Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:04

Бухорода 47 ёшли ўғил ота-онасини ёқиб юборди


Бухорода 47 ёшли Фарҳод Эгамов ўзаро жанжал пайти жаҳл устида ота-онасини устига бензин сепиб, ёқиб юборди. Ҳодиса 29 январь куни Бухоронинг Пешку тумани, Денов қишлоғида рўй берди. Эгамов жиноят жойидан ғойиб бўлган ва кейинчалик ушланиб, ҳибсга олинган. Жабрланувчи чол-кампир эса юзи ва танаси куйган ҳолда оғир аҳволда касалхонага ётқизилган.

Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича, ота-она ва фарзанд ўртасидаги жанжалга пул сабабчи бўлган:

- Ўғил икки йил давомида Россияда ишлаб, отасига пул жўнатиб турган. Иши юришмай яқинда Бухорога қайтиб келганидан кейин отасидан пул сўраса, бермаган. Отаси фоизга пул бериб юрар экан. Судхўр ота ўғлига пул бермаган. Ўғлини жаҳли чиққан ва отаси, онасини устига бакалашкада бензин сепиб ёқиб юборган, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган пешкуликлардан бири.

Бухоро вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбалари ота-онасига ўт қўйган шахс Фарҳод Эгамов экани ва унга нисбатан одам жонига қасд қилишга уриниш моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини айтишди:

- Фарҳод “Ватанга қайтиш сертификати” билан яқиндагина Россиядан уйига қайтган эди. Отасидан пул сўраган, бермаган. Тергов давомида Фарҳод Эгамов маст ҳолатда бу ишга қўл ургани, қилмишидан пушаймон эканини айтди. Ҳозир у ҳибсда ушлаб турилибди. Бахтга кўра, 72 ёшли отаси Эгамов Носир, 71 ёшли онаси Эгамова Шабон омон қолган. Ҳозир улар касалхонада, - деди Озодлик манбаси.

Ўзбекистонда маиший муаммолар негизида бундай фожеалар тез-тез рўй бериб туради.

Уч ой аввал Хоразмнинг Урганч тумани Ғойбу қишлоғида 30 ёшли аёл оилада етишмовчилик сабаб икки фарзандини пичоқлаган эди. Оқибатда 7 ёшли қизи ҳаётдан кўз юмган, 10 ёшли ўғли оғир яраланганди.

Ўтган йилнинг июль ойида Самарқанднинг Булунғур туманидаги Пастки Қўштамғали қишлоғида аёл пиёниста эрини пичоқлаб ўлдиргани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

2015 йилнинг февраль ойида эса Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи 28 яшар аёл ўз отасини болта билан чопиб ўлдирганликда гумонланиб ҳибсга олинган эди.

Тергов давомида аёл оилавий келишмовчилик боис келиб чиққан жанжал натижасида ушбу қотилликка қўл урганини айтган.

XS
SM
MD
LG