Линклар

Шошилинч хабар
06 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:48

Қрим прокурори татарлар мажлисини ёпмоқчи


Россия эгаллаб олган Қримнинг прокурори Наталья Поклонская ҳудуднинг олий судига Қрим татарларининг ўз-ўзини бошқариш идораси – Мажлиснинг фаолиятини тўхтатишни сўраб арзланди. Россия Қримни Украинадан аннексия қилиб олганини тан олмай келаётган Мажлис Қрим татарларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда муҳим роль ўйнаб келади.

Рус хабар агентликларининг хабар беришича, Наталья Поклонская Мажлисни “экстремистик ташкилот” деб тан олишга чорловчи ҳужжатни 15 февраль куни имзолаган.

Хабарларда Поклонская ўша куни ҳужжат нусхасини Мажлис етакчиларидан бири Наримон Жалолга бергани айтилади.

2014 йил бошида Россия Қримни аннексия қилаётган пайтда ва ундан кейин кўп сонли татарлар яриморолни тарк этди.

Қримни тарк этмаганлари эса Россия расмийлари уларни таҳқирлаётгани ҳақида арзланиб келади. Айрим татарлар ҳатто дом-дараксиз йўқолган.

Европа парламенти ой бошида Россиянинг қрим татарларига бўлган муносабатини қораловчи резолюцияни қабул қилди.

Қрим татарларидан бири бу ҳақда сўзлар экан, “Россия бостириб кирганидан бери таҳқирланиб келаман”, деди.

Поклонскаянинг бу ташаббусидан тўрт кун аввал Қримни бошқарувчи Россия расмийлари бир неча татарни Марказий Осиё ҳамда Россияда ман этилган “Ҳизб ут-Таҳрир” исломий сиёсий ташкилотига алоқадорликда гумонлаб, қўлга олган эди.

Қримлик фаоллар бу айбловлар сиёсий эканлигини айтиб, уларни рад этишди.

Мажлисга 1991 йил асос солинган бўлиб, уни 1999 йил Украина ҳукумати қонунлаштирган. Мажлис Киев ҳамда халқаро ташкилотлар эътиборини Қрим татарлари билан боғлиқ масалаларга қаратиб ном чиқарган.

Мажлисга узоқ йиллар давомида совет давридаги диссидент, Қрим татарлари лидери Мустафо Жамилев етакчилик қилган.

2013 йилнинг ноябридан бери Мажлисга Рефат Чубаров бошчилик қилиб келади.

Қирмнинг россияпараст етакчилари Жамилев ҳамда Чубаровга беш йил давомида яриморолга келишни ман қилди.

Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ҳамда инсон ҳуқуқлари офиси ҳамда миллий озчиликлар бўйича олий комиссари сентябрь ойида Россия аннексиясидан бери асосий эркинликлар “кескин ёмонлашгани” ҳақидаги ҳисоботини эълон қилди.

Ҳисоботда Қримнинг кўпчилик аҳолиси, айниқса, украинапараст фаоллар, журналистлар ҳамда Қрим тататарлари жабр кўраётгани айтилди.

Қрим татарлари бедарак йўқолган, айрим ҳолларда кейинроқ ўлик ҳолда топилган ҳоллар кузатилди. Бундан ташқари, аннексиядан кейин бир неча шахс экстремизмда айбланиб, қўлга олинди.

Қрим татарлари яриморолда азалдан яшаб кеалди. Аммо 1944 йил совет диктатори Иосиф Сталин уларни Марказий Осиёга сургун қилган. 1980 йиллар охирида Қрим татарлари ўз ватанларига қайта бошлади. Ҳозирги кунда уларнинг умумий сони яриморолнинг 2,5 миллион аҳолисининг 12,5 фоизини ташкил этади.

(Нодир Отаев таржимаси)

XS
SM
MD
LG