Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:08

Суннат тўйи учун етимхонадан бола “ижара” га олиш урф бўлмоқда


Тошкентнинг Яшнобод туманида жорий йил бошида ўтказилган суннат тўйида тўйболага қўшиб "Меҳрибонлик уйи"дан олиб келинган 6 нафар бола ҳам “хатна” қилинган.

Бу маълумотни Озодликка етказган 26 яшар видеотасвирчи Мирфайзга кўра¸ “Меҳрибонлик уйи"дан олиб келинган 6 нафар бола хўжакўрсинга келтирилган ва уларнинг ҳаммаси аллақачон суннат қилинган болалар” бўлган:

- Мен тўйларда видео оламан. Яшнаободдаги тўйхона билан шартномам бор. Видео олаëтсам¸ суннат қилиш учун детдомдан олиб келинган болалар роса кўзимга таниш кўринди. Уларни олдинги тўйларда ҳам кўргандек бўлдим. Видеони монтаж қилганда эринмасдан эски кадрлар билан солиштириб кўрдим. Компютерда монтаж қиламан. Монтаж программасида одамни юзини танийдиган дастур бор. Шу дастурга солдим эрмакка. Қарасам 100 фоиз сходство турибди. Кейин музикант болалар айтиб қолди. Тўй ўтказаëтган бойлар ўзларини саховатли кўрсатиш учун детдомдан бола ижарага олишар экан. Бу болалар аллақачон суннат бўлган. Показуха учун қилишаяпти¸ дейди тошкентлик видеотасвирчи.

Озоддликка маълум бўлишича¸ "Меҳрибонлик уй"ларидан “свадебний генерал” тарзида бола ижара олиш янги ўзбек бойлари ўртасида урфга айланган.

Шоу-бизнес янгиликларини ëритиб келаëтган журналистнинг ўз шахси очиқланмаслиги шарти билан Озодликка айтишича¸ ўтган йил охирида тошкентлик Аҳмадбой ўтказган суннат тўй ҳанузгача “маҳаллаларда дув-дув гап” бўлмоқда:

- Ўзбекистонда номи чиққан Озодбек Назарбеков, Шерали Жўраев, Ҳосила Раҳимова, Равшан Комилов, Обид Асомов, Ғуломжон Ёқубовлар кун бўйи хизмат қилган бу тўйда Аҳмадбойнинг ўғли Муҳаммаджон хатна қилинди. Бунга қўшиб Ташоблдаги детдомлардан 20 бола олиб келиниб¸ суннатга ëтқизилди. Бу болалар ўтган йил Наврўз байрамида ҳокимият томонидан суннат қилиниб бўлинган экан. Шу гап-сўз бўлиб кетди. Аҳмадбой детдомдан “свадебний генерал” олиб келиб¸ тўй қилибди деб кулишдик¸ дейди шоу-бизнес янгиликларини ëритадиган сайт журналисти.

Тошкентдаги тўйхоналардан бирида мусиқачи бўлиб ишловчи Самандар деган йигитнинг Озодликка айтишича¸ суннат тўйларида етимхонадан бола олиб келиб ëтқизиш “бойлар ҳақида ижобий фикр яратиш учун” қилинмоқда:

- Мен ишлайдиган тўйхонада тўй ўтказувчининг сценарийсида махсус қисми бор. Тўй ўтказувчи етимлар ҳақида шеър ўқийди. Бу пайтда тўйхона экранида етимхонадаги болалар акс этган ғамгин тасвирлар пайдо бўлади. Бошловчи гапни тўй эгасига буриб “фалончи бой фалонча етимнинг бошини силади” деган маънода гапини давом эттиради. Бу вақтда тўйга етимхонадан олиб келинган болалар тасвири экранга туширилади. Ҳамма йиғлайди ўша пайтда. Бу ўзига хос пиар. Билсангиз бойлар ҳақида ҳар xил салбий фикрлар юради. Суннат тўйига "Меҳрибонлик уйи"дан бола олиб келсангиз¸ одамлар сизни мақтайди¸ дейди суҳбатдош.

Унга кўра¸ кўпчилик тўйхоналар ўзлари "Меҳрибонлик уй"ларидан бола олиб келиш хизматини ҳам таклиф қилишади.

