Линклар

Шошилинч хабар
25 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:01

Шўрчида 30 йиллик арчаларни кесиб, сотган мактаб маъмурияти жаримага тортилаяпти


Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари қадалган, баландлиги саккиз метр, ёғочини қалинлиги 30 сантиметр бўлган бу арчалар тўртта юк машинасида олиб чиқиб кетилган.
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари қадалган, баландлиги саккиз метр, ёғочини қалинлиги 30 сантиметр бўлган бу арчалар тўртта юк машинасида олиб чиқиб кетилган.

Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги 24-сонли ўрта мактаб маъмурияти мактаб ҳудудидаги юздан зиёд арчани кесиб, сотиб юборгани учун 4 миллион сўм жаримага тортилиши мумкин. Маҳаллий аҳоли 30 йиллик, бўйи 7-8 метр келадиган арчаларни ўтин ва ёғоч ўрнида сотиб юборган мактаб директорига жиддийроқ жазо берилишини талаб қилишаяпти.

Шўрчиликлардан бири Озодлик билан суҳбатда арчалар ўтган йилнинг ноябрь ойида кесилгани ва шу пайтгача бунинг учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаганини айтади.

Шўрчиликлар йўллаган фотосуратларда кесилган арчалар юк машиналарига ортиб, олиб кетилаётгани акс этган
Шўрчиликлар йўллаган фотосуратларда кесилган арчалар юк машиналарига ортиб, олиб кетилаётгани акс этган

​– Бир юз ўттиздан ортиқ арча кесилган. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари қадалган, баландлиги саккиз метр, ёғочини қалинлиги 30 сантиметр бўлган бу арчалар тўртта юк машинасида олиб чиқиб кетилганини кўрдик. Мактаб раҳбари ўз шахсий манфаатлари йўлида шу арчаларни кестириб, сотиб юборган. Ҳозир биз уни жавобгарликка тортиш масаласини кўтаряпмиз,- деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган шўрчилик.

Озодлик Шўрчи туманидаги 24-сонли ўрта мактабга ҳам боғланди. Лекин, дарахтлар нимага кесилгани борасида улар ҳеч қандай изоҳ беролмаслигини айтишди.

- Директоримиз йўқ ҳозир. Мен бу ҳақда сизга ҳеч нарса айтолмайман, -деди Шўрчидаги арчалари кесилган мактабнинг Озодлик боғланган ходими.

Ўзбекистон Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг Шўрчи туманидаги бўлими расмийлари 24-сонли ўрта мактаб атрофидаги арчалар кесилганини тасдиқлашди.

Қўмита вакили Озодлик билан суҳбатда арчалар кесилгани юзасидан мактабни 4 миллион сўмлик жаримага тортиш масаласи кўрилаётганини айтди:

- Кесиб ташлаган-да мактабни мулкини талон-тарож қилиб. Ҳозир бунинг учун шу мактаб раҳбариятига нисбатан чора кўриляпти, - деди қўмита расмийларидан бири.

Лекин, шўрчиликлар арчаларни кесишга буйруқ берган мактаб раҳбарига жиддийроқ жазо берилишини талаб қилишаяпти:

- Мактабни раҳбари шахсан бу дарахтларни кестирган. Уни кесилишига қарши чиққан шу мактабни илмий бўлим мудирини ҳам ишдан бўшатиб юборган. Табиатга зиён келтирган бунақа бераҳм инсон қандай қилиб мактабга раҳбар бўлиши мумкин, - дейди шўрчиликлардан бири.

Пойтахт Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида дарахтларни оммавий тарзда кесиш бир неча йиллардан бери давом этмоқда.

2009 йилда Тошкентнинг Амир Темур ҳиёбонидаги 100 йиллик чинорлар кесилиши катта жанжалга сабаб бўлганди. Ўшанда Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимиятини қўмита билан умуман маслаҳатлашмасдан дарахтларни кесишда айблаб чиққанди.

Кесилаётган дарахтлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда, лекин ҳеч ким бунинг учун шу пайтгача жавобгарликка тортилмаган.

XS
SM
MD
LG