Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:03

Рустам Сагдиев: Қароқчилар “Барон”ни хом версиясини ўғирлашди


Ўзбекистонда илк бор Ҳолливуд юлдузи иштирокида олинган “Барон” фильми экранларга чиққанидан саноқли кунлар ўтиб қароқчилар ўлжасига айланди. Фильмнинг ўғирланган нусхаси аллақачон Ўзбекистонда қўл телефонларида ва дисклар шаклида тарқалди. “Барон” фильми Интернетдаги Youtube порталига ҳам жойланди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамда Кино республика фонди кўмагида давлат маблағларига суратга олинган фильмининг бош режиссёри Рустам Сагдиев Озодликка қароқчилар фильмнинг хом версиясини ўғирлашганини айтди.

–Ҳали ишлов берилмаган хом версиясини ўғилашган, сайқалланган варианти ҳозир экранларда қўйиляпти. Томошабинларга “Барон”ни кинотеатрларга бориб томоша қилишни тавсия этаман, - деди Рустам Сагдиев.

Катта бюджетли криминал драма жанридаги "Барон" фильми марказида нашавандлик таназзулидан иборат инсоний драма ётади.

Унда Ҳолливудда юлдузи Гассан Массуд ва россиялик ва ўзбекистонлик таниқли актерлар Фарҳод Маҳмудов, Андрей Смоляков, Улуғбек Қодиров, Дилноза Кубаева ва Жавоҳир Зокировлар ҳам суратга тушди.

Рустам Сагдиев бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган фильмининг қароқчилар нишонига айланганида таасуфда эканини айтди.

- Шу филмга сарфланган пулни қанчадир қисми қайтса, шу пул келажакда бундан ҳам яхши фильмларни суратга олишга сарфланар эди, - деди Сагдиев.

Бундан аввал Рустам Сагдиевнинг Андижон исёни ҳақидаги “Сотқин” фильми ҳам экранларга чиқмасидан қароқчилар тарафидан ўғирланган эди.

Ўшанда Сагдиев Озодлик билан суҳбатда шундай деган эди:

- Ҳозир энди биз ўз маҳсулотларимизни қароқчиликдан ҳимоялаш учун махсус код билан чиқарамиз. Асосан давлатни фильмларига шунақа қилиниш бошланди. Ўйлайманки, хусусий секторда ҳам ҳар битта дискга уни кўчириб бўлмайдиган кодини қўяди. Қароқчилар камера орқали тушириб олмаса, бошқача қилиб ўғирлаб билмайди, - дейди Рустам Сагдиев.

Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлиги расмийлари филмларнинг ўғирланиши “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунга зид экани ва ҳуқуқлари бузилган томоннинг қароқчиликдан кўрган зарари шу қонун асосида қонунбузарлардан ундириб берилишини ваъда қилмоқда.

XS
SM
MD
LG