Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:50

Қўқон олийгоҳида "устоз" дейиш тақиқланди


Муқимий номидаги Қўқон Давлат педагогика институти талабаларига ўқитувчиларини “устоз” деб аташдан воз кечиб, унинг ўрнига “фалончи фалончиевич” ёки “фалончи фалончиевна” деб мурожаат қилиш буюрилди. Ўқитувчиларнинг айтишларича, “устоз”дан воз кечиш буйруғи вазирликдан келган. Аммо институт ректорати бундай буйруқ бўлганини рад қилмоқда.

Қўқон Давлат педагогика институтида бундан сўнг ўқитувчиларга “устоз” деб мурожаат қилиш тақиқланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган талабалардан бирининг ёзишича, ўқитувчилар энди уларга исми ва отасининг исми билан мурожаат қилиш шартлигини айтган:

“Куни-кеча фалсафадан дарс берадиган ўқитувчимиз дарс бошланишидан олдин, бундан буён бизга “устоз” деб мурожаат қилманглар, “фалончи фалончиевна” деб чақиринглар, деди. Юқоридан шундай буйруқ келган экан. Шунинг учун биз энди уларни “устоз” демаяпмиз”, деб ёзади талабалардан бири.

Қўқон давлат педагогика институтининг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиси ҳақиқатан ҳам шундай топшириқ бўлганини тасдиқлади:

“Буйруқ Халқ таълими вазирлигидан келган дейишяпти. Чунки, аксарият талабалар ўқитувчиларининг исм-шарифларини умуман билмайди, билгани ҳам эсидан чиқариб қўяяпти. Шунинг учун ўқитувчига исм-шарифини айтиб мурожаат қилса яхши бўлади, дейишяпти”, деди ўқитувчи.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир ўқитувчи фикрича, ўқитувчиларга “устоз” деб мурожаат қилиш тўғри эмас:

“Устоз атамаси фақат ўқитувчига нисбатан эмас, балки бошқа касбларда ҳам қўлланилади. Масалан, темирчидан ҳам устозинг ким деб сўрашади. Биласизми, устоз мақоми анча баланд туради, бу мақомни қўлга киритиш учун анча машаққат қилиш керак. Институтни энди битириб келган ёшларга ҳам устоз деб мурожаат қилиниши сал ғалати туюлади. Лекин бу ерда бошқа атама топиш керак. Фалончиевич, фалончиевна дейиш ҳам тўғри эмас. Бу ғирт русча мурожаат, бу собиқ иттифоқдаги эски усулга қайтиш”, дейди ўқитувчи.

Ўзини Қўқон Давлат педагогика институти ректори ёрдамчиси Одилжон деб таништирган мулозим, Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларнинг вазирликдан “устоз”ни ўзгартириш борасида ҳеч қандай топшириқ бўлмаганини айтди:

“Йўқ, бўлмаган гап, ҳеч ким ўқитувчиларни “устоз” деб аташни ўзгартиринглар деб буйруқ бергани йўқ”, деди ректор ёрдамчиси.

Ўзбекистонда ўқитувчиларга “устоз” деб мурожаат қилиш мустақилликнинг илк йилларида пайдо бўлди.

Ўша пайтгача Ўзбекистоннинг вилоят ва туманларида ўқитувчиларга турли хил атамалар билан мурожаат қилинган.

Фарғона вилоятида ўқитувчиларни “домла” ва “опой” деб чақиришган.

Сирдарё ва Жиззах вилоятларида “муаллим” ва “муаллима”(халқ оғзаки тилида “малим ва малима”) дейилган.

Хоразмда эса ўқитувчиларга “фалончи ака”, "фалончи оға", “фалончи опа” деб мурожаат қилинган.

XS
SM
MD
LG