Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:45

Иш ташлаган сўхлик ҳайдовчиларнинг талаблари бажарилди


Сўхда кўмир сотаётган қирғизистонликлар.
Сўхда кўмир сотаётган қирғизистонликлар.

Ўзбекистоннинг Қирғизистон ичкарисида жойлашган Сўх экслави турғунлари Фарғона ва Риштонга бориш учун Қирғизистон ҳудудидаги йўллардан хавф-хатарсиз фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар. Сўхликларнинг айтишларича, 25-26 январь куни сўхлик ҳайдовчиларнинг иш ташлаши ортидан Қирғизистон томони ўзбекистонликларнинг босимларга учрамай эркин ҳаракатланиши учун шароит яратиб берган.

Сўх туманида қирғиз милицияси, божгирлари ва чегарачиларининг таъмагирликларидан норози бўлган 600га яқин ҳайдовчи 25 ва 26 январь кунлари иш ташлагани ҳақида Озодлик аввалги эшиттиришларида хабар берган эди. Шундан сўнг Сўх тумани ҳокими қўшни Қирғизистоннинг Қадамжой тумани ҳокими билан сўзлашувлар ўткизган ва бунинг ортидан сўхликлар таъмагир эканини иддао қилаётган ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўзбекистонликлар фойдаланадиган йўллардан олиб ташланган эди.

Айрим сўхликлар бу воқеани “Қирғизистон томонидан кўрилаётган вақтинчалик тадбир, бир неча кундан сўнг таъмагир ҳуқуқ-тартибот ходимлари йўлларда яна пайдо бўлади”, дея баҳолаган эдилар. Шунинг учун ҳам орадан бир ҳафта ўтгач, бу масалада сўхликлардан ҳол-авҳвол сўрадик.

-Ҳозирча вазият яхши. Қирғизистон томонидан ГАИлар йўқ бўлиб қолди, йўлда бизни ҳеч ким тўсмаяпти, таъмагирликлар ҳам тўхтади. Ҳозирча ҳаммаси яхши, - деди Сўх тумани давлат идораларидан бирида ишлайдиган Камолиддин Азимов.

Сўхлик Суҳроб Идрисов ҳам бу маълумотни тасдиқлади. Унинг айтишича, ҳозир сўхликлар Боткен вилояти ҳудудида, боткенликлар эса Сўх тумани ҳудуда эмин-эркин ҳаракатланиш имкониятига эга бўлди.

-Улар (қирғизистонликлар назарда тутилмоқда –муаллиф) Сўхда бемалол поликлиникага келиб даволанишаяпти, машиналарини устахоналаримизда ўнглатишаяпти, чойхоналаримизга кириб, дам олиб кетишаяпти. Қирғизистонликар Сўхга бензин ва кўмир олиб келиб сотиб кетишади. Шунинг учун уларга эркин ҳаракатланиш учун шароитлар яратиб берилган,- деди сўхлик Суҳроб Идрисов.

2013 йил январь ойида Қирғизистон чегарачилари Сўх анклави ҳудудида симёғоч ўрнатишга ҳаракат қилган пайти маҳаллий аҳоли норозилик билдирган ва ўртада чиққан жанжал ортидан қирғиз расмийлари Сўх анклавига борувчи энг яқин Риштон шоҳ йўлини беркитиб қўйган эди.

Бу йўл тўрт йилдан буён бутунлай ёпиқлигича қолмоқда. Сўхликлар эса аввалги 20 километр ўрнига, Қирғизистон ичкарисидан 100 километр йўл босиб, Риштон ва Фарғонага боришга мажбур бўлаётир.

Сўх тумани давлат идораларидан бирининг ходими Камолиддин Азимовнинг айтишича, 3 февраль куни Сўх туман кенгаши депутатлари қўшни Қирғизистоннинг Қадамжой тумани депутатлари билан учрашган ва Сўх-Риштон шоҳ йўлини очиб бериш масаласида сўзлашувлар олиб борган.

-Сўх туман кенгаши депутати Ёқубжон ака Зарифов Қадамжойда мана шу масалани кўтарган. Бу таклифни қирғиз мулозимлари қабул қилиб, уни март ва май ойларида бўлиб ўтадиган учрашувда муҳокама қилишга келишиб олишган. Бу Ўзбекистон томонидан қилинган таклиф бўлди. Бироқ Риштон шоҳ йўлининг очилиши кўпроқ “юқорининг буйруғига” боғлиқ. Бу масалани фақат юқори ташкилотлар ҳал этиб бера олади, - деди Камолиддин Азимов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Қирғизистоннинг Қадамжой туманида учрашув ўтказган Сўх туман кенгаши депутатлари қирғиз маҳаллий расмийларига Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида, қадамжойлик фаоллар ҳамда оқсоқоллардан иборат гуруҳни Самарқанд ва Бухорога саёҳат қилишга таклиф этган. Қирғизистон маҳаллий расмийлари бу таклифни мамнуният билан қабул қилган.

XS
SM
MD
LG