Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:20

Тожикистонда бундан буён ўзбекча “хон” ҳам, “қул” ҳам бўлмайди


Тожикистонда тожикча исмлар ягона рўйхати китоб шаклида келаси йил бошида нашрдан чиқарилиши кутилмоқда. Республика ҳукумати ҳузуридаги тил ва атамашунослик қўмитаси тузаётган мазкур рўйхат нашрдан чиққач, миллати тожик чақалоқларга фақат шу рўйхатга киритилган исмлар берилади.

Тилга олинган қўмита ходими Абдураҳим Зулфониённинг Озодлик радиоси тожик хизматига айтишича, тожикча исмлар ягона реестрини тузиш устидаги иш 2012-2016 йилларга мўлжалланган ривожланиш давлат дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Реестрни тузиш ишига Тожикистон Фанлар Академиясининг етакчи мутахассислари, олий ўқув юртлари профессорлари, Тожикистон Миллий энциклопедияси илмий нашриёти ходимлари жалб этилган.

Абдураҳим Зулфониёнга кўра, тожикча исмлар ягона реестри жорий йил охиригача ёки кечи билан келаси йил бошида алоҳида китоб тарзида нашр этилади. Китобдан тожикларнинг қарийб 5 мингта замонавий ва қадимий исмлари ўрин олади.

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги тил ва атамашунослик қўмитаси вакилининг айтишича, исмлар китоби чақалоқларга метрика берадиган идоралар ва туғруқхоналар ходимлари учун қўлланма бўлиб хизмат қилади.

Исмлар китобида унга киритиладиган ҳар бир исмнинг маъноси тушунтирилади, унинг форсча эквиваленти ва лотин ёзувидаги транскрипцияси берилади.

Абдураҳим Зулфониёнга кўра, “Фуқаролик ҳолатларига оид актларни давлат қайдидан ўтказиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилганидан сўнг фуқаролик ҳолатларини қайд этувчи идоралар метрика ёзар эканлар, исмларни исмлар китобидаги шаклдан бошқача ёзиши мумкин эмас.

“Хусусан, тожик миллатига мансуб фуқаролар ўз болаларига “қул”, “хон” каби туркийча қўшимчали исмлар бериш ёки масалан, ўз қизини Туманой, деб аташ ҳуқуқидан мосуво қилинади”, деди Озодлик радиоси тожик хизматига Абдураҳим Зулфониён.

Айни пайтда, Зулфониённинг айтишича, Тожикистоннинг миллати тожик эмас фуқаролари учун ўзларининг миллий одат ва анъаналаридан келиб чиққан ҳолда ўғил-қизларига исм бериш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги тил ва атамашунослик қўмитаси вакили Абдураҳим Зулфониён Озодлик радиоси тожик хизматига гапирар экан, “маҳаллий миллий озчиликлар – туркий тиллилар исмларининг 80%ини тожикчадан олган ва шунинг учун улар ҳам исмлар китобидан фойдаланиши мумкин”, деган.

Зулфониёнга кўра, тожик классиклари томонидан фойдаланилган ва тожик адабий тилидан жой олган арабча исмлар ҳам исмлар реестрига киритилади, айни пайтда унга баъзи архаик ёки ўта қадимий арабча ва ҳиндча исмлар киритилмайди.

Айтилишича, исмлар китоби нашр этилганидан сўнг у Адлия вазирлигига жўнатиладики, бунинг боиси фуқаролик ҳолатларига оид актларни расмийлаштирадиган идоралар айнан шу вазирлик тасарруфидадир.

Тожикистон Республикаси адлия вазирлигининг Фуқаролик актларини қайд этиш бошқармаси раҳбари муовини Жалолиддин Раҳимов аввалроқ Озодлик радиоси тожик хизматига берган интервьюсида “Фуқаролик ҳолатларига оид актларни давлат қайдидан ўтказиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилганидан сўнг Тожикистонда арабча ва “ёт”исмлар қайд этилмаслиги тўғрисида гапирган эди.

“Ёт” исмлар дер экан, мулозим қушлар ва ҳайвонлар номларини назарда тутган эди.

Қонунга киритилажак ўзгартишлар лойиҳасида “миллий маданиятга ёт исмлар, инсон қадр-қимматини пастга урувчи нарсалар, ҳайвонлар ва қушлар номлари ҳамда кишиларни тоифаларга бўлувчи исмлар тақиқланади”, дейилган.

Хабарларга қараганда, “Фуқаролик ҳолатларига оид актларни давлат қайдидан ўтказиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар лойиҳасини шу кунда Тожикистон парламенти кўриб чиқмоқда.

Исмларни тожикчалаштиришни фамилиясидан русча -ов қўшмчасини олиб ташлаш билан мамлакат президенти Имомали Раҳмон бошлаб берган эди.

Тожикистонда тожиклаштириш сиёсати сиёсий-ижтимоий ҳаёт соҳаларини ҳам қамраб олган. Хусусан, 82 йил давомида нашр этилиб келган ўзбек газеталаридан бирининг номи тожикчалаштирилгани тўғрисида Озодлик 2012 йили хабар қилган эди.

XS
SM
MD
LG