Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:33

Қаршида 13 милиционер узоқ муддатларга қамалди


Ўзбекистон милицияси ходимлари (сурат дагиларнинг мақолада ёритилган воқеага алоқаси йўқ).
Ўзбекистон милицияси ходимлари (сурат дагиларнинг мақолада ёритилган воқеага алоқаси йўқ).

Қаршида 13 нафар милиция ходими пора олиш, қийноқ ва асоссиз равишда ҳибсда ушлаб туриш каби 11жиноятда айбдор деб топилиб, узоқ йиллик қамоқ муддатларига ҳукм қилинди. Озодлик радиоси мобил мухбирларининг хабар беришича, Қарши шаҳар ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимларига нисбатан суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган.

Озодлик радиоси мобил мухбирларининг хабар беришича, Қарши шаҳар ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимларига нисбатан ҳукм 25 декабрь куни Қашқадарё вилоят Муборак туман суди томонидан ўқилган.

Суд Қарши шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи Акмал Қултоевни 11 йилга, тезкор вакиллар Жасур Алмардонов ҳамда Жаҳонгир Назаровни 10 йилу 3 ойга, жиноят қидирув бўлимининг 5 нафар ходимини 6 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Қарши шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлимининг яна 5 нафар ходими 3 йиллик аҳлоқ тузатиш, милиция ходимларига турли жиноятларда кўмаклашган 2 нафар фуқаро 2,5 йилдан ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди.

Суд ҳукмига асосан милиция ходимлари жазо муддатлариниумумий тартибдаги колонияларда ўтайди. Озодлик радиоси мобил мухбирларининг хабар беришича, Қарши шаҳар ички ишлар бошқармаси жиноят қидирув бўлими ходимларига нисбатан суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган.

Жиноят иши материлларига кўра, милиция ходимлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг гувоҳлик беришга мажбурлаш, товламачилик, мансаб сохтакорлиги, пора олиш, пора бериш, қийноқ, асоссиз ҳибсда ушлаб туриш ва жиноий уюшма ташкил қилиш сингари 11 моддаси билан айбланган.

Судланувчилардан бирининг номи сир қолишини истаган адвокати милиция ходимларининг жавобгарликка тортилиши ҳамда маҳкамага асос бўлган воқеалар хроникасини қуйидагича гапириб берди:

“Шу йилнинг сентябрь ойи бошларида Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшовчи фуқаро Россияда ишлаётган ўғлидан Қаршидаги банк пул ўтказмаси орқали 400 АҚШ доллари миқдорида пул олган. Банк муассасаси олдида фуқаронинг пул олганини кўрган, муқаддам 4 марта ўғирлик ва талончилик жинояти билан судланган “Ғилай” лақабли шахс уни “Умида” чойхонасида қўрқитиб, пулини тортиб олган. Фуқаронинг Қарши шаҳар ИИБга мурожаатидан сўнг жиноят қидирув бўлимининг ходимлари жиноятчини тутиб, бўлимда юзлаштириш ўтказишган. Гумондор айбини тан олганига қарамай, милиция ходимлари уни аввал уришган, сўнг орқа чиқарув тешигига дубинка тиқишган”, дейди адвокат.

Адвокатнинг таъкидича, Қарши шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлимининг тезкор вакили, судланувчи Жасур Алмардоновдан ташқари бошқа судланувчиларнинг айби хизмат текширув натижалари, тиббий экспертиза хулосалари, жиноят жойидан олинган далилий ашёлар ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари орқали тўла тасдиқланган.

Гувоҳлар ҳамда жабрланувчи қийноқ ва сўроқ жараёнларида Алмардоновни кўришмаганини, унга даъвоси йўқлигини таъкидлашган, аммо суд буни эътиборга олмаган.

“Маҳкама тўлиқ Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва прокуратуранинг назоратида олиб борилди. Билишимизча, милиция ходимларини жавобгарликка тортиш МХХнинг талаби билан амалга оширилган. Аксинча, бизнинг мамлакатда тергов жараёнидаги қийноқлар бунчалик шаффоф ўрганилмайди. Ҳатто сўроқ жараёнидаги ўлим ҳолатлари ҳам яширилади. Тем более, бу ишда жабрланувчига айланган шахснинг ўзи 4 марта судланган рецидив жиноятчидир” , дейди адвокат.

“Озодлик” Қаршида милиция ходимиларига нисбатан жиноят ишлари очилгани ҳақида 4 ноябрь куни Ўзбекистондаги ҳуқуқ тартибот органларидаги манбаларига таяниб хабар берган эди.

Ўзбекистон халқаро ҳамжамият томонидан мунтазам қийноқлар қўлланилувчи давлатлар сирасига киритилиб келинади. 2007 йилда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Ўзбекистонда маҳбусларга нисбатан қийноқ ва ноинсоний муносабат “кенг тарқалган”, дея хулоса қилган эди.

XS
SM
MD
LG