Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:55

Жиззахлик насроний армани йигит ИШИДчига чиқарилди


ИШИДга алоқадорликда айбланаëтган Арамаис Авакян
ИШИДга алоқадорликда айбланаëтган Арамаис Авакян

Жиззахлик фермер, асли миллати армани бўлган Арамаис Авакян ИШИДга хайрхоҳликда гумон қилиниб, 4 сентябрдан бери ҳибсда қолмоқда. Аммо яқинлари 33 яшар Авакяннинг ҳибсга олинишига унинг фермерлик фаолияти сабаб бўлганини айтишади. Яқинлари унинг тергов давомида қийноққа тутилаётганини айтишмоқда.

“Эримни тергов пайтида ўлдиришган бўлса керак, келтирган озиқ-овқат ва дори-дармонларни ҳам қабул қилмай қўйишди”, деди Озодлик билан суҳбатда маҳбуснинг хотини Ширин Турсунова.

Жиззах ҳуқуқ-тартибот органларидаги Озодлик манбаси Арамаис Авакяннинг ўлмагани, аммо тергов пайтида “стулдан йиқилиб, майиб” бўлганини айтди.

“Арамаис Авакян ва унинг 4 нафар шериги “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш” (Ўзб.ЖК 159-модда) ва “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш” (Ўзб.ЖК 244-модда) каби моддалар бўйича айблов эълон қилиниб, судгача эҳтиëт шарти билан, ҳибсда қолмоқда. Авакян бундан ташқари 169-модда, яъни “ўғирлик” бўйича ҳам айбланмоқда. Терговни аввалига Дилмурод Болбеков исмли терговчи олиб борган¸ Шерзод Ҳолов эса тугатиб судга топширган. Тергов 7 декабрда тугади¸ маҳбуслар судни кутишяпти", деди Озодлик манбаси.

Унинг таъкидлашича¸ Арамаис Авакян ва унинг тўрт нафар шериги устидан очилган жиноий ишни Жиззах вилояти бош прокурори Бахтиёр Абдуллаевнинг шахсан ўзи назорат қилмоқда.

Авакянни сўроқ қилган Шерзод Ҳоловга яқин манбанинг айтишича¸ маҳбуслар¸ хусусан, Авакяннинг “ИШИДга ҳайрхоҳлиги” ундан мусодара қилинган телефондан юборилган СМС хабарномасида акс этган.

Терговчига яқин манбалар Арамаис Авакяннинг соқол қўйганини ҳам ИШИДга ҳайрхоҳлик дея малакалашган.

Озодлик бу расмий айбномаларни ўрганиш асосида бир неча зиддиятлар мавжудлигини аниқлади.

“Насроний эримни радикал мусулмонга чиқаришди”

Озодлик билан суҳбатда маҳбуснинг хотини Ширин Турсунова эрига қўйилаëтган айблар тўқима эканлигига эътибор қаратди.

"Эрим насроний эди. Омин қилишни ҳам билмасди. Унга тўҳмат қилиб, исломий экстремист, деган айбни юклашмоқчи. Соқол қўйгани масаласига келсак, арманиларда одат бор: яқинлари ўлганида 40 кун соқолни олмай юришади. Эрим укаси ўлганда ва бобоси оламдан ўтганда шу одатга риоя қилиб, соқолини олмай юрганди¸ дейди суҳбатдош.

Ширин Турсунова
Ширин Турсунова

​Арамаис Авакянни сўроқ қилган Шерзод Ҳоловга яқин манбанинг айтишича¸ маҳкум Авакян Ширин Турсуновага уйланган пайти Исломни қабул қилгани ҳақида никоҳ ўқиган имом кўрсатма берган.

Ширин Турсунова эса бунинг ғирт уйдирма эканини таъкидлайди.

“Ғирт ëлғонку бу. Бизга никоҳ ўқиган имом икки йил олдин оламдан ўтиб кетган. Айблов хулосасида гўë мени номимдан ҳам шунақа гаплар ëзилган. Бу ғирт ëлғон”, дейди Ширин Турсунова.

