Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:57

Ўшда ўзбекларга олийгоҳга кириш имкониятини берувчи лойиҳа иш бошлади


Ўзбек ёшларини қирғиз ва рус тилларида тест топширишга тайёрлаш лойиҳаси асосида малака оширган ўзбек ўқитувчилари.
Ўзбек ёшларини қирғиз ва рус тилларида тест топширишга тайёрлаш лойиҳаси асосида малака оширган ўзбек ўқитувчилари.

Ўшда 25 январдан бошлаб ўзбек мактаби битирувчиларини олийгоҳга кириш учун давлат имтихонларига тайёрлаш бўйича ўқув курслари фаолият кўрсата бошлайди. Қирғизистон ҳукумати олийгоҳга кириш имтиҳони вазифасини бажарувчи тестларни ўзбек тилида топширишни бекор қилганидан сўнг, ўтган йили ўзбек ёшларининг асосий қисми олийгоҳларга кириш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолган эди.

Ўзбек матаби битирувчиларини қирғиз ва рус тилларидаги давлат тестларига тайёрлаш бўйича курсларда Ўшдаги 20та ўзбек мактабидан чақирилган 42 ўқитувчи малака оширди. 19 январь куни Ўш давлат дорилфунунида ўқитувчиларга курсларни тамомлагани тўғрисида гувоҳномалар топширилди. 25 январдан бошлаб бу ўқитувчилар ўзбек мактаби битирувчиларини давлат тестларига тайёрлай бошлайди.

Ўш шаҳар ўзбек миллий-маданий маркази раҳбари Абдурашид Хўжаевга кўра, ҳозир 200га яқин ўзбек фарзанди бу курсларда ўқиш ниятини билдирган:

Ўзбек миллий маданий маркази раиси Абдурашид Хўжаев малака оширган ўқитувчилардан бирига сертификат топширмоқда.
Ўзбек миллий маданий маркази раиси Абдурашид Хўжаев малака оширган ўқитувчилардан бирига сертификат топширмоқда.

- Худо хоҳласа, биз эртадан уюштириш ишларини бошлаймиз ва душанба кунидан курсларни бошлашга ҳаракат қиламиз. Бешта мактабни база сифатида олганмиз. Ҳар бир ўқувчи қайси соҳага қизиқишига қараб, муайян бир мактаб базасида ташкил қилинган курсларга қатнайди. Биз ҳар бир мактабга институтга кирмоқчи бўлган болалар рўйхатини беринглар, деб топшириқ бердик. Бугунги кунда мактаблар бизга 200 нафар бола рўйхатини берди,- дейди Абдурашид Хўжаев.

Айтиш жоизки, 2015 йилда Қирғизистон Маориф вазирли мактаб битирувчиларининг олийгоҳларга кириш имтиҳони вазифасини ўтовчи Умумреспублика тестларини ўзбек тилида топширишни бекор қилинганди. 2014 йилда ҳам шундай қарор чиқарилган, бироқ рус ёки қирғиз тилини яхши билмаслиги ҳақида ариза ёзган ўқувчиларга ўзбек тилида имтиҳон топширишга рухсат берилган эди.

Малака оширганлик тўғрисидаги сертификат.
Малака оширганлик тўғрисидаги сертификат.

2002 йилда жорий этилган Умумреспублика тест синови Қирғизистонда 12 йилдан буён қирғиз, рус ва ўзбек тилларида ўтказиб келинган.

Айрим қирғиз сиёсатчилари ва фаоллари биринчи марта 2012 йилда Қирғизистонда ўзбек тилидаги тестни бекор қилишни талаб қилган эди. Бироқ ўшанда Қирғизистон Маориф ва фан вазири Қанат Садиқов ўзбек тилидаги тестларни бекор қилиш фуқаролар ҳуқуқи бузилишига сабаб бўлишини дастак қилиб, бу таклифни рад этган эди.

Ўтган йили олийгоҳларга кириш имтиҳони вазифасини ўтовчи Умумреспублика тестларидан ўзбек тили умуман олиб ташлангач, бу йилда Ўш шаҳар Ўзбек миллий–маданий маркази, Миллатлараро муносабатларни изга солиш агентлиги ва Ўш давлат дорилфунини ҳамкорлигида ўзбек ўқувчиларини қирғиз тилида давлат имтиҳонларига тайёрлаш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган.

Рустам Юсупов ўзбек ёшларини тестларга тайёрлаш бўйича сертификатга эга бўлган 42 ўқитувчи орасидаги ягона эркакдир.
Рустам Юсупов ўзбек ёшларини тестларга тайёрлаш бўйича сертификатга эга бўлган 42 ўқитувчи орасидаги ягона эркакдир.

Ўшдаги 20та ўзбек мактабларидан йиғилган 42 ўқитувчи Ўш давлат дорилфунуни ҳодимлари томонидан 24 соатга бўлинган курс бўйича бир ярим ой мобайнида ўқитилган. Курсларда ўқитувчиларга Давлат тестларига йўналиш, тест саволлари тузилган масалалар ва бошқа мавзулар ҳақида дарс берилган. Ушбу курсларни тамомлаган ўқитувчилар уларга берилган билим ўзбек ўқувчиларининг олийгоҳга киришига кафолат бўлолмаслигини айтишади:

- Биз тўлиқ ўргандик, деб кафолат беролмаймиз. Қисқа вақт ичида катта информацияни сиғдиришнинг ўзи катта иш. Лекин ҳар бир дарахт мевасини билиш учун биттадан тотиб кўриш керак деганидек, тестнинг тузилиш формаси ва вариянтлари, саволларининг типлари ҳақида маълумот олдик. Бизга: “Қўлланмалар ҳам берамиз”, дейишаяпти.

Озодлик: Ўзбек мактабини тамомлаган ўқувчини давлат имтиҳонларига тайёрлашга вақт етарлими?

- Бу ерда асосий нарса билимнинг ўзи эмас, шу билимни ишлата олиш деган нарса билан боғлиқ бўлаяпти. 11 йил билим олган ўқувчи шу билимни ишлата оладими, Амалда қўллай оладими, деган нарса бўлаяпти. Ҳаттоки биз ўзимиз ўқитувчи бўлиб туриб, адашиб кетган ҳолларимиз бўлди. Натижа қандай бўлишини Аллоҳ билади. Лекин мазкур лойиҳа ариқ сувини тўсиб турган катта тош олиб ташланишига сабаб бўлди, -дейди курсдан ўтган ўқитувчилардан бири Муфаззалхон.

Ўш давлат универститети ректори Қанибек Исаковкурсларни тамомлаган ўқитувчилардан биронтаси ўқитган уч ўзбек ўқувчи олийгоҳга кирса, улар универститет томонидан тақдирланишини билдирди.

Қирғизистонда умумреспублика тестлари май ойининг иккинчи ярмидан бошланади ва икки босқичда ўтказиб келинади.

XS
SM
MD
LG