Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:32

Марғилонлик норозилар 4 кундан бери газ-светсиз кўчада ўтирибди


Марғилонлик: "Ҳоким норозилик билдириб, кўчага чиқмасликни уқтирди, лекин уйлар совуқ бўлгани учун одамлар кўчага чиқиб оляпти".
Марғилонлик: "Ҳоким норозилик билдириб, кўчага чиқмасликни уқтирди, лекин уйлар совуқ бўлгани учун одамлар кўчага чиқиб оляпти".

Фарғона вилояти Марғилон шаҳри маҳаллаларидан бирида газ ва электр тақчиллигидан норозилар тўрт кундан бери кўчага чиқмоқда. Ўзбекистонда газ ва электр тақчиллиги билан боғлиқ вазият кундан кунга ёмонлашаётгани кузатилмоқда. Айниқса, газ қувурларидан узиб қўйилган қишлоқларда электр қуввати кунига 2-3 соатдан берилаётгани, айрим қишлоқларда эса бир неча кунлаб ўчириб қўйилаётгани аҳолини қийин аҳволга солиб қўйган. Лекин кейинги йилларда қувурлардан узилмаган шаҳарларга ҳам чекланган миқдорда газ берилаётгани шаҳарликлар орасида норозиликни кучайтирмоқда ва норозилик акцияларини кўпайтирмоқда.


Фарғона вилояти Марғилон шаҳрининг "Саховат" маҳалласи аҳли 4 кундан бери газ ва электр қуввати узиб қўйилганидан норозилик билдириб кўчага чиқмоқда. Ундан аввал Фарғона шаҳрининг Қиргули мавзесида ҳам газ, электр, ичимлик суви тақчиллигидан норозилик билдирганлар муаммоси қисман ҳал бўлганидан илҳомланган марғилонликлар шаҳардан ўтадиган йўлни тўсиб қўйгани ҳақида Озодлик хабар қилди.

"Саховат" маҳалласи аҳли талабларини тинглаган Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигида прокуратура, газ идораси ва бошқа мутасаддилар Марғилонга борганига қарамасдан, 22 декабрь куни маълум бўлишича, марғилонлик норозилар талаби бажарилгани йўқ.

Электр йўқлигидан Саховат маҳалласидан ўтувчи йўлларда светофорлар ишламаяпти.
Электр йўқлигидан Саховат маҳалласидан ўтувчи йўлларда светофорлар ишламаяпти.

"Саховат" маҳалласида норозилик билдираётган аёллардан бири сешанба куни Озодлик билан суҳбатда вазиятда ижобий ўзгариш кузатилаётгани йўқ, дея билдирди.

“Муаммони ҳал қилиб бериша олмаяпти. Сув келса, газ йўқ, газ келса, свет йўқ. Жуда қийин бўляпти. Кеча газни улаб кетишган эди. Бугун яна на свет бор, на газ бор, на сув. Маҳалламиз, асосан кўп қаватли уйлардан иборат. Бирорта хонадонга сув чиқмаяпти. Повалда сув зўрға жилдираб оқади. Вилоят ҳокимининг ўзи келди, суҳбат ўтказди. Кўчага чиқманглар, деб уқтирди. Лекин уйлар совиб кетган, кўчадан фарқ қилмайди. Шунга одамлар чиқяпти. Ҳозир кундуз куни ҳамма ишда, шунда ҳам 15-20 киши кўчада тўпланиб турибди. Кечқурун ишдан қайтса, яна ҳамма кўчага чиқиб олиши мумкин. Хуллас, вазият қийин”, дейди Марғилон шаҳри "Саховат" маҳалласи турғуни.

Саховатлик фуқаролар Озодликка вазиятни акс эттирувчи суратларни жўнатмоқда. Расмларда электр йўқлигидан маҳалла ҳудудидан ўтувчи йўллардаги светофорлар ишламаётганини кўриш мумкин.

