Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:08

Ўзбекистондаги қамоқхонадан яна бир маҳбуснинг ўлиги чиққан


Ўзбекистон қамоқхонасидан исломий экстремизмда айбланиб 17 йилга қамалган андижонлик 32 ёшли маҳбуснинг жасади чиққан. Икромжон Низомовнинг майити 24 ноябрь куни Тошкентдаги 64/18-сонли қамоқ касалхонасидан Андижоннинг Қорасув шаҳридаги уйига келтирилган ва шу куни тупроққа қўйилгани ҳақда Озодлик шанба куни хабар топди.

Икромжонни ўлигини олиб келган қамоқхона нозирлари маҳкум сил касаллигидан вафот этганини айтишган.

2006 йилда “Ҳизб ут таҳрир” диний оқимига аъзоликда айбланиб, қамалган Икромжон Низомов Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги 64/48 сонли қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган бўлган.

Сил касалига чалингани айтилаётган маҳбуснинг аҳволи оғирлашгач, у Тошкентдаги Сангород дея аталувчи 64/18-сонли қамоқ касалхонасига олиб келинган ва ўша ерда ҳаётдан кўз юмган.

Маҳкумнинг оила-аъзолари унинг ўлими ҳақида Озодликка гапиришни исташмади.

Бу сўнгги уч ой ичида Озодлик ўрганган ўзбек қамоқхонасидаги тўртинчи ўлим ҳолатидир.

11 февраль куни Навоий вилояти Зарафшон шаҳридаги 64/48 сонли қамоқхонадан 44 яшар Достон Абдураҳмоновнинг ўлиги чиққани ҳақда Озодлик хабар берди.

Диний айбловлар билан қамалган Абдураҳмоновнинг қийноқлардан вафот этгани айтилган.

Шу ой бошида эса Навоийдаги 64/46 сонли қамоқхонадан диний экстремистик гуруҳга аъзоликда айбдор деб топилиб, 9 йилга қамалган 42 ёшли Маҳмуджон Ҳасановнинг ҳам жасади чиққан эди.

Ўтган ҳафта эса Озодлик ўғирликда айбланиб 16 йилга қамалган жиззахлик 29 ёшли Шаҳоб Маҳкамовнинг майити Навоийдаги 64/46 сонли қамоқхонадан Жиззах шаҳрининг Кўтарма маҳалласидаги уйига келтирилгани ҳақда хабар берган эди.

Суръат Икромовнинг айтишича, сўнгги пайтда Ўзбекистондаги қамоқхоналардан маҳкумларнинг ўлиги чиқиш ҳолатлари кўпайган:

- Қамоқхоналардан жасадлар чиқиши кўпайса кўпаяяптию, лекин камаймаяпти. Сўнгги пайтда, ИШИД баҳонасида диний айбловлар билан қамалганларга нисбатан қийноқлар кўпайди, дейди Суръат Икромов.

Халқаро ташкилотлар ҳам Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳкумлар мунтазам қийноққа солиниши ҳақида бонг уриб келади. Лекин, Ўзбекистон ҳукумати қийноқ иддаоларини рад этиб келади.

XS
SM
MD
LG