Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:34

Метронинг Навоий бекатидаги панно таъмири "вандализм", дея баҳоланди


Тошкент метрополитени Алишер Навоий бекатидаги Чингиз Аҳмаров панноси
Тошкент метрополитени Алишер Навоий бекатидаги Чингиз Аҳмаров панноси

Тошкент метрополитени бошқармаси “Алишер Навоий” метро бекати деворларидаги таниқли рассом Чингиз Аҳмаров ижодига оид ложувард кошин панноларни оддий мойбўëқ билан “бўяб” санъат асарига путур етказди. Асарлар “таъмири” ижтимоий тармоқда муҳокама қилингач Ўзбекистон Бадиий академияси мунаққидлари метрополитен раҳбарларига қўнғироқ қилиб, “вандализм жараëнига нуқта қўйилишини” талаб қилди. Озодликка маълум бўлишича¸ Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаров томонидан ишланган саккизта поннодан учтасини қўпол равишда “таъмир” қилишга улгурган метро раҳбарияти айбини тан олган ва “тамирлаш”ни тўхтатиб, керамика устига сурилган бўëқни сидириб ташлашга қарор қилган.

"Алишер Навоий" метро бекатига бориб "таъмир"ни кўрган Озодлик мухбирига кўра¸ 1974 йили таниқли рассом Чингиз Аҳмаров тарафидан яратилган паннолардан учтаси яроқсиз ҳолга келтирилган, тўрт донаси ярмигача бўялган, бир донасига эса ҳали тегилмаган.

Ўзбекистон Маданият ва Спорт вазирлиги мутасаддилари эса Тошкент марказида юз берган "вандализм" ҳолати ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтишмоқда.

“Бўяб-безаш” ташаббуси

Озодликка маълум бўлишича¸ ўтган йил декабр ойида Тошкент метрополитени бошқармаси мулозимлари "Алишер Навоий" метро бекатининг мармар деворлари ва панноларнинг ранги унниқиб қолди, деган андишада улкан панноларни оддий қурилиш мойбўёғи билан янгилансин, дея буйруқ беришган.

Ушбу буйруқ асосида Тошкент метрополитени мулозими Карвон Мадраимов бошчилигидаги бўëқчилар “Алишер Навоий” метро бекатидаги санъат асарларини таъмирлашга киришган.

Тошкент метрополитени бошқармасидаги Озодлик манбасининг айтишича¸ Карвон Мадраимов бошчилигидаги қурилиш бригадаси Янги йил байрамига қадар панноларни "ялтиллатиб қўямиз", деб иш бошлашган:

- Навоийнинг "Ҳамса"си достонлари асосида мовий сополдан ишланган паннолар Тошкент метросининг ташриф қоғозидир. Биз доимо чет элликларга фахрланиб, кўрсатамиз бу панноларни. Аммо метронинг тунеллар бошқармаси мулозими Карвон Турсунбоевич Мадраимов панноларни оддий қурилиш мойбўёғи билан янгилаш мумкин, деб ўйлаган ва бунинг жиноятга тенг вандализм эканини тушунмаган ҳам. Асарларнинг бир қисми дабдала қилинганидан кейин Ўзбекистон Бадиий академиясидаги Гулчеҳра опа телефон қилиб, бизни тергаб ташлади. Шундан кейин метрополитен бошқармаси зудлик билан таъмирни тўхтатишга буйруқ берди. Ҳозир ложувард кошинлар устидаги мой бўëқларни сидириб ташлаш масаласини муҳокама қиляпмиз. Буни энди соҳа мутахассислари амалга оширади. Сарф-харажат ҳам катта бўлади. Нима қиламиз энди хатони тузатиш керак-ку¸- дейди Тошкент метрополитени бошқармасидаги Озодлик манбаси.

Бекатдаги паннолар устига мой бўëқ чапланган
Бекатдаги паннолар устига мой бўëқ чапланган

Маданият ва спорт вазирлиги Аҳмаров асарининг бадиий қийматидан бехабар

Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги мулозимлари Озодлик мухбирининг Навоий метро бекатидаги вандализм ҳақидаги саволини изоҳсиз қолдиришди.