Озодлик Тошкент шаҳри ва вилоятидаги "Меҳрибонлик уй"ларига телефон қилиб¸ болаларни суннат қилдириш масаласини ўрганди.

Юнусобод туманида жойлашган "Меҳрибонлик уйи"даги Озодлик манбасига кўра¸ болалар уйи тарбияланувчилари учун ҳайит ва наврўзда маҳаллий ҳокимият тарафидан суннат тўй қилиб берилади:

- Наврўз ва бошқа байрамларда давлатимиз томонидан ўрнатилган тартибда суннат тўйлари ўтказиб берилади. Агар бирор ўзига тўқ одам эҳсон сифатида суннат қилиб бераман деса¸ бош врачимиз билан келишиб¸ "Меҳрибонлик уйи"га пул ўтказиб бериб ëки бошқа тарзда моддий кўмак бериб¸ бу ишни амалга ошириши мумкин. Биз фақат хурсанд бўламиз¸ деди Озодлик манбаси.

Тахтиравон кўтарган балеринлар

Бухородаги хатна тўйларини ўтказиб кун кўрадиган 34 яшар Зайнабнинг айтишича¸ нафақат Тошкент¸ балки вилоятларда ҳам суннат тўйлари¸ манманлик ва ўзини кўрсатиш мусобақасига айланган:

- Бухорода махсус кардобалет гуруҳи суннат тўйи учун тахтиравон шоусини таклиф қилади. Султоний симоб салла ва пуштиранг ипак шалвор кийган тўрт балерин йигит шоҳона безатилган тахтиравонда тўйболани олиб киради. Бу йигитлар тўйболани тахтиравондан тушириб тахтимуқимга ўтқазишгач¸ махсус кардобалет номерини кўрсатишади. Арабча рақс бу шоуга якун ясайди¸ дейди суҳбатдош.

Зайнабнинг самарқандлик ҳамкасби Ситора бону эса¸ тўй ўтказиш билан биргаликда тўйболалар учун кийимларни ижарага бериш билан ҳам шуғулланади:

- Самарқандда ҳам суннат тўй показуха бўлиб кетди. Масалан¸ тўйхонада тўйбола пойига пойандоз қилиб тўйболанинг сурати акс эттирилган гилам тўшалади. Тўйболани махсус қурилган тахтга ўтқизиб олиб киришади. Шундан сўнг қистир-қистир бошланади. Ота томонидаги бобоси набирасининг бошидаги салласига юз доллар қистиради. Бунга жавобан она томонидаги бобоси набирасининг салласига иккита юз долларлик қистиради¸ дейди суҳбатдош.

Юз йиллик муҳокама

Тошкентнинг Янгийўл туманида яшовчи рассом Равшанбек Искандаров тўйларга салбий қараш совет мафкурасидан қолган гап деган ҳолда¸ дабдабали тўйларга ўз ижобий фикрини билдирди:

- СССР пайтида дабдабали тўй қилганларни ОБХСС ëки прокуратурага чақириб савол-сўроқ қилишар эди. Ҳозир капитализм¸ пул топган одам хоҳлаганча сарф қилишга ҳаққи бор. Истаса бутун детдомлардаги етимларни оптом суннат қилиши ва оптом уйлантириши мумкин. Бунинг нимаси ëмон? Тўй қилибдику! Одам ўлдирмабдику! Дабдабали тўйларга қарши гап юз йилдан бери бор. Лекин тўйлар тўхтагани йўқ¸ тўхтамайди ҳам¸ дейди янгийўллик рассом.

Рассом айтганидек¸ дабдабали тўйлар танқид қилина бошлаганига юз йилдан ошди.

Таниқли жадид маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудий 1915 йили "Ойна" журналида нашр қилинган "Бизни кемиргувчи иллатлар" мақоласида тўйларни "тараққиëт тўсиғи" дея атаган эди.

"Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, захму маразними гумон этарсиз? Ёинки, сил, сил ва махавликними дерсиз? Йўқ бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, азо исминдаги икки қаттол душманни дерман"¸ деб ëзган эди буюк ўзбек маърифатчиси Беҳбудий.

Айни мақолада Беҳбудий бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган муаммо - дабдабали тўй қиламан деб судхўрдан қарз олиб хонавайрон бўлганлар фожеасини ҳам баëн қилган эди.

XS
SM
MD
LG