Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:28

Ўшликлар Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги таъмагирликдан норози


Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги "Дўстлик" чегара пункти.
Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги "Дўстлик" чегара пункти.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг Ўш шаҳри яқинидан ўтувчи ҳудудида жойлашган Дўстлик чегара пунктида қирғиз чегарачилари чегарадан ўтаётганлардан тақрибан 5 АҚШ долларидан 20 долларгача пул талаб қилаётгани тўғрисидаги маълумотларни Қирғизистон Чегара хизмати расмийлари асоссиз, деб баҳоламоқда.

Ўз исмини очиқлашни истамаган ва шартли равишда ўзини Сабина деб таништирган ўшлик аёл Озодликка Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги Дўстлик чегара бекатида одамлардан пул талаб қилинаётганидан арзланди.

Унга кўра, ўтган ҳафта сўнгида Сургут-Ўш қатнови орқали унинг ўзбекистонлик уч таниши Ўшга келган. Ёши 60дан ошган ўзбекистонлик икки аёл ва бир эркак тонгги соат 4да Россиядан келади ва Дўстлик чегараси соат 9дан очилиши сабабли Сабина уларни уйига олиб боради. Айтилган вақт бўлганида суҳбатдошимизтанишларини чегара кузатиш учун боради.

Улар Қирғизистон чегарасида икки соат мобайнида ушлаб турилгач, Ўзбекистон томонга ўтганини кўрган суҳбатдошимиз уйига қайтиб келган.

Сабина уйига келгач, ўзбекистонлик танишларига телефон қилиб, ота-оналарини чегарадан ўтказиб қўйганини айтган:

“Мен фарзандлари билан гаплашсам, ота-оналарини жуда қийнаб ташлашибди. Мен эркакларга “пулингизни аёл кишига бериб қўйинг, аёлларни тегишмайди”, дегандим. Беришипти. Ковлаганда ўзим кўрганман, чўнтагида 5 минг ва яна 3 минг, 50-100 рублли пуллари бор эди. Шу пулларини ҳаммасини битта қўймай олиб қўйишибди. Ҳатто Қўқонга кетувчи йўлкираларини ҳам олишибди. Ҳатто чўнтагига қўлини солиб олишган. Буни эшитиб мен Қирғизистон фуқароси эканимдан ҳижолат бўлдим. Ёшлардан олса майли десангиз, ёши олтмишдан ошган қарияларни шундай қилиш нотўғрику”, - дейди Сабина.

Сабинага кўра, у меҳмонларни кузатиш чоғида Дўстлик чегарасидан ўтиш учун навбат кутиб турган бир неча одамлар билан гаплашган. Улар ҳам чегарачилар пул талаб қилаётганини, Туркия ёки Кореяга Ўзбекистон орқали учмоқчи бўлганлардан бир ярим минг қирғиз сўми, тақрибан 20 доллар пул талаб қилинишини айтишган.

Жанубий Кореяда ишловчи ўшликлардан бири ҳам Сабинанинг бу сўзларини тасдиқлади. У ҳам маълум сабабларга кўра, исмини очиқлашимизни истамади:

“Минг, бир ярим минг сом пул оляпти. Кетаётганимда ҳам, келаётганимда ҳам олаяпти. Бекордан-бекор олади. Ўтиб кетаётганингда текширади, ундан кўра берсанг текширмасдан олиб ўтиб қўяман дейишади. Гражданский кийимда юрувчи бир йигит ишлар экан. У чегарачилар билан таниш экан, чегарадан ўтмоқчи бўлганлар билан гаплашиб, пул йиғади. Кейин у паспортларга чегара муҳрини урдириб беради, бемалол ўтиб кетаверсаиз”, -дейди суҳбатдошимиз.

Қирғизистон Чегара хизмати расмийси Гулмира Бўрубаева эса бу маълумотларни асоссиз, деб ҳисоблайди. Унга кўра, шу кунгача чегарада чегарачилар пул талаб қилаётгани ҳақида фуқаролардан расман ёзма шикоятлар бўлмаган.

“Пул сўраса бермаслик керак. Барча чегара ўтказиш пунктлари, жумладан, Дўстлик чегарасида ҳам кўринарли жойга раҳбариятимиз телефон рақамлари, ишонч телефони, оператив навбатчи телефонлари ёзиб қўйилган. Бундан ташқари Чегара хизматининг www.border.kg сайтида фуқаролар чегараларда, жумладан, Дўстлик чегарасида чегарачилар қанча пул талаб қилгани ва қанча аул олгани тўғрисидаги маълумотларни ёзиб қолдириши мумкин. Фуқаролар маълумот беришлари учун бизда барча каналлар мавжуд”,- дейди Гулмира Борубаева.

Қирғизистоннинг Ўш, Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ўртасида жойлашган "Дўстлик" чегара пункти фақат Ўзбекистон ҳудудидан транзит асосида ўтувчи хориж фуқароларига очиқдир. Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бу постдан ўтиб-қайта олмайдилар. Фақатгана Қирғизистон фуқаролари "Дўстлик" чегара-ўтказиш пункти орқали Ўзбекистондан чиқиб кетиши мумкин, холос.

Қирғизистоннинг Жалолобод ва Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ўртасидаги “Маданият” чегара-ўтказиш пункти икки давлат фуқаролари қатнови учун икки томонлама тартибда очиқ турган ягона ўтказиш пунктидир.

Ўзбекистон 2005 йилда Қирғизистон билан чегараларни бир томонлама ёпиб қўйгунига қадар, икки давлат ўртасида 17та чегара ўтказиш пункти мавжуд эди.

XS
SM
MD
LG