Вазирликнинг ëдгорликларни сақлаш бошқармасидаги Озодлик манбасига кўра, вазирлик амалдорлари бу воқеага аралашмасликни маъқул кўришган:

- Ўтган йили distractify.com нашри Тошкентдаги "Алишер Навоий" метро бекатини дунёнинг энг чиройли метро бекатларидан бири, деб эълон қилганидан сал ўтиб ушбу бекатда ваҳший вандализм юз берди. Вазирлик катталари бу масалани ҳал қилишни ëдгорликларни ҳимоя қилиш бошқармасининг Тошкент шаҳар бўлими бошлиғи Диана Машариповага топширди. Диана Машарипова эса "Алишер Навоий" метро бекатидаги улуғ рассом Чингиз Аҳмаровнинг "Ҳамса" мавзусидаги паннолари ва метродаги гириҳ ва исломий нақшу нигорлар Ўзбекистон маданий обидалари рўйхатига киртитилмаганини маълум қилди. Бу гапни эшитган вазирлик катталари енгил тортишди. Санъат асари сифатида вазирлик реестрига киритилмаган бўлса, бизни муаммомиз эмас, деган фикрга келишди. Аммо вазирликдаги оддий мутахассислар майоликани мой бўëқ билан бўяш вандализм эканлигини яхши билишади. Бунга муносабат билдириши керак бўлган вазирлик инспекцияси ваоқеага панжа орасидан қараб, бюрократлик қилаëтганидан хафамиз¸- дейди Озодлик манбаси.

Озодлик Ўзбекистон Маданият ва спорт вазирлиги мулозимлари билан қайта боғланганида ўзини таништирмаган мулозим “Метронинг ичидаги расмлар реестрга кирмаган бўлса, уни бадиий қийматини мен қаердан биламан? Бу бизнинг муаммомиз эмас”, дея трубкани қўйиб қўйди.

Ўзбекистонлик рассом Лола Сайфий Чингиз Аҳмаровнинг асарларини¸ хусусан метро бекатидаги Алишер Навоий асарларига оид саҳналар тасвирини бетакрор санъат обидаси дея ҳисоблашини айтади:

- Реестрга киритилмаган бўлса, киритишсин. Рассом Чингиз Аҳмаров нафақат Ўзбекистон балки бутун Марказий Осиëдаги етук рассомлардан бири эди. Унинг Навоий бекатидаги керамика паннолари билан ҳар қандай миллат фахрланса арзийди. “Ҳамса” туркумига кирган “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” ва бошқа асарлари нафақат менинг балки кўплаб мунаққидлар назарида мукаммалдир¸- дейди суҳбатдош.

Метронинг энг гўзал бекати

"Алишер Навоий" бекати 1984 йили фойдаланишга топширилган эди.

Бу бекатдаги расмлар Ўзбекистон халқ рассоми Чингиз Аҳмаровнинг сўнгги монумаентал асари ҳисобланади.

1947 йилда Чингиз Аҳмаров Тошкентдаги Алишер Навоий номли Давлат академик катта театри деворларини ўз санъати билан безаган ва бу учун мамлакатда энг юқори бўлган биринчи даражали СССР давлат мукофотига сазовор бўлган. У тарафдан ишланган мозаика Москва метросининг “Киевская” бекатини безамоқда, шунингдек, унинг расмлари Кисловодскдаги “Ўзбекистон” санаториясида, Самарқанд, Бухоро, Қўқон ва республиканинг бошқа кўплаб шаҳарларида ҳам мавжуд.​

Тошкент метросининг "Алишер Навоий" бекатидан фарқли ўлароқ, Москвадаги "Киевская" бекатидаги Аҳмаров фрескалари Россия Маданият вазирлиги Маданий обидалар реестрига киритилган.

Навоий бекати
Навоий бекати

Обидалар бузилиши эпидемия тусини олган

Метронинг Навоий бекатидаги панно таъмирини «вандализм», дея баҳолаб мақола ëзган журналист Алексей Волосевич Озодлик билан суҳбатда муаммонинг кўламига диққат қаратди:

- Буни метродаги жоҳил прораб ва қурувчилар амалга оширган оддий вандализм дея баҳоламаслик керак. Бу - системали муаммо. Таъмир баҳонасида санъат асарини бузиш амалиëтини биз бутун республика бўйлаб эпидемияга айланганини кўрамиз. Ўзбекистон ҳукумати қадимий обидаларни таъмирлаймиз, дея катта грантлар олди. Пировардида бу грантларнинг катта қисми амалдорлар чўнтагида қолди. Сариқ чақа эвазига оддий усталарни ëллаб, минораларни ремонт қилдиришганини ўз кўзим билан кўрдим. Масалан, Хивада қадимий бинонинг кемтигини замонавий қизил ғишт билан ямашаëтганлигини кўрганман¸- дейди журналист.

XS
SM
MD
LG