Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:03

Андижонда 700 йиллик масжид минорасини бузиб, ўрнига фонтан қуришмоқчи


Андижон шаҳри марказидаги 13- асрда қурилган минорани бузиб, унинг ўрнига фонтан қуриш режалаштирилаяпти. Минора жойлашган худуддаги 2,5 гектар майдонни эгаллаган Жоме меъморий мажмуи ўрнида Бош вазир талаби билан “Андижон Регистони”ни қуриш ҳаракатлари кетаяпти. Режага кўра, мажмуадаги 700 йиллик тарихга эга намозгоҳ ҳам бузилади.

Тарихий минора ўрнига фонтан қурилади

Андижоннинг эски шаҳар қисмидаги Жоме меъморий мажмуи ҳудудида жойлашган тарихий минора бузилиб, унинг ўрнига фонтан қуриш режаланаётгани ҳақидаги хабарни Озодликка андижонлик ҳуқуқ фаоли Саиджаҳон Зайнобиддинов маълум қилди:

- Ҳозир ўша мажмуадаги ҳаммаёқ бузилаяпти, шу қаторда у минора ҳам бузилиб кетар экан. Жоме масжиднинг олдироғида жойлашган минора. Ўша ерда панно қўйиб қўйишган, паннода кейинги кўриниши макети суратини чиқариб қўйишган. Ўша макетда миноранинг ўрнида фонтан турибди. Мен қурувчиларнинг ўзидан ҳам сўраб- суриштирдим. Улар ҳам бузилиб кетади, деб ичлари ачияпти.”Планга тушди, миноранинг бузилиши”, деб айтишди. Шу кунларда бузилиб кетиши мумкин. Шу 1 кун, 2 куннинг ичида бузиб юборишлари мумкин,- деди Саиджаҳон Зайнобиддинов.

Ҳуқуқ фаоли Жоме меъморий мажмуида олиб борилаётган ишлар акс этган суратларни Озодликка тақдим қилди. Суратлардан бирида Жоме меъморий мажмуи ўрнида ташкил қилинадиган янги объектларнинг макети акс этган. Макетда минора ўрнида фонтан жойлашганини кўриш мумкин.

Маҳаллий тарихчилардан бирининг Озодлик билан суҳбатда айтишича, бузилиши режаланаётган тарихий минора 700 йиллик тарихга эга:

“Миноранинг асоси (пойдевори) 13- асрнинг иккинчи ярмига тегишли. Кейин 19- асрнинг 2- ярмида минора қайта тикланган. 1882 йилда уста Жаҳон ва уста Юсуфали таклиф этилиб минора қайта тикланган. Минора тарихий аҳамиятга эга маданий ёдгорлик ҳисобланади. Бу ерда миллий амалий санъат намуналари бўлган бетакрор нақшларни кўришингиз мумкин. Минора пештоқларида халқ амалий санъатига оид гўзал наққошлик санъати намуналари бор. Буни бузиш мутлақо мумкин эмас”, деди исмини очиқламаётганимиз андижонлик тарихчилардан бири.

Минора янги йилнинг мартига бузилиши мумкин

Андижон вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, минора жойлашган ҳудуддаги 2,5 гектар майдонни эгаллаган Жоме меъморий мажмуида 2016 йилнинг март ойида реконструкция ишлари бошланади:

“Реконструкция учун Республика маданий мерос объектларини муҳофоза қилиш бош бошқармаси томонидан маблағ ажратилиши керак. Ҳозир таъмир ишларига тайёргарлик кетаяпти, ҳали бошланмади. Минора Жоме меъморий мажмуи марказида жойлашган. Минорани бузиш тўғрисида Республика Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси раис ўринбосари таклиф киритган. Яъни Андижонда 9 баллик зилзила хавфи борлиги ва минора бундай катта зилзилага чидамсизлигини айтиб, уни бузиш борасида таклиф киритган. Шу таклиф асосида буйруқ чиққан”, деди вилоят ҳокимлигининг исмини очиқламаётганимиз мулозимларидан бири.

Тарихчилар норозилиги инобатга олинмаяпти

Маҳаллий тарихчилар ва бир гуруҳ фаоллар миноранинг бузилишига қарши чиқиб, Бош вазир Шавкат Мирзиеев номига норозилик мактуби ҳам йўллаган.

