Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:43

Янги йўл қоидалари ҳайдовчиларни юз минг сўмдан чиқимдор қилмоқда


Ўзбекистонда 1 мартдан янги йўл ҳаракати қоидалари амалга киритилди.
Ўзбекистонда 1 мартдан янги йўл ҳаракати қоидалари амалга киритилди.

Ўзбекистонда ҳайдовчилар 1 мартдан амал қила бошлаган янги йўл ҳаракати қоидалари талабларига автомашиналарини мослаштириш учун ўрта ҳисобда юз минг сўмдан ҳаражат қилишга мажбур бўлмоқда. Озодлик билан суҳбатлашган ҳайдовчиларнинг айтишларича, бунинг ортидан автомобил жиҳозлари ва фосфор югуртирилган жилет сотувчиларнинг бозори чаққон бўлиб қолган.

"Суғуртадан ҳайдовчиларга шу кунгача сезиларли наф бўлгани йўқ"

Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб янги йўл ҳаракати қоидалари амалга киритилди. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, янги қоидаларда фуқаролик мажбуриятини суғурта қилдирмаган ҳайдовчиларга автомобил бошқариш тақиқланади. Ҳар бир ҳайдовчи мажбурий суғуртадан ўтиши шарт бўлади. Ўзбекистонда фуқаролик мажбуриятини суғурта қилиш 2008 йилда жорий этилган эди. Янги йўл қоидасида бу масала янада мустаҳкамланган.

Тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташанов ўн йиллик ҳайдовчилик стажига эга. У шу кунгача Ўзбекистонда фуқаролик мажбуриятини суғурта қилдирган ҳайдовчилар бундан ҳеч қандай наф кўрмаганини айтди:

-Содда қилиб айтганда, фуқаролик мажбуриятини суғурта қилдиришда ҳайдовчининг стажи ҳисобга олинади. Масалан, мен 10 йиллик стажга эга ҳайдовчи сифатида йилига 28 минг сўм суғурта пули тўлайман. Ҳайдовчилик гувоҳномасини эндигина олган одам эса фуқаролик мажбуриятини юз минг сўмга суғурта қилдиради. Ўзбекистонда умуман суғурта сиёсати жуда қолоқ ва бу соҳада бир қатор муаммолар бор. Мен шу кунгача бирорта ҳайдовчидан: “Суғурта идорасига рахмат, машинамни суғурта қилиб берди” ёки “Уйимни суғурта қилиб берди”, деган гапни эшитганим йўқ, - деди Абдурахмон Ташанов.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, суғурта ширкатлари суғурта пулларини тўлаш масаласида кўпроқ нуфузли, обрўли ёки таъсирли шахсларга ижобий ёндошади, бироқ оддий ҳайдовчилар суғурта пулларини ундира олмай сарсон бўлиб юраверадилар.

Аммо Тошкентдаги суғурта ширкатларидан бирининг исмини айтмаган расмийси бу гапларни инкор қилди. Унга кўра, фуқаролик мажбуриятини суғурта қилдирган ҳар бир ҳайдовчига, агар у бахтсиз ходисага йўлиқса, уч минг долларгача бўлган миқдорда суғурта пули тўлаб берилади.

- Фуқаролик мажбуриятини суғурта қилиш сиз томонингиздан бошқарилаётган автомобил бошқа шахснинг автомобилига етказган зиённи тўлаб бериш деганидир. Бунга асосан уч минг доллар жавобгарлик белгилаганади. Шу пулдан бошқа шахснинг автомашинасига етказилган зарарнинг 1050 долларини тўлаб берамиз, қолган 1950 доллари эса сиз машнасини туртиб юборган ҳайдовчининг соғлиғига келтирилган зарарни қоплашга кетади. Бунинг учун ГАИ заключения беради. Судда решения чиққанидан кейин, агар айбдор, деб топилсангиз, бизнинг тўловларни амалга ошириш департаментимиз 15 кун ичида ҳеч қандай тўсиқларсиз сизга суғурта пулини тўлаб беради, -деди Тошкентдаги суғурта ширкатларидан бирининг исмини айтмаган расмийси.

Янги қоида янги чиқимларга сабаб бўлди

Айни пайтда янги қоидалар амалга киритилиши муносабати билан ҳайдовчилар фосфор югуртирилган жилет, дори қути, ўт ўчириш балончаси каби бир қатор буюмларни сотиб олиш мажбуриятига ҳам эга бўлди. Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, бунинг учун у ўртача миқдорда 80 минг сўм пул сарфлаган.

- Янги сотиб олиниши керак бўлган жиҳозларни назарда тутсак, мен ўзим 80 минг сўм сарфлашимга тўғри келди. Ўт ўчирувчи балон, дори қути, “стопник” йўл белгиси ва эгнингизга қоронғида киядиган фосфорли жилет. Бунинг ҳаммаси 80-85 минг атрофида бўлади. Менинг олган нарсаларим ўртача нархларда, албатта бунинг қимматроқлари ҳам бор, -деди Абдураҳмон Ташанов.

Фарғоналик ҳайдовчи Камолиддин ака ҳам янги йўл қоидаларига автомашинасини мослаштириш учун 80 минг сўм сарфлаганини айтди. Унга кўра, ҳозирча Фарғонада йўл автомобил назорати ходимлари янги қоидаларга амал қилишни қатъий талаб қилмаяпти, ҳайдовчилар янги йўл қоидаларига мослашиб олиши учун бир оз вақт берилган.

-1 мартдан кучга кирган қоидаларга амал қилиш учун 15 мингга жилет олдим. Мажбурий суғуртага 28 минг тўладим. Жами мен 70-80 минг атрофида пул сарфладим. Бироқ ҳозирча янги йўл қоидалари қаттиқ жорий бўлгани йўқ. Ҳозирча ҳайдовчилар эски қоидаларда белгиланган тезлик ва бошқа тартибларга риоя қилиб туришибди. Аммо ГАИлар томонидан бунга ҳозирча эътироз йўқ, - деди Камоллиддин ака.

1 мартдан кучга кирган янги қоидаларда автомашиналарнинг олд қисмига теле ва видео мониторларни ўрнатиш, уларни томоша қилиш, автомашина бошқараётган пайтда ҳайдовчиларга телефон орқали гаплашиш ҳам тақиқланган. Бундан ташқари, автойўлни кесиб ўтаётган пиёдаларга ҳам мобил телефонлари орқали гаплашиш тақиқланади.

Ҳайдовчиларга машиналарга навигатор ва видеорегистраторларни ўрнатишга рухсат берилган. Янги қоидаларга кўра, мотоцикл ва мопед ҳайдовчилар кундуз куни ҳам чироқларни ёқиб юриши лозим бўлади.

XS
SM
MD
LG