Линклар

Шошилинч хабар
08 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:42

Арслонбобда уйлар тинтув қилинишига қарши митинг ўтказилди


Арслонбобдаги митингда 300дан ортиқ одам иштирок этди.
Арслонбобдаги митингда 300дан ортиқ одам иштирок этди.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туманидаги асосан этник ўзбеклар истиқомат қилувчи Арслонбоб қишлоғи аҳолиси 5 январь куни милиция ходимларининг қишлоқдаги уйларда тинтув ўтказганига қарши норозлик митингги уюштирди. Уйи тинтув қилинган арслонбобликлар милиция ходимларининг ҳаракатларини “миллатчилик кўриниши” сифатида баҳоламоқда.

5 январь куни Арслонбоб қишлоғи марказида ўтказилган митингда уч юздан ортиқ одам иштирок этган. Митингда сўзга чиққанлар милиция ходимларининг қишлоқда бир неча марта тинтув ўткизганларидан ва қишлоқ аҳолиси “террорчилар сифатида гумонланаётгани”дан норози эканликларини айтишди.

-Бугун Ҳақни ҳақ дегани учун қанча- қанча эркаклар террорист бўлдими биродарлар? Урушга кетаётганда ҳамма автоматларни йиғиб келиб, ўттиз-қирқта мелиса битта кичкина қишлоққа кириб келадими, - деди митингда сўзга чиққан норозилардан бири.

Уйи тинтилган Ҳасанбой Тўхтасинов милиция ҳаракатларини танқид қилди. Ҳасанбой Тўхтасиновнинг айтишича, милиция ходимлари ҳеч қандай далил-исботсиз уни “Ҳизбут Таҳрир” партиясига аъзоликда айблашган.

- Мен қонунга қарши ҳаракатларни қилмаганман, бирорта жойда варақа ёки диск билан қўлга тушмаганман. Айблашдан олдин Қирғизистон ҳукумати менинг “Ҳизбут Таҳрир”га аъзолигимни исботлаб бериши керак-ку. Биз жуда норозимиз. Нега улар бизни “Ҳизбут Таҳрир”га аъзоликда айблаб, бола-чақаларимизни қўрқитиб, йиғлатиб, аёлларимизни дод-вой солдириб, уйларимизда тинтув ўткизиб, халқнинг юрагига қўрқув солаяпти? Биз мана шундай адолатсиз мамлакатда яшаяпмизми?- деди уйи тинтилган Ҳасанбой Тўхтасинов.

Уйи тинтув қилинганлардан яна бири - 60 ёшли Азимжон Тўхтасинов милиция ходимлари “миллат ажратаяпди”, деб ҳисоблайди. Унинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига айтишича: “Биринчи марта бундай бўлаётгани йўқ. Милиционерлар кўп марта бостириб келишган. Бундай ишлар қачон тўхтатилади, номаълум бўлиб қолмоқда. Арсланбоб қишлоғида асосан ўзбек миллатига мансуб одамлар яшайди. Орган ходимлари тўп-тўп бўлиб келиб уйларни тинтув қилиши халқда нотўғри фикрларни пайдо қилаяпти”.

Арсланбобликлар митингга чиқишларидан бир кун олдин, яъни 4 январь куни Бозорқўрғон туман марказида ҳам юзга яқин киши милиция ходимлари томонидан уйлар тинтув қилинаётганига қарши норозилик намойишига чиққан эди.

Жалолобод вилоят Ички ишлар бошқармаси расмийлари Жалолобод шаҳри, Сузоқ, Бозорқўрғон ва Новкен туманларида 30 ва 31 декабрь кунлари ҳақиқатан ҳам бир қатор уйлар тинтилганини тасдиқлади. Милицияга кўра, уйи тинтилганларнинг барчаси диний-экстремистик ташкилотларга аъзоликда гумонланган шахслардир.

-Уй тинтилганлар “Ҳизбут Таҳрир” диний-экстремистик ташкилотининг аъзоси сифатида рўйхатга олинган шахслардир. Уйни тинтув қилишдан олдин уй эгаларидан: “Ноқонуний нарсаларингиз бўлса ўз ихтиёрингиз билан милиция топширинг”, - деб илтимос қилинди. Улар бош тортганидан сўнг киришга мажбур бўлганмиз. Тинтув операциялари қонуний асосда, маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида ўтказилди, -деди Жалолобод милицияси матбуот котиби Миктибек Турдукулов.

Ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг икки кунлик қўшма амалиёти пайтида жами 17 хонадон тинтув қилинган. Милиция расмийлари тинтув пайтида 200га яқин экстремистик мазмундаги китоб, варақа, флеш карта, дисклар ва “Бекса-12” русумидаги қурол мусодара қилинганини билдирмоқда. Қурол арслонбоблик Акбар Асқаровга тегишли бўлган. Маълумотларга қараганда, Акбар Асқаровнинг мазкур қуролни уйда сақлаш учун рухсатномаси бўлган.

Расмий маълумотларда Жалолобод вилояти бўйича 500 одам диний-эсктремистик гуруҳ аъзоси сифатида рўйхатда туриши айтилади. Уларнинг қирқ нафарга яқини Арслонбоб қишлоғида яшовчи шахслардир.

XS
SM
MD
LG