Газ, электр ва сув йўқлигидан норози яна бир марғилонликнинг айтишича, расмийлар газ тақчиллигини вилоят учун ажратилган лимит билан изоҳлашмоқда. Лекин, маҳалла яқинидаги оҳак ишлаб чиқарадиган йирик цехга тўхтовсиз газ берилаётгани аҳолининг норозиликларини кучайтирмоқда, деб ҳисоблайди у.

“Табиий газ тепадан берилмаяпти, деб баҳона қилишяпти. Лекин оҳак заводи ишлаяптику?! Маҳалламизнинг нарироғида, Марғилонга кираверишда, катта оҳак цехи бор, хусусий тадиркорларга қарашли. Ўша ишлаб ётибди. Қишнинг кунида аҳолига газ бермасдан, оҳак цехига бериш тўғри бўлмаса керак, ахир?” дейди марғилонлик суҳбатдош.

Электр йўқлигидан Саховат маҳалласидан ўтувчи йўлларда светофорлар ишламаяпти.
Электр йўқлигидан Саховат маҳалласидан ўтувчи йўлларда светофорлар ишламаяпти.

Норозилик акциялари Ўзбекистон учун 2005 йил Андижон воқеаларидан кейин камдан-кам учрайдиган ҳолга айланган. Лекин газ ва электр тақчиллигига қарши норозиликлар кейинги пайтларда кўпаймоқда.

Ўтган ҳафта Фрағонанинг Қиргули мавзесида ҳам газ тақчиллигидан норозилар кўчага чиққан эди.

Йил бошида Навоий вилояти Хатирчи тумани Мирзо Улуғбек деҳқон фермерлар уюшмаси ҳудудида яшовчи элликка яқин аёл электр энергияси тақчиллигидан норозилик билдириб, Хатирчи-Зарафшон йўлини тўсиб қўйган. Хатирчилик манбаларга кўра, туман ҳокими воқеа жойига келиб, чироқни ўчирмасликка ваъда бергач, норози аёллар тарқалган.

Навоийда ҳам, Фарғонда ҳам норозилик намойишлари зўравонликларсиз ўтганини қайд этиш жоиз.

Газ ва электр қуввати йўқлигидан шикоятлар Озодликка Ўзбекистоннинг деярли барча вилоятларидан келмоқда. Шикоятлар сони кундан-кунга кўпаяётгани ва хабарлар мазмунидан вазият борган сари ёмонлашаётганини хулоса қилиш мумкин.

Аввалги хабарларда Озодлик муштарийлари электр қуввати кунига 3-4 соат, газ ҳам ўта чекланган тарзда берилаётганидан шикоят қилган бўлса, шу кунларда келаётган хабарларда электр қуввати 24 соат ичида ўртача 2-3 соат берилаётгани, айрим ҳудудларда эса электр қуввати ҳам, газ ҳам бир неча кунлаб ўчириб қўйилаётгани айтилади.

Хусусан, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидан келган хабарда “Бизда ток хоҳлаганда ёнади, хоҳлаганда ўчади. Кунига нари борса, 2 соат берилади. Унинг ҳам аниқ вақти йўқ”, дейилади.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидан келган хабарда айтилишича, Озодбош қишлоғида қиш совуғи авж олиши билан электр ҳам, газ ҳам бир неча кунлаб ўчириб қўйилиши одатий ҳолга айланган.

“Электр эрталаб 8да ўчади, кейин кечаси 12да, ёки эртасига 12да келади. Унда ҳам атиги 2 соатгина ёнади. Газни-ку гапирмаса ҳам бўлади”, дея шикоят қилди бўстонлиқлик муштариймиз.

Ўзбекистон йилига 60 миллиард куб метргача табиий газ қазиб олишини иддао қилишига қарамасдан, ўзбекистонликлар йиллардан бери газ тақчиллигидан азият чекади.

Шунингдек, ўзбекистонликлар электр тақчиллигидан қийналаётган бир пайтда, Тошкент ҳукумати келаси йилдан Афғонистонга сотиладиган электр ҳажмини оширишини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG