Қирғизистон ҳукумати қирғиз-тожик чегараси юзасидан келишув лойиҳасини тайёрлади. Унга мувофиқ, аниқланган ва баҳсли бўлмаган чегаралар бўйича ҳужжат давлат раҳбарлари даражасида имзоланади. Бунгача томонлар баҳсли чегара ҳудудлари бўйича бир неча маротаба учрашган бўлишига қарамай, бир фикрга келишолмаган. Бу эса қирғиз-тожик чегарасида турли жанжал ва можаролар бўлиб туришига сабаб бўлмоқда.
Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Аали Қарашевнинг ҳукумат йиғинида маълум қилишича, ўтган йилнинг ноябрь ойидаги учрашувда икки давлат ўртасида аввал тасдиқланган чегараларни ҳужжатлаштириб қўйишга келишилган эди:
“Учрашувда кучли баҳс бўлган. Келишув лойиҳаси юзасидан ҳам музокара ўтган. Қарийб 520 километрга яқин чегара ёки чегара умумий масофасининг 54 фоизи ҳукумат даражасида тасдиқланган. Келишув лойиҳаси юзасидан ҳам келишмовчиликлар бор эди. Музокаралардан кейин икки тараф ҳам рози бўлди. Қирғиз-тожик чегарасининг қолган баҳсли ҳудудлари, 396 километрдир”, -деб маълум қилди йиғинда Аали Қарашев.
Қирғиз-тожик ҳукумат вакиллари чегара бўйича келишув лойиҳасини ўтган йилнинг ноябрь ойида Бишкекда ўтказилган учрашувда муҳокама қилганди.
Қирғизистон ҳукумат раҳбари Темир Сариевга кўра, ушбу келишув юзасидан сўнгги қарорни парламент беради:
“Ҳукумат қарорини парламентнинг тегишли қўмитасига юборамиз. Қўмита кўриб чиқиб розилик бергач, ҳужжат давлат раҳбарига юборилади. Давлат раҳбари тожик томони билан маъқуллашиб олгандан кейин ҳужжат расман имзоланади. Шундан сўнгЖўғўрқу Кенешга ратификацияга келади. Парламент кўриб чиқиб, қабул қилгачгина ўз кучига киради. Бу Тожикистон билан қўйилган илк катта қадамдир. Давлат раҳбарлари ўртасида аниқланган ерларни белгилаб, кейин бу масалага қайтмай, қолган баҳсли ҳудудлар масаласини кейинга қолдиришга келишилган”,- дейди Темир Сариев.
Бироқ Қирғизистон ҳукумати 15-январда бўлиб ўтган йиғинда келишув лойиҳасини қабул қилиб олишни кейинга қолдирди. Бунга Ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаевнинг ҳужжатни чегара бўйича махсус комиссия яна бир бориб кўриб чиқиб, хатоларни текшириши юзасидан қилган таклифи сабаб бўлди.
Ҳукуматнинг чегараларни аниқлаш бўйича бўлим раҳбари Қурбанбай Искандаровга кўра, имзоланиши режаланаётган ҳужжат очиқ ҳамда яширин тарзда бўлади:
“Бири ёзма равишда очиқ бўлади, иккинчиси картографик ҳужжатлар, улар яширин тарзда бўлади. Икки тарафлама ишчи гуруҳи бор, бу гуруҳ харита бўйича барчасини аниқлаган. Биз айтаётган 520 километр чегара ҳудуди асосан тоғли ҳудуддан ўтади”, - дейди Қурбанбай Искандаров.
Қирғизистон билан Тожикистон бунгача чегараларни аниқлаш бўйича келишиб олган. Томонлар бундан кейин эски карталарга қарамай, Олмаота декларацияси бўйича иш олиб боришга келишган. Мазкур декларацияга мувофиқ, ҳар бир мамлакат мустақилликни қўлга киритган даврдаги чегараси билан қолиши кўрсатилган. Бундан ташқари икки давлат вакиллари баъзи баҳсли ҳудудларни ўзраро алмашиш орқали ҳам масалани ҳал қилишни муҳокама қилган.