Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:14

Наманганда милиционернинг оиласини сўйиб кетган 4 шахс 15-25 йилга қамалди


Наманганнинг Ҳаққулобод шаҳрида милиция ходими оиласининг уч аъзосини ўлдириб кетган 4 шахс 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этилди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судида кўрилиб, ҳукм ўқилгани душанба куни маълум бўлган, 2015 йилнинг 22 февралга ўтар тунда содир этилган жиноят тафсилотлари тўғрисида Озодлик ўз вақтида хабар берган эди.

Суд вакилидан олинган маълумотга таяниб РИА Новости тарқатган хабарга кўра, Азизбек Ахмедов милиционер оиласи аъзоларини ўлдиришга буюртма берганликда айбдор, деб топилиб 20 йилга, Исмоилов ва Хусановлар жиноятни амалга оширганликда айбдор, деб топилиб 25 йилданга озодликдан маҳрум этилган. Яна бир судланувчи, вояга етмаган Боқижонов 15 йилга кесилган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди вакили озодликдан маҳрум қилинганлар шахсига оид бошқа маълумотларни очиқламаган.

Наманган вилояти Ҳаққулобод шаҳрида яшаган 61 яшар Зарифа Ботирова, унинг 27 яшар келини Наргиза ва 4 яшар набираси 2015 йилнинг 22 февралига ўтар тунда ваҳшиёна ўлдирилиб, Андижонсойга ташлаб кетилгани; ўлдирилганлар Ўзбекистон ИВВ Жиноят тергов бўлимида ишлайдиган милиционернинг яқинлари эканлиги; 2 ярим ойлик гўдак омон қолгани тўғрисида Озодлик 2015 йил 23 февралда хабар қилган эди.

Ўлдирилганларнинг жасадлари 22 февраль куни Андижонсойдан топилган ва бу жиноят тергови билан Мллий хавфсизлик хизмати шуғуллана бошлагани тўғрисида Норин тумани ҳокимлигининг ўзини таништирмаган мулозими Озодликка маълум қилган эди.

Воқеадан тақрибан ярим ой ўтгач, Озодлик Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув бўлими терговчисининг Намангандаги оиласи буюртма қотиллик қурбони бўлмаган, деб ҳисоблаётгани, асли норинлик 30 яшар терговчининг рафиқаси, онаси ва ўғлини чавақлаб, сойга ташлаб кетганликда гумон қилиниб ушланган тўрт киши бу хонадонга ўғирлик мақсадида тушганинини бўйнига олганини хабар қилгани тўғрисида ёзган эди.

Наманган вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларидан ўша вақтда олинган маълумотга кўра, ҳибсдаги тўрт киши терговчининг уйига ўғирлик мақсадида бостириб кирганини бўйнига олиб, ўғирликка ҳалақит қилган хонадон эгаларини ўлдиришга мажбур бўлишгани ҳақида кўрсатма беришган.

Ҳибсга олинганлардан бирининг уйида терговчининг хонадонидан ўғирланган нарсалар топилгани айтилган эди.

Дастлаб ушбу қотиллик тафсилотларидан хабардор Ҳаққулободдаги манбалар терговчининг уйидан ҳеч нарса ўғирланмагани ҳақида айтишганди.

20 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум қилиш Ўзбекистонда энг оғир жазо ҳисобланади. Бундай жазога қасддан одам ўлдириш ва терроризмда айбдор топилган маҳкум этилади. Ўлим жазоси Ўзбекистонда 2008 йилнинг 1 январидан бошлаб бекор қилинган.

XS
SM
MD
LG