Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:08

Жиззах туманида 200 қарздор фермернинг "уйи куйди"


Фермерларнинг мол-мулки милиция ходимлари босими остида тортиб олиняпти
Фермерларнинг мол-мулки милиция ходимлари босими остида тортиб олиняпти

Жиззах туманидаги давлатга пахта ва буғдой сотиш режасини бажармаган ҳамда таъминотчи корхоналар, банклардан қарздор бўлиб қолган фермерлар мол-мулкини мусодара қилиш амалиёти давом этмоқда. “Ойболта” деб номланган бу тадбир давомида, фермерларнинг айтишларича, уларнинг бор-буди тортиб олинмоқда.

Жиззах вилояти Жиззах туманидаги икки юздан ортиқ фермернинг мол-мулки суд ижро департаменти томонидан тортиб олинди.

Бу ҳақда Озодликка гапирган фермерлардан бирининг айтишича, милиция ходимлари босимида ўтказилаётган “Ойболта” тадбирига фермерлар қаршилик қила олмаяпти:

- Бир гуруҳ бўлиб келишаяпти. Суд ижро департаменти, ҳокимият, адлия, милиция ходимлари 7-8 киши бўлиб. Қарздор фермерларнинг уйидан кўзга кўринган нима нарсаси борки, ҳаммасини олиб кетишаяпти, деди ўз хавфсизлиги учун чўчиганидан исми сир қолишини сўраган фермер.

Исми сир қолишини истаган жиззахлик бошқа фермер эса “Ғозғонтепа даласи” фермер хўжалиги раҳбари Мақсуда Имомованинг уйидан гиламларигача олиб чиқиб кетилганига гувоҳ бўлганини айтади:

- Мақсуда опа хўжалигимиздаги энг эски фермерлардан. Шу пайтгача ҳамма режаларни бажариб келган. Бу йил эса буғдой ва пахтаси яхши бўлмай қолди. Қарийб 90 миллион сўм қарздор бўлиб қолган экан. Шу опанинг уйига бир группа бўлиб келишганининг гувоҳи бўлдим. Опанинг тракторини, культивациясини олишди. Ижрочи бу етмайди деди. Опанинг ғурури келиб, уйидан тўртта гиламини ҳам олиб чиқиб ташлади. Ҳаммасини олиб кетишди, деди фермер.

Озодлик манбасининг айтишича, у “Арисли оқ олтини”, “Ўртабўз даласи” каби фермер хўжаликларининг мол-мулки мусодара қилинаётганига ҳам гувоҳ бўлган:

- Фермерлар “Ойболта” бўлиб келган ҳокимият вакили ва бошқа мулозимларга бу қарзларнинг қаердан пайдо бўлганини синчиклаб текшириш кераклигини айтдилар. Лекин улар ҳеч кимга қулоқ солмади. Ваҳоланки, биз фермерлар бекордан бекорга қарз бўлиб қолмаймизку. Бу йил баҳорда буғдой энди авжига кирганда совуқ уриб кетди. Ғўза айни шонага кирган пайтда сув бўлмади, кейин ўша пайтда жазирама иссиқ бўлди. Натижада ғўза ҳосилини тўкиб ташлади. Булар қарздорсан деб айтаётган пуллар ахир шу буғдой ва ғўза парваришига сарфланганку, нега буни ҳисобга олишмайди. Нега табиат етказган талафотни ҳисоблаб чиқишмайди? Нега ўзлари сувни етказиб беришолмайдию, бизнинг мол-мулкимизни талайди?, деди фермерлардан бири.

Фермерга кўра, "Ойболта" тадбири ҳокимиятга яқин бўлган фермерларни четлаб ўтмоқда:

- Масалан, фермер Мақсуда Имомова пахта топшириш йиллик режасини 65 фоизга бажарди. Лекин режани 10-15 фоиз қилиб бажарган, катта қарзи бор баъзи фермер хўжаликларига эса ҳеч ким тегинмаяпти. Тегинолмайди ҳам, чунки улар ҳокимиятга яқин одамлар. Бирининг мелиса, яна бирининг прокуратурадан кришалари бор. Камбағални эса туяни устида ит доим қопиб келган ва бугун ҳам қопишда давом этмоқда¸ деди фермер.

Жиззах тумани ҳокимлигидан фермерларнинг мол-мулки тортиб олинаётгани воқеасига муносабат олиш имкони бўлмади.

Ўзбекистонлик фермерларнинг кўпчилиги, айниқса, жорий йилги пахта ва ғалла режасини топшириш ҳаракатлари оқибатида давлатдан қарздор бўлиб қолган. Давлат хусусий фермерларга пахта ва ғалла учун тўлайдиган ҳақ харажатларни қопламаслиги боис, давлатдан қарзга олинган олинган нефть маҳслуотлари ва ўғит ҳақини тўлай олгани йўқ.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси билан ташкил этилган “Ойболта” номли махсус гуруҳлар фермерлар қарздорлигини тугатиш чора-тадбирларини амалга оширмоқда.

“Ойболта” амалиёти оқибатида кейинги ҳафталар ичида мамлакат бўйлаб юзлаб фермерларнинг хусусий машинасидан тортиб, телевизор, гилам ва маиший рўзғор буюмларигача мусодара этилди.

XS
SM
MD
LG