Тошкентлик 43 яшар Муслима кўча-куй, жамоат транспортида кўп тўхтатилаётган рўмолли аёлларга 700 минг сўм жарима ва 2 йилгача қамоқ жазоси билан таҳдид қилишаётганини айтмоқда. Унга кўра, рўмолини ечишдан воз кечган аёллар сўнгги икки ой ичида қарийб уйига қамалиб қолган. 18 йил муқаддам рўмол ўраган бу аёл Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва давлатнинг катта-кичик амалдорларида рўмолдан бугунгидек қўрқув ва нафратга илк бор гувоҳ бўлаётганини айтмоқда.
"Рўмоллилар қаттиқ текширувда"
Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи 43 яшар Муслима Озодлик билан ижтимоий тармоқлар орқали суҳбатлашди ва саволларга ёзма жавоб берди.
Муслиманинг айтишича, шу кунда пойтахтда рўмолини "Ислом дини талаблари асосида ўраган" аёллар шаҳарнинг исталган жойида милиция ходимлари томонидан тўхтатилмоқда ва шахси суриштирилмоқда:
"Кўчада рўмолли аёлларни тўхтатиб, ўша ерни ўзида РОВДгами ...телефон қилиб, шахсини суриштириб, кейин қўйиб юборилган ҳолатларга шахсан гувоҳ бўлдим. Метрополитенда ҳам оддий инсонлардан кўра рўмоллилар қаттиқ текшириляпти. Одамлар ғалати қарашяпти кейин. Баъзи бирлари сумкани ўзини текширади. Баъзилари жуда қўпол муомала қилиб, сумкани ичидаги борини сочиб текширади. Нафсониятга тегадиган гаплар ҳам бўлади. Дафтарчалар чиқса, варақлаб кўради", деб ёзди Муслима.
У шу кунларда кўчага қарийб чиқмаётгани, чиқса-да борар манзилига таксида бориб келаётганини ёзди.
Унинг айтишича, пойтахтдаги рўмолли аёлларни бирма-бирма суҳбатдан ўтказиб, имзосини йиғаётган расмийлар уларга очиқдан-очиқ рўмолни ечинг, деб таҳдид қилмоқда ва шу боис, у маҳалла қўмитасига чиқмай куни билан уйда ўтирибди:
"Чиқмадим. Ўзимни олиб қочиб юрибман. Чунки бу қўл қўйишдан кейин бўладиган ёмон оқибатдан қўрқяпман. Кўпчиликдан эшитдим, лекин қўл қўйишганини. Баъзилар норозиман, деб қўл қўйишган", деб ёзди Муслима.
"700 минг сўм ва 2 йилгача қамоқ"
Муслима маҳаллий расмийлари "ёмон оқибат" 2 йилгача қамоқ жазоси бўлиши мумкин, деб тушунтираётганини айтмоқда:
"Дугоналаримдан эшитдим, баъзи бир аёлларни олиб бориб РОВДларга ечмасангиз 700 минг штраф биринчисида, иккинчисида 15 сутка қамоқ, учинчисида 2 йил қамоқ деган гапларни эшитдим. Ҳозир кўчада юриш ҳам хатарли бўлиб қолди", дейди Муслима.
Тошкентдаги маҳалла қўмиталари рўмолини ечмаган аёлларни жамоат жойларида рўмолда юриш қонун билан тақиқланганидан огоҳлантириб, сўнгра огоҳлантирилгани ҳақидаги ҳужжатга қўл қўйдираётгани ўтган ҳафтада хабар қилинган эди.
Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидан Озодликка йўлланган ҳужжатда бу тоифа аёллар "кийиниш маданиятига риоя этмаётган хотин-қизлар" деб қайд этилган. Расмийлар буни Ўзбекистон ИИВ талаби остида қилаётганини айтган.
Озодликка йўлланган ҳужжатда "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"ги қонуннинг 14-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 184-модда, 1-қисми келтирилган.
Рўмоли учун кўчада тўхтатилаётган ёки маҳалла қўмиталари, милиция таянч пунктлари, ИИБга олиб борилаётган аёлларга шу икки қонун ёзилган бир парча қоғоз пеш қилинмоқда ва унинг асосида жазо қўлланишидан огоҳлантирилмоқда.
