Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:10

Рустам Азимов Ўзбекистон эркин савдо ҳудудига оид таклифни кўриб чиқишга ҳозир эмаслигини билдирди


Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов.
Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов.

Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида эркин савдо ҳудуди ташкил этиш масаласини ишлаб чиқиш ҳақидаги таклифни кўриб чиқишга тайёр эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов 15 декабрь куни Хитойнинг Жэнжоу шаҳрида ўтган ШҲТга аъзо мамлакатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлисида билдирди.

ШҲТ доирасида эркин савдо ҳудуди яратиш бўйича конкрет чора-тадбирлар ишлаб чиқиш таклифини Хитой бош вазири Ли Кэцян ўртага ташлаган.

“Жаҳон” ахборот агентлигининг хабар қилишича, Рустам Азимов Хитой бош вазири таклиф қилган йўналиш ташкилотга аъзо давлат раҳбарлари томонидан шу йил июлида Уфа саммитида тасдиқламиш ШҲТнинг 2025 йилгача бўлган Тараққиёт стратегиясида кўзда тутилмаганини қайд этган.

“Жаҳон иқтисодиётида юзага келган мураккаб вазиятда ШҲТ мамлакатларининг барқарор ривожланиши учун иқтисодиёт, инвестициялар ва транспорт алоқалари соҳасида ўзаро манфаатли ва келишилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш вазифаси алоҳида долзарблик касб этади”, деган Рустам Азимов.

Ўзбекистон бош вазири биринчи муовини Ўзбекистон ШҲТ доирасида савдо-иқтисодий алоқаларини янада ривожлантириш, ўзаро савдо-сотиқни рағбатлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, сармоя ётқизиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, ШҲТнинг транзит имкониятларини кенгайтиришга оид лойиҳаларни ёқлашини билдирган.

“Таъкидлаб ўтишни истардимки, самарали транспорт алоқалари ва инфратузилмани такомиллаштириш ва модернизациялаш соҳасида конкрет лойиҳаларни амалга ошириш иқтисодий мақсадга мувофиқлик ва асосланганлик тамойили асосида амалга оширилиши ҳамда минтақа давлатларининг умумий манфаатларини максимал даражада ҳисобга олиши лозим”, деган Ўзбекистон бош вазири биринчи муовини.

Ўз сўзида Азимов яна Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ҳиндистон ва Покистоннинг тўлақонли аъзо сифатида қабул қилинишини қўллашини таъкидлаган.

Жэнжоудаги йиғинда Ўзбекистон бош вазири муовинидан ташқари Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистон бош вазирлари қатнашган. Мазкур саммитга ШҲТда кузатувчи мақомига эга бўлган Афғонистон, Беларус, Ҳиндистон, Эрон, Мўғулистон ва Покистон каби давлатлар делегациялари ҳам таклиф қилинган.

Бош вазирларнинг тор (ШҲТга аъзо давлатлар) ва кенгайтирилган таркибда (ШҲТга аъзо давлатлар ва кузатувчи мақомига эга бўлган давлатлар) ўтказилган учрашувлари доирасида қўшма коммюнике, ШҲТга аъзо давлатлар божхона хизматларининг 2016-2021 йиллардаги ҳамкорлик дастури, ШҲТ котибияти ҳамда БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО) котибияти ўртасида Англашув меморандуми имзоланган.

XS
SM
MD
LG