Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:11

Харидорлар пули тўланган машиналарини салондан ололмаяпти


Ўзбекистондаги аксар автосалонларда машиналар харидорларга шартномада белгиланган муддатда берилмаяпти. Автомобилга белгиланган сумманинг 85 фоизини олти ой олдин тўлаб қўйган харидорлар машиналарни олиш учун яна ойлаб кутишаётганини айтишади.

Шу кунларда Ўзбекистоннинг қайси автосалонига борманг, машина йўқ. Сурхондарёлик автомобиль харидорларидан бири машинани пулини тўлаб қўйганлар ҳам уни ололмай сарсон бўлаётганини айтади:

- Термиздаги автосалонга ўтган йилнинг март ойида тўлов қилган эдик. Шу йилнинг январида машина қўлга тегиши керак эди. Ҳалигача ололмаяпмиз, кечикиш сабабини айтишмайди, - деди исми сир қолишини истаган сурхондарёлик харидор.

GM Uzbekistan ширкатининг Термиздаги асосий дилерларидан бири ҳисобланган “Автотеххизмат” мулозимлари кечикиш Асакадаги GM Uzbekistan автомобиль заводида ишлаб чиқариш вақтинча тўхтагани билан боғлиқлигини айтишди:

- Бир ярим ойдан буён заводда машина чиқмаяпти. Ишлаб чиқариш бошланса биз ҳам машиналарни беришни бошлаймиз, - деди “Автотеххизмат” ширкатининг Озодлик боғланган мулозими.

GM Uzbekistan ширкатидагилар ҳақиқатан ҳам заводда машина ишлаб чиқариш бир ярим ойдан буён тўхтаб қолганини тасдиқлашди:

- Профилактика сабаб ишлаб чиқариш тўхтаган эди. Бугундан қайта йўлга қўйиляпти. Яқин кунлар ичида автомобилларни салонларга жўнатиш бошланади. Тўловни ноябрь ойида амалга оширганлар келаси ойдан олишади, - деди GM Uzbekistan ширкатининг мулозими.

Ўзбекистонлик ҳаридорлар машиналарни олиш учун автомобилга белгиланган сумманинг 85 фоизини АҚШ долларида олдиндан тўлайди.

Машина тайёр бўлганидан кейин қолган 15 фоизини беради.

Шартнома имзолангандан кейин машина энг кам олти ой муддатнинг ичида харидорга берилиши керак.

"Атайлаб чўзишяпти"

Айни пайтда GM Uzbekistan мижозлари орасида машиналарни харидорларга бериш атайлаб чўзиляпти, деган гап-сўзлар тарқалган.

- Машиналарнинг нархи ошишини кутиб туришади. Нарх ошган муддатгача харидорнинг қўлига бермай туришади. Сабаби нарх ошгандан кейин харидор орадаги фарқни ҳам тўлаб машинасини олади-да, - дейди Ўзбекистон машина бозоридаги аҳвол билан яхши таниш иқтисодчи Тоҳир Собиров.

Ўзбекистон автомобилларининг нархи эса йил бошидан қарийб ўттиз фоизга қимматлагани маълум.

Демак, олти ой аввал машинани эски нархдаги қийматининг 85 фоизини тўлаб қўйганлар энди тўловнинг қолган 15 фоизи билан бирга қимматлагандан кейинги 30 фоизлик устамасини ҳам тўлаши керак бўлади.

Машина бозорини кимлар назорат қилади?

Ўзбекистонда машина харид қилиш учун харидор аввало салон билан шартнома тузади. Бунга эса узоқ навбатга туриш орқали эришилади.

Навбати келган харидор шартномани имзолаб, машина нархининг 85 фоизини олдидан тўлаганидан кейин ҳам, камида олти ой, баъзида бир йилдан кўпроқ кутишига тўғри келади.

Ўзбекистонликлар машина сотиб олишда қийинчиликларга дуч келаётгани сабабини таҳлил қилган Uzmetronom.com нашрига кўра, Ўзбекистонда маҳаллий автомобиллар савдосининг схемаси мавжуд ва бу махсус гуруҳларнинг кескин назорати остидадир.

Маълумки, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ва нархи АҚШ долларида белгиланадиган машиналарни сотиб олиш учун харидор аввало Ўзбекистондаги “Капиталбанк” ёки "Асака банк"да валюта ҳисобини очиши ва машина нархининг 85 фоизини нақд долларда шу ҳисобга қўйиши талаб қилинади.

Uzmetronom.com нашрига кўра, валюта айирбошлаш операцияларидан келадиган долларлар мунтазам равишда "қора бозор"га чиқарилиб, икки баравар қимматга сотилади.

Ўтган ҳафта Озодлик "Асака банк" банкининг бошқарув раиси Қаҳрамон Орипов ана шундай ғайриқонуний валюта операцияларига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олингани ҳақда хабар берган эди.

Монополист ширкат

ЎзДЭУавто ёпиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти базасида 2008 йилда ташкил этилган GM Uzbekistan қўшма корхонаси йилига 250 минг автомобил ишлаб чиқаради.

Ҳозирги кунда корхона енгил машиналарнинг саккиз турини ишлаб чиқаради.

Ҳозир заводда Chevrolet Captiva, Epica, Spark ва Malibu машиналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Ўзбекистонда четда ишлаб чиқариладиган бошқа русумдаги машиналарни олиб киритилиши учун йирик миқдорда бож тўловлари жорий этилган.

GM Uzbekistan монополияси мамлакатдаги маҳаллий ҳаридорларга четдан бошқача машина олиш танловини қолдирмаган.

XS
SM
MD
LG