Ушбу норозилардан бири бўлган андижонлик фаолнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, Республика Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси мулозимлари минорада ўтказилган экспертиза хулосалари ижобий чиққанини ҳам инобатга олишмаган:

“Маҳаллий экспертлар иштирокида минорада экспертиза ўтказилди. Текширув натижаси ижобий чиққан. Миноранинг том қисмида махсус металлдан ишланган тортма ғужанак ускуналар жойлашган. Бу ускуналар очиқ айвон қисми билан орқа бинонинг узангисини бир –бири билан боғлаб тортиб туради. Шуни ҳисобга олиб экспертиза комиссияси ижобий хулоса берган. Лекин нимагадир Республика архитектура ва қурилиш қўмитаси минорани бузиш фикрида қаътий қолаяпти. Бизнинг Бош вазирга ёзган хатимизга ҳозирча бирор жавоб келгани йўқ”, деди андижонлик фаоллардан бири.

Минора ёнидаги қадимий намозгоҳ ҳам бузилади

Андижонлик тарихчиларга кўра, Жоме меъморий мажмуида жойлашган 700 йиллик тарихга эга намозгоҳни ҳам бузиш режаланган:

“Намозгоҳ Жоме меъморий мажмуидаги энг қўҳна ёдгорлик ҳисобланади. Бу намозгоҳ 13- асрнинг иккинчи ярмига тегишли. Лекин бизнинг қаршиликларимизга қарамай уни ҳам бузишмоқчи”, деди андижонлик тарихчи.

Ўзбекистон Маданият ва Спорт ишлари вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофоза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш Бош бошқармасидан олинган маълумотга кўра, Андижондаги тарихий минора ва намозгоҳнинг бузилиши қонунга зид равишда режалаштирилаяпти:

“Биз вазиятдан яхши хабардормиз. Мутахасисларимиз бориб, шахсан ўрганиб келишган. Биз бу икки ёдгорликнинг бузилишига қаршилик билдирганмиз. Бу борада расман хат берганмиз. Бу маданий ёдгорликлар республика аҳамиятига эга тарихий объектлар ҳисобланади. Уларга қарши қилинадиган ҳар битта ҳаракат қонун бўйича жазоланади, деб Андижон вилоятига расман хат берганмиз. Биз бу объектлар бузилишига норозилик билдирганмиз”, деди исмини очиқламаётганимиз мулозим.

Озодлик Республика Архитектура ва қурилиш давлат қўмитасига мурожаат қилиб, Андижондаги бузилиши режаланаётган ёдгорликлар бўйича изоҳ сўради. Бироқ қўмита мулозимлари буни изоҳлашни исташмади.

Бузиш ва қуришлар Бош вазирнинг таклифига кўра қилинаяпти

Андижон вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, Жоме меъморий мажмуи Бош вазир Шавкат Мирзиеев таклифи билан “Андижон Регистони”га айлантирилади:

“Шавкат Миромонович 13 июнь куни вилоят ҳокимига шахсан топширди. “Самарқанддаги Регистонни шу ерда қурасан. Самарқандга бориб, кўриб кел. Худди Самарқанддагидай майдон шу ерда қурилсин”, деб топширди. Ҳозирда бунёдкорлик ишлари бошланган. Эски шаҳар ҳудудидаги ўлкашунослик музейи биноси таъмирланиб, бу ерда "Ёшлар маркази" ташкил этилади. Адабиёт ва санъат музейи жойлашган Жоме меъморий мажмуи реконструкциядан чиқарилиб, унинг олдида "Андижон Регистони" қурилади”, деди ҳокимлик мулозими.

Маълум бўлишича, Бош вазир таклиф қилаётган “Андижон Регистони” қадимий Мусалло майдонида қурилади.

Андижондаги "Катта масжид-мадраса" яъни ҳозирги Жоме меъморий мажмуи мадраса, масжид ва минорадан иборат қадимий ёдгорлик ҳисобланади ва Мусалло майдони бу ёдгорликнинг ажралмас бир қисмидир.

Андижонлик тарихчилар 8 асрлик Мусалло майдонининг “Андижон Регистони”га айлантирилишига ҳам норозилик билан чиқишган.

Лекин ҳозирча бу норозиликлар ҳеч бир кўринишда инобатга олинмаяпти.

Масалага билвосита дахлдор яна бир жиҳат

Бузилиши кутилаётган Жоме меъморий мажмуи таркибига кирувчи 700 йиллик тарихга эга намозгоҳда 90-йилларнинг биринчи ярмида машҳур Абдували қори Мирзаев имомлик қилган эди. Имом бундан 20 йил муқаддам - 1995 йилнинг ёзида Россияга учиб кетаётган пайтда Тошкент аэропортининг самолётга олиб борувчи йўлагидан сирли ғойиб бўлганидан буён ҳануз дараксиз қолмоқда.

XS
SM
MD
LG