Аммо, Муслима бирор рўмолли аёлга бундай жазо қўлланганидан хабари йўқлигини айтади:
"Йўқ, ҳозирча фақат босим. Қаттиқ босим. СНБга ёзиб бераман, ҳокимиятга бераман, жарима соламан, қамоққа ташлайман, деб эзиб ташлашади. Маҳалла чақиради кейин ота онаси билан. Ҳокимият чақиради. Ҳокимиятда алоҳида шу масала устида иш олиб борадиган кабинет очишган. Ўша ерга чақиради. Кейин ўша ердагилар тушунтириш ишлари олиб боришади. Ҳокимиятдагилар осонликча қўйиб қўймайди, иложи борича ечтиришга ҳаракат қилади".
Муслима 18 йил муқаддам рўмол ўрагани ва ҳозиргидек кучли тақиб-тазйиққа гувоҳ бўлмаганини айтмоқда. Унинг айтишича, ҳозир мактабдаги рўмолли қизларга нисбатан босим ҳам ҳаддан зиёд кучайган:
"Менинг билишимча, ҳар бир мактаб ва коллежларга айнан шу рўмол билан курашадиган махсус одамлар, асосан 25-30 ёшлардаги Исломга нафрати кучли йигитлар бириктириляпти. Улар Худони берган куни эрталабдан мактаб эшигида туриб олиб, рўмолли қизлардан ечишни талаб қилади. Ҳақорат ёғдириб, қаттиқ гапириб йиғлатиб... Дарс вақтида олиб чиқиб кетиб бир хонага йиғиб олиб тушунтириш хати ёзларинг, дейди. Рўмолни ечаман, ечмасам жиноий жавобгарликка тортилишга розиман, деб ёзишга мажбур қилади", деб ёзади Муслима.
У ҳокимият ва маҳалла фаолларнинг тўхтовсиз босими, мактаб раҳбариятининг таъқиб ва калакаларидан безиган қизчаларнинг рўмолини ечдиришга рози бўлганидан хабардорлигини айтмоқда:
"Кўп ота-оналар ҳукуматнинг таъқибидан, қўрқиб ечтиришди. Лекин ечмай қаттиқ турганлар ҳам бор. Ечмаган бир-иккита коллеж ўқувчиларини махсус назоратга олиб, коллеждан отчисления қилганини биламан. Менимча, ўқитувчиларга ҳам рўмолни ва рўмол ўраган муслималарни хунук кўрсатиб, болаларга фикр бериш буюрилган. Чунки фарзандларимдан эшитаман бундай гапларни", деб ёзади Муслима.
Озодлик билан ижтимоий тармоқлар орқали суҳбатлашган Муслима сўнгги бир неча йил ичида ўзи таниган рўмолли аёлларнинг баъзилари рўмолини ечгани, баъзилари эса расмийлар айтгани каби орқасидан ўрагани, умуман ечмаганлар эса уйига қамалиб қолганини айтди:
"Яқинда ўраганлардан бошқалари ечмаган ҳали. Таниганларим 20 тачаси ечмаган. 3-4таси орқадан қилиб, олдига бойлаб олишган. Ўзбек аёлларига қўйиб беришганида 90 фоиздан кўпи ўраган бўлар эди, деб ўйлайман. Давлатни таъқибидан қўрқади кўпчилик. Бу очиқ динга қаршилик синглим. Экстремизмга алоқаси йўқ купчилик ўранганларни".
Озодлик рўмолли аёллар билан ишлаётган ва улардан рўмолни "ўзбекона миллий услубда орқадан ўраш"ни талаб қилаётган маҳалла фаоллари билан суҳбатлашган, улар бу вазиятни ҳокимият ва ИИВ талаби остида қилаётганини айтган.
Сурия ва Ироқда “Исломий давлат”, Афғонистонда эса Толиблар сафида ўзбекистонлик жангарилардан Ўзбекистонга таҳдид ортаётгани сари ҳукумат ичкарида уларга хайрихоҳ радикалларни қидирмоқда. Диндорлар, хусусан, рўмолли аёлларни қайта суҳбатдан ўтказиб, уларнинг янгиланган рўйхатларини тузмоқда.