Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:21

Ўзбекистонда хориждан қайтганлар мажбурий ОИТС текширувидан ўтказилмоқда


Уч ойдан кўпроқ муддат чет элда бўлиб қайтган ўзбекистонликлар юқумли касалликлар, хусусан, ОИТС ва ОИТВ бўйича мажбурий тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Тиббий кўрикдан бош тортганганлар маҳалла ва участка нозирлари босими остида мажбурлаб поликлиникаларга олиб келинмоқда. Бундай кескин чора-тадбирларга қўл урилаётганини расмийлар хорижга бориб қайтганлар орасида тери-таносил касалликлари, жумладан, ОИТС ва ОИТВ кўпайгани билан изоҳлашмоқда.

Ўзбекистондаги ОИТСга қарши кураш марказларидан бирининг ходимига кўра, ОИТВ касаллиги тарқалишига қарши курашиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ хорижда уч ойдан кўпроқ вақт бўлиб қайтган ҳар бир фуқаро ОИТС ва ОИТВ бўйича текширувлардан ўтиши мажбурий қилиб белгиланган:

- Чет давлатларда бўлиб қайтганларни кўрикдан ўтказиш бўйича қонун бор. Уч ойдан кўпроқ вақт давомида четда бўлиб қайтган ҳар бир фуқаро бир ҳафта ичида кўрикдан ўтиши шарт. Республика бўйича 232та поликлиникада очилган ишонч марказлари бор. У ерда бепул, аноним тарзда қилинади бу, - деди ОИТСга қарши кураш марказларидан бирининг исми сир қолиши шарти билан гапирган ходими.

Бундай чора-тадбирларга қўл урилаётгани хорижга бориб қайтганлар орасида тери-таносил, жумладан, ОИТС ва ОИТВ касалликлари кўпайгани билан изоҳланмоқда.

Тошкентнинг Олмазор туманидаги 14-сонли поликлиника шифокорларидан бирининг Озодликка айтишича, хорижга кетган айрим ўзбек аёллари фоҳишалик билан шуғулланиш орқали турли касалликларни юқтириб келмоқда, четга ишлашга кетган ўзбек эркаклари эса пала-партиш жинсий алоқа қилиш ортидан юқумли касалликларни мамлакатга олиб келмоқда:

- Чет элга кетаётганлар у ердаги яшаш шароити билан боғлиқ ҳар хил касалликларни, шу жумладан, ОИТВ касалликларини ҳам ўзлари билан олиб келяпти. У ерда ҳеч ким сизни ортингиздан кузатиб юрмайди. Ҳеч ким уларни нотўғри йўлда кирмаганига кафолат бермайди. Биттагина аниқлаш усулимиз шу. Сиз оддий тест топшириб, ўзингизни соғлом эканингизни билсангиз, биринчидан ўзингизга яхши, оилангизга ҳам яхши, мамлакат учун ҳам фойдали. Чунки одам инфекцияни юқтириб олганини ўзи ҳам билмайди. Касаллик вақтида аниқланса, даволаш ҳам осон бўлади, бошқаларга ҳам юқмайди, - дейди тошкентлик шифокор.

Хорижда бўлиб қайтганлар тиббий кўрикдан ўтмаса оқибати нима бўлади, деган саволга Республика ОИТСга қарши кураш маркази мулозими шундай жавоб берди:

- Бу маҳаллага юклатилган. Маҳалла талаб қилади. Участка нозирлари ҳам буни назорат қилади. Чет элда узоқ вақт бўлиб қайтган бўлса олдин маҳалла чақиртиради, кейин участкавой чақиртиради. Кўрикдан ўтган бўлса унга ўтгани ҳақида справкани кўрсатади. Агар кўрикдан ўтмаган бўлса, мажбурий олиб бориб текширтиришга ҳаққи бор участкавойни, - дейди ОИТСга қарши кураш маркази мулозими.

Айни пайтда Озодлик муштарийлари мамлакат поликлиникаларида тиббий кўрикдан ўтганини тасдиқловчи справкани олиш катта пул эвазига бўлаётганини айтишди:

- Арзимаган справка учун тўқсон минг сўм сўрашяпти. Улар ҳам қарайди-да, чет элда бўлиб қайтган, пул ишлаб қайтган, соғиш керак, деб ўйлашади. Текширувдан ўтмай ҳам справкани пулга сотиб олаётганлар бор. Ҳаммаси пул бўлиб кетган ҳозир. Менимча четда ишлаб қайтганларни пулини шилиш учун ўйлаб топилган бўлса керак бу, - дейди Росcияда ишлаб яқинда Тошкентга қайтган Тоҳир.

Тошкентнинг Олмазор туманидаги 14-сонли поликлиника шифокори эса бу иддаони рад қилади:

- Оддий спарвка учун топширсангиз текин. Пуллиги ҳам бор. Сертификат керак бўлса, тўғри, пуллик, у ҳам кўп эмас 20 минг сўм бўлади. Учаткавойларга тиббий кўрикдан ўтганликни тасдиқлаш учун оддий бепул справка кифоя. Ҳеч ким тиббий кўрикдан ўтгани келганларга пул бермасанг ўтмайсан деётгани йўқ, - деди поликлиника шифокори.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сон жиҳатдан Россиядаги хорижликлар орасида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Россияда 2 миллион 700 минг, норасмий манбаларга кўра, камида 5 миллион ўзбекистонлик муҳожир бор.

Сўнгги ойларда Россия иқтисодида тушиш кузатиларкан кўплаб ўзбекистонлик меҳнат мухожирларининг Ўзбекистонга қайтиб кела бошлагани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG