётган суриштирувлар натижасида TeliaSonera ва VimpelCom ширкатларининг қатор раҳбарлари ишдан четлатилди.

XS
SM
MD
LG