Ширин Турсунова билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:22 0:00
Бевосита линк

Жиҳод ҳақидаги СМС

Авакянни сўроқ қилган Шерзод Ҳоловга яқин манбанинг айтишича¸ тергов тасарруфида айбланувчилар тарафидан юборилган СМСлар мазмуни “жиҳодга кетиш” ҳақида бўлган.

“Бу СМСлар уларга қарши асосий далил исботдир”, деди Озодлик манбаси.

Авакян бошига тушган можаролар ҳақида бир неча мақола ëзган асли жиззахлик ва ҳозир Канадада истиқомат қиладиган журналист Улуғбек Ҳайдаровга кўра “жиҳод ҳақидаги СМС МХХ турмасидан юборилган”.

“Авакян 4 сентябрь куни¸ унинг шерикларидан бири эса 3 сентябр куни йўқолиб қолганди. Йўқолган йигитларнинг яқинлари 40 кун давомида Ички ишлар ва МХХ ходимлари билан биргаликда фарзандларини қидириб юрган кезда, ғойиб бўлган йигитлардан “Биз Қозоғистондамиз. Шу ердан жиҳодга кетамиз. Биздан рози бўлинглар”, мазмунидаги СМСлар келди. Бундай СМСга йўқолиб қолган йигитларнинг яқинлари ишонмаган ва қидирувда давом этган. Орадан 40 кун ўтгач, яъни 14 октябрь куни, йигитларнинг барчаси вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати ҳибсхонасида экани маълум бўлди”, дейди Улуғбек Ҳайдаров.

Ўғирланган йигитларнинг оила аъзолари, вилоят МХХ терговчиси Дилмурод Болбеков имзоси билан, “Фарзандингиз 4 сентябрь куни ҳибсга олинган” мазмунидаги билдирувнома олишган.

МХХ билдиришномаси
МХХ билдиришномаси

СМСлар юборилган куни эса 5 сентябрь экани юзага чиқди. Улуғбек Ҳайдаров ўз журналистик суриштируви асносида бу СМС мактубларни СНБ ходимлари юборган деган ҳулосага келди:

“Нега энди 4 сентябрь куни ҳибсга олинганларни 40 кун давомида МХХ ва милиция уларнинг ота-оналари билан биргаликда қидирди? Қандай қилиб, бу йигитлар ҳибсхонадан туриб, ота-онасига қозоқ телефон номерларидан “Биз жиҳодга кетдик” деган СМС йўллашади? Бу саволлар хозиргача жавобсиз қолаяпти”, дейди Улуғбеки Ҳайдаров.

Сазойи қилинганлар

Қамалганларнинг яқинлари суд бўлмасдан туриб маҳаллада сазойи қилинди.

14 декабрь куни Жиззах шаҳрининг Бобур махалласида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида маҳалла раиси ҳали устидан суд ҳуми ўқилмаган Арамаис Авакянни “ИШИДчи ва террорчи”, деб атаган ва МХХдан келган мактубни ўқиб берган.

Мактубда Арамаис Авакян ва унинг 4 нафар ўртоғи, Ўзбекистондаги Конституциявий тузумни ағдариб ташламоқчи бўлгани, бундан ташқари “бир милиция ходимини ўлдириб, мурдани балиқ ҳовузига ташлаб юборгани”, баён этилган.

Бу мажлисда қатнашган Арамаиснинг рафиқаси Ширин Турсунова Озодлик билан суҳбатда, мактубда ёзилган жиноятларни эри қилмагани, мактуб қуруқ тухмат ва бўхтондан иборат эканини баланд овозда билдирмоқчи бўлгани¸ бироқ маҳалла оқсоқоллари унинг гапиришига имкон бермаганини айтди.

Суҳбатдошга кўра¸ маҳалла оқсоқоли ўқиб берган МХХ идорасидан келган мактуб сўнгида бундан буён маҳалладаги ёшларнинг Арамаис ва унинг шериклари каби жиноят йўлини тутмасликлари учун кенг миқёсда тушунтириш ишлари олиб бориш кераклиги таъкидланган.

