Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:56

Муҳожирни уриб ўлдирган москвалик уч полициячи устидан тергов якунланди


Фарруҳ Ўрозов (ўнгда) укаси Илҳом билан
Фарруҳ Ўрозов (ўнгда) укаси Илҳом билан

Солнечногорск район полициясининг Тожикистон фуқаросини ўриб ўлдирганликда айбланаётган уч ходими устидан тергов ўз якунига етди. Ўтган йилнинг 18 сентябрида 6 яшар қизни зўрлашда айбланиб полиция бўлимига олиб келинган 39 ёшли тожикистонлик Фарруҳ Ўрозовнинг жасади эртаси куни эрталаб танасида 75 та калтак изи ва 13 қовурғаси синган ҳолатда полиция кабинетларидан бирида топилган.

Москва вилояти бўйича Тергов қўмитаси Солнечногорск тумани Ички ишлар бўлими жиноят-қидирув бўлинмаси ходимлари Станислав Дейкун, Андрей Чернышев ва Владимир Гордеевларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг қатор моддалари асосида қўзғатилган жиноий иш терговини ўз якунига етказганини эълон қилди.

Изқуварлар 2014 йилнинг 18 сентябрида Тожикистоннинг Фархор туманидан бўлган муҳожир Фарруҳ Ўрозовни ҳибс этганидан кейин дўппослаб ўлдирганликда гумон қилинмоқда.

Москва вилояти бўйича Тергов қўмитаси расмий вакиласи Ольга Брадий Озодлик билан суҳбатда тергов қўмитаси олиб борган тиббий экспертиза натижасида тожикистонлик йигит қовурғалари синиши оқибатида жон бергани аниқланганини маълум қилди.

- Тергов хулосасига кўра, 2014 йилнинг 17 сентябрь куни Солнечногорск тумани Редино қишлоғида истиқомат қилувчи бир аёл номаълум шахс унинг 6 яшар қизчасига нисбатан жинсий зўравонлик ҳаракатларини амалга оширганини хабар қилган. Текширув пайтида бу шахс аниқланиб, жиноят қидирув бўлими оператив ходимлари томонидан полиция участкасига олиб келинган. 18 сентябрь куни эрталабки соат 7 ларда бўлинма кабинетларидан бирида бу шахс ўлик ҳолда топилган, деди Ольга Брадий.

Фаррух Ўрозовнинг полиция бўлимидан келтирилган жасади
Фаррух Ўрозовнинг полиция бўлимидан келтирилган жасади

Тергов қўмитаси расмийси ўлдирилган Фарруҳ Ўрозовнинг танасига камида 75 маротаба қаттиқ зарба берилгани, у 13 қовурғаси синиши оқибатида жон таслим қилганини қўшимча қилди.

Нобуд бўлган муҳожирнинг укаси Илҳом Алихонов полиция бўлимидаги ҳодисадан кейин Москвада жойлашган “Қийноқларга қарши қўмита”га мурожаат қилди. У Фарруҳ қўлга олинган куни ўзининг ҳамюрти Фирдавс Сатторов билан бирга ҳибс этилганини сўзлаб берди.

Маълум бўлишича, Илҳом ва Фирдавс эндигина ишдан келганида Фарруҳ ухлаб ётган бўлган. Ўн дақиқалардан кейин хонага бостириб кирган полициячилар Фарруҳни ўрнидан тургизиб, кишанланган ҳолда Солнечногорск полиция бўлимига олиб кетган. Кейинроқ Илҳом акаси қўшниси бўлган аёлнинг 6 ёшли боласини зўрлаганликда айбланаётганини билган.

Полицияга келиб у бўлим ичкарисида акасининг дод-войларини эшитгани, эшиги очиқ қолган хонада ерда ўтирган Фарруҳни кўриб қолганини айтиб берган: қўллари боғланган маҳбуснинг бутун бадани калтаклардан кўкариб кетгани, унинг атрофи қон эканига гувоҳ бўлганини маълум қилди.

“Қийноқларга қарши қўмита” ходими Сергей Бабинец Ўрозов ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилгани ва полициячилардан бири зудлик билан қўлга олинганини хабар қилди.

Тергов давомида 39 ёшли Фарруҳнинг ўлимига яна иккита ходим алоқадор экани ва кейинроқ улар ҳам ҳибс этилгани маълум бўлди. Бу ходимлар лавозимларидан зудлик билан бўшатилди, полиция бўлими раҳбарияти интизомий жазога тортилди.

Тожикистон Республикасининг Россиядаги элчихонаси матбуот котиби Муҳаммад Эгамзод Озодлик билан суҳбатда бундай ҳолатлар олдин ҳам кузатилгани, аммо одатда оддий муҳожирга нисбатан адолат қарор топмаслигини эслатди.

- Биз Тожикистон фуқароларига нисбатан қилинаётган ҳар бир бу каби ишларни алоҳида назоратга оламиз ва кузатиб борамиз. Ҳар ҳолда, муҳожирлар ўлими билан боғлиқ бошқа ишлардан фарқлироқ, бу жиноят иши якунига етди. Аммо фақат одил тафтиш ва одил ҳукмнинг чиқарилиши Россияда маданиятли жамият мавжудлиги, бу жамият ҳуқуққа асосланганини намойиш эта олади, деди элчихона расмийси.

Сергей Бабинец бир йил давом этган тергов давомида бирорта собиқ полициячи ўз айбига иқрор бўлмади, дейди:

- Эндиликда биз жабрланувчи Алихонов манфаатларини судда ҳимоя қиламиз. Мақсадимиз – Ўрозов ўлимида айборларга нисбатан адолатли ҳукм чиқарилиши, кейинчалик – Фарруҳнинг яқинларига маънавий зарар қопланишига эришишдир, деди адвокат Бабинец.

39 яшар Фаррух Ўрозов Солнечногорск шаҳри яқинидаги қурилишлардан бирида ишлаб келган. Ўша куни кечки пайт ишдан қайтиб келганидан кейин қўшниларидан бирининг арзи асосида ҳибсга олинган.

Бугунги кунга келиб, расмий маълумотларга кўра, йилига 1 миллиондан зиёд меҳнат муҳожири Тожикистондан иш излаб Россияга келади. Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳисоб-китобича, ҳар йили улардан 1 мингдан зиёди темир тобутда ўз Ватанига қайтиб келади.

Тожикистонга охиргилар қаторида келтирилган - 2015 йилнинг 13 октябрь куни Петербургда миграция қонунчилигини бузганлиги учун ушланган онасидан тортиб олинганидан бир неча соат ўтгач жон берган 5 ойлик гўдак Умарали Назаров жасадидир.

Ҳозирча Россиядан келтирилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар жасадлари сонига оид бирор аниқ маълумот эълон қилинмаган.

XS
SM
MD
LG