Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:24

Мақбуллаштириш: Ер эгаси ўзгармади¸ фермер сони кўпайтирилди


Фермер ер майдонларини мақбуллаштириш қароридан сўнг олиб қўйилган ерлар ҳисобидан ташкил этилган янги фермер хўжаликлари фермернинг ўз ёки қариндошларига бошқа ном билан қайтариб берилмоқда. Бу тадбир ихтиёрий-мажбурий тарзда ўтказилмоқда.

Икки ўн беш – бир ўттиз

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 10 февралда қабул қилган қарорга биноан фермерларга ер майдонларини бундан буён туман ҳокими эмас, балки фермерларнинг ҳудудий кенгашлари ва ер участкалари бериш масалалари бўйича комиссиялар хулосасига асосан Халқ депутатлари туман кенгаши қабул қилади.

Бу ҳақдаги хабарларда айтилишича, фермернинг ер сўраб ёзган аризаси фермерлар ҳудудий кенгашига топширилади, кенгаш аризани икки кун ичида кўриб чиқади ва хулосасини аризага қўшиб, ер участкалари бериш масалалари бўйича комиссияга топширади.

Комиссия ўз қарорини Халқ депутатлари туман кенгашига юборади. Масала бўйича қарорни Кенгаш ўз сессиясида қабул қилади ва уни ҳокимга юборади.

Вазирлар Маҳкамасининг бу қарори айни кунларда туманларда фермер хўжаликларининг ерлари қайта тақсимланаётган бир шароитда қабул қилинди.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Ғолиббек Холназаров бу қарор гўёки ҳокимларнинг ер тақсимлаш яккаҳокимлигига чек қўйгандай тасаввур пайдо қилишини айтар экан, охир оқибат қарор қабул қилиш барибир ҳоким ихтиёрида қолганини айтади:

- Фермерлар кенгашининг асл хўжайини ўша туманнинг ҳокими, халқ депутатлари кенгашининг раиси ҳам ўша туман ҳокими. Энди принципда у ерни ҳоким сифатида эмасу, халқ депутатлари кенгашининг раиси сифатида беради. Шакл ўзгардию, моҳият ўзгармади. Ҳоким энди бу кабинетдан нариги кабинетга ўтадида, кенгаш раиси сифатида ерни беради. Ўзбекча айтганда, икки ўн беш бир ўттиз бўлди, дейди Ғолиббек Холназаров.

Айни пайтда ҳукуматнинг мақбуллаштириш қарори асосида ерлари олиб қўйилган фермерлар билан икки хил ҳолат содир бўлмоқда.

“Эшак ўшаю тўқими бошқа”

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссияси раиси¸ Бош вазир Шавкат Мирзиëевнинг фермер хўжаликлари ер участкаларини мақбуллаштириш ҳақидаги қароридан сўнг аксарият туманлардаги фермерлардан ерини давлат заҳирасига топшириш ҳақида ариза ёздириб олинган эди.

Комиссия қарорига кўра, фермер хўжаликлари ерларининг вилоятига қараб, 70-90 гектардан ортиқ бўлмаслиги шарт қилиб қўйилган.

Бу қарор ижроси ортидан айрим вилоятларда маҳаллий ҳокимлар барча фермерлардан ерларни давлат заҳирасига топширишни талаб қилган ва фермер хўжаликларидан ерни топшириш тўғрисида ариза ёздириб олинган эди.

Кўп ўтмай Шавкат Мирзиёев селектор йиғилишида ҳокимларга “мен сенларга ҳаммани эмас, уч йил режани бажаролмаган фермерларнинг ерларини ол дегандим” деганидан сўнг қарзи йўқ фермерлар ери тинч қўйилган эди.

Айни кунларда¸ ерлари олинган фермер хўжаликлари майдонларини қайта тақсимлаш тадбири давом этмоқда.

Исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, ариза билан топширилган ерлар қайтадан ўз эгаларига, лекин бошқа ном билан расмийлаштириб мажбуран топширилмоқда:

- Яхши ерлари бор фермерлар йўқотган ерларини “гаплашиб”, бошқа ном билан расмийлаштириб бўлсада ўзида олиб қолаяпти. Ерлари яхши эмас, ердан безор бўлган фермерлар топшириб юборганига хурсанд бўлган эди. Лекин бу ерларни энди ҳеч ким олмаяпти. Чунки, турган битгани зарар, шўр ерлар. Шунинг учун, бу фермерлар ҳокимиятга қайта чақиртирилиб, ерларини бошқа кишининг номига расмийлаштириб, фермер хўжалигига бошқа ном қўйиб фаолиятини давом эттириш талаб қилинмоқда. Агар қайтариб олмасанг, тракторингни, чорвангни тортиб оламиз¸ деб қўрқитишяпти. Натижада, ҳамма яна қайтариб олАяпти. Эшак ўшаю, тўқим бошқа”, деди фермер.

“Қўйнидан тўкилса қўнжига”

Озодлик суҳбатлашган фермерларнинг айтишларича, айни пайтда¸ яхши ерининг бир қисмидан айрилган катта ва ҳокимиятга яқин фермерлар, ўша ерларини хотин, қизи ёки келинининг номига расмийлаштириб олмоқда:

“Бизда бундай бўлаяпти. Масалан, менинг 120 гектар ерим бор эди. Беш йилда у ерни ер қилгунча ўлиб кетдим. Энди 70 гектардан ортиқ бўлмасин деб, 50 гектарини кесиб олишди. Ҳокимни олдига бориб келишдим. Фамилияси тамоман бошқа одам бўлса, майли ўшани номига расмийлаштиринг, деди. Келинимни номига янги фермер хўжалиги очдим. Бир мен эмас, ҳамма шунақа қилаяпти”, дейди жиззахлик фермерлардан бири.

2015 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 83 минг 514 фермер хўжалиги мавжуд бўлгани ва уларнинг ҳар бирига берилган ерлар ўлчами ўртача 43,9 гектарни ташкил қилган.

Вазирлар Маҳкамаси 2015 йил 15 декабрда қабул қилган қарор билан фермер хўжаликлари ер майдонларини “мақбуллаштириш” жараёни ўтказилди фермерлар ихтиёридаги ерлар қайта тақсимланиб, 101 минг 70та фермер хўжалиги ташкил этилди, ер майдонининг ўртача ўлчами 36,1 гектарни ташкил қилди.

XS
SM
MD
LG