Ушбу воқеаларни ўрганган журналист Улуғбек Ҳайдаров йиғилиш бўлиб ўтган “Бобур” маҳалла кенгашидаги фуқаролардан бири билан гаплашганини айтади:

“Менга айтишича, йиғилишда ҳамма жим ўтирган. МХХдан келган мактуб эса худди суд ҳукми каби ўқиб берилган. Одамни этини жунжуктирадиган жиноятлар бирма-бир санаб ўтилган ва айбсизлик презумпциясига зид тарзда Фурқат, Акмал, Арамаис, Темур ва Дилшод деган болалар ана шу жиноятларни ижрочиси, деб айтилган. Бу худди Сталин даври қатағонларини эслатмайди-ми?” дейди Улуғбек Ҳайдаров.

У “Бобур” маҳалла фуқаолари йиғини ва МХХ мулозимлариниг ўзи қонунни оëқ ости қилганини айтади.

“Ўзбекистон Бош қомусининг 26-моддасида шундай дейилган: “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди”. Шундан келиб чиқсак, мулозимлар конституцияни оëқ ости қилиб, айбсиз одамларни сазойи қилмоқда”, дейди суҳбатдош.

Руҳий босим

Ҳибсда сақланаётган Арамаис Авакяннинг рафиқаси Ширин Турсунова Озодлик билан суҳбатда¸ ҳали 1 ëшга тўлмаган фарзандини қучоғига олиб кунора вилоят МХХ ва Ички ишлар бўлимига қатнаса ҳам, эри билан учраштирилмаганини айтади.

Озодликка маълум бўлишича, Авакяннинг адвокати Лайло Абдуллаевага ҳибсга олинганлар билан учрашиш имкони берилган.

Ширин Турсинованинг айтишича¸ адвокатнинг тергов изоляторидан олиб чиққан хабари қўрқинчли бўлган.

“Эрим оқсоқланиб юрибди экан. Баданларида кўкарган ва моматалоқ бўлган жойлар бор, деди. Ишқилиб, ўлмаган бўлса бўлди”, дейди суҳбатдош.

Ҳоким назарига тушган ҳовуз низоси

Ҳибсга олинган Авакяннинг турмуш ўртоғига кўра¸ ҳаммаси Пахтакор туманида яшайдиган Арамаис Авакяннинг балиқ ҳовузидан бошланган.

“Ҳозир қамоққа олинган Фурқат Жўраев, Акмал, Темур исмли йигитлар Арамаиснинг балиқ ҳовузида бирга ишлашган. Дилшод Алимов эса ижарага олинган Нексия автомашинасида Арамаис ва унинг бригадасидаги йигитларнинг хизматини қилиб юрган. Ҳовуз масаласида ҳоким билан чиққан низо каттайиб кетди”, дейди суҳбатдош.

Фермер Арамаис Авакян бундан икки йил аввал Пахтакор туманида иккита ховуз очиб, у ерда балиқ хўжалиги ташкил қилади.

Тадбиркор ҳовузни тозалатириб, Чиноз туманидан майда балиқ уруғларини келтириб, балиқ етиштириш билан шуғулланган.

Икки йил ўтиб ҳовуздаги балиқлар каттайиб кўпайиб кетган пайтда ҳоким билан фермер ўртасида низо чиқади, дейди воқеани ўрганган Улуғбек Ҳайдаров.

“Икки ҳовузда тахминан 70-80 тонна балиқ етиштирилган. Фермер Арамаис Авакян балиқларни сотишни бошламоқчи бўлганида ҳоким билан низолашади. Менга айтишларича, Пахтакор тумани хокими Собир Қаршибоев катта фойда келтириши аниқ бўлган ҳовузни ўзининг яқинларидан бирига олиб бермоқчи бўлган. Ҳоким ва Арамаис ўртасидаги суҳбат жанжал билан тугаган. Билишимча, ҳоким Арамаисга “Сени турмада чиритаман!” деб бақирганини одамлар эшитган”, дейди Улуғбек Ҳайдаров.

Озодликнинг Жиззаҳ ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбаси Арамаис Авакян устидан суд келаси йилга қолдирилганини билдирди.

XS
SM